Линклар

Европа Иттифоқи давлатлари иқлим исишига олиб келувчи газлар атмосферега чиқарилишини чеклаш тараддудида.

  • Ҳасанжон

Бир неча ойдан кейин Европа ҳукуматларининг минглаб хусусий саноат корхоналари ва электр станциялари атмосферага қанча миқдорда зарарли газ чиқариши мумкинлиги кўрсатилган рўйхатни эълон қилишлари кутилмоқда. Ҳар бир мамлакат учун алоҳида белгиланадиган чеклов 2005 йилдан бошлаб кучга киради.

Киото Протоколини тасдиқлаган давлатлар иқлим ўзгаришига сабаб бўладиган зарарли газ миқдорини ҳозирча фақат мамлакат миқёсида чеклашга келишдилар. Маълумки, Европа Иттифоқи атмосферага чиқараётган зарарли газларнинг ярми кўмир каби қаттиқ ёқилғидан фойдаланадиган саноат корхоналари ҳиссасига тўғри келади. Ҳозирда мазкур корхоналарга чеклов белгилаш энг мураккаб масала бўлиб турибди.

Қисқа қилиб айтганда, глобал илиқлашувнинг олдини олиш масаласи ҳозир Европа пойтахтларида мунозаралардан саноат корхоналари ва ҳукумат расмийлари ўртасидаги курашга айланди. Ҳар бир компания зарарли газларни атмосферага чиқаришда ҳукуматдан имкон қадар кўп фоиз белгиланишини талаб қилмоқда.

Киото протоколини имзолаган Европа Иттифоқига аъзо 15 давлат 31 мартгача зарарли газлар миқдорини қанчага камайтириш ҳақидаги рўйхатни тайёрлаши керак. Бундан ташқари 2004 йил 1 майдан Европа Иттифоқига қўшиладиган 10та давлат ҳам ўз рўйҳатини Европа Иттифоқига тақдим этади.

Россия Киото Протоколини тасдиқлаш-тасдиқламаслигидан қатъий назар, Европа Иттифоқи расмийлари жараён белгиланган режа бўйича давом этишини билдирдилар.

Шу ой бошида иқлим ўзгаришига бағишлаб Москвада уюштирилган халқаро анжуманда Россия Президенти Владимир Путин Киото протоколини ратификация қилиш масаласи Кремл расмийлари томонидан муҳокама этилаётгани ва бу муаммо мамлакат манфаатлари ҳисобга олинган ҳолда ҳал этилишини баён қилган эди:

“Россия Киото протоколини имкон қадар қисқа фурсатда ратификация қилишга даъват этилмоқда. Мен, Россия ҳукумати мазкур масала ва у билан боғлиқ қатор муаммоларни синчковлик билан ўрганиб чиқаётганини алоҳида таъкидламоқчиман. Бу иш якунланганидан сўнг, Россия Федерациясининг миллий манфаатлари назарга олинган ҳолда, қарор қабул қилинади”, - дея Киото Протоколига Кремл муносабатини билдирган эди Президент Владимир Путин.

1997 йилда Япониянинг Киото шаҳрида имзоланган шартнома кучга кириши учун, зарарли газларнинг камида 55 фоизини атмосферага чиқараётган давлатлар уни ратификация қилиши лозим. Агар Россия Киото Протоколини ратификация қилса, протокол қонуний кучга киради. Чунки ҳозирда Россия зарарли газларнинг 16 фоизини атмосферага чиқармоқда.

Иқлим исишига сабаб бўлаётган газларнинг 35 фоизини атмосферага чиқараётган АҚШ Европа давлатларида бораётган жараённи диққат билан кузатмоқда. Буш маъмурияти зарарли газлар ҳажмини камайтириш дунёдаги энг йирик иқтисодиётга зарар етказиши мумкинлигини айтиб, Киото Протоколини ратификация қилишдан бош тортмоқда. Шунга қарамай, Европада Американинг кўплаб саноат компаниялари бўлгани сабабли, Европа Иттифоқи жорий этадиган чекловлар АҚШ иқтисодиётига бевосита таъсир этмай қолмайди.
XS
SM
MD
LG