Линклар

Рим Папасининг соғлиғи борган сари ëмонлашмоқда.


Акрам Файзулло Пайшанба куни Иоан Павел II Рим Католик черковига раҳбарлик қилаëтганига 25 йил тўлади. Полшалик Карол Войтила ҳозир 83 ëшда ва унинг соғлиғи борган сари ëмонлашмоқда. Рим Папаси бир неча йилдан бери Паркинсон қалтироғи касаллигига чалинган.

Дин масалалари бўйича мутахассислар Католик черкови етакчиси Иоан Павел II 25 йиллик диний фаолиятини турлича баҳолашмоқда.

Германиядаги Бамберг университети теологи Мариан Хеимбах-Штеинес Рим Папаси фаолияти кўп қиррали эканини айтади:

“Узоқ йиллардан бери Рим Папаси кўплаб масалалар билан шахсан ўзи шуғулланди ва у Католик черковининг дунëда муҳим ўрин тутишини таъминлашга ҳаракат қилиб келди. Айни пайтда, Рим Папаси черков учун маълум қийинчиликларни ҳам яратди. Аммо менимча, унинг тинчлик ташаббуслари, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва турли динлар ўртасида, хусусан яҳудийлар билан ярашув йўлида олиб борган фаолиятини эътиборга олсак, Рим Папасининг Католик черкови учун кўп ишлар қилганини кўрамиз”, - дейди Хеимбах-Штеинес.

Мутахассис Иоан Павел II Европа учун қилган хизматларини ҳам эслатиб ўтди. Дарҳақиқат, Полшалик Карол Войтила “Солидарност” ҳаракатини қўллаб-қувватлаш орқали Марказий ва Шарқий Европада коммунистик тизимга барҳам беришда катта ҳисса қўшгани халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилган.

Англиянинг Бирмингэм Университетида дин масалалари бўйича мутахассис Дэвид Томас Рим Папаси эришган буюк мувоффақиятлардан бири сифатида динлар-аро алоқалар яхшиланганини айтади:

“У динлараро алоқалар борасида буюк Рим Папаларидан бирига айлангани шубҳасиздир. Иоан Павел II аҳолиси турли динларга эътиқод қилувчи мамлакатларга сафар қилди, яҳудийларнинг Қуддусдаги муқаддас йиғи деворини зиëрат қилди. У шунингдек Дамашқдаги Уммайëд жомиймасжидига кирган биринчи папа бўлди. Булар инобатга олинса, Рим Папасининг динлараро алоқаларни яхшилаш йўлида ижобий ишлар қилганини кўрамиз”, - дейди Дэвид Томас.

Аммо ҳамма Рим Папаси ҳақида ижобий фикрда, деб бўлмайди. Иоан Павел II танқидчиларидан бири дин масалалари бўйича мутахассис германиялик Ханс Кунг гапиради:

“Мен учун, энг буюк папа бу Ронкали Йоханес XXIII. У Иккинчи Ватикан Кенгаши билан черков тарихида умиднинг янги бир даврини яратди. Иоан Павел II - Карол Войтила эса мен учун асрнинг энг зиддиятли папасидир. У ўзининг зиддиятли ҳаракатлари орқали яхши ишлар қилди. Аммо у Ватикан Кенгаши каби черковни бўхронга йўлиқтирди”, - дейди Ханс Кунг.

Унинг фикрича, жинсий масалалар, контрацепция воситалари, шахсларнинг никоҳсиз бирга яшаши ва аëллар мақоми билан боғлиқ қатор муаммолар ҳал этилмас экан, Рим Католик черкови ëшлар орасидаги обрўсини қозана олмайди.

Маълумки, бу масалаларга Рим Папаси салбий муносабатда бўлиб келмоқда. Кейинги ойларда соғлиғи ëмонлашган Рим Папаси гапиришда қийналмоқда. Аммо Рим Католик черкови ходимлари Иоан Павел II истеъфо бермаслигини ва умрининг охиригача вазифасини давом эттиришини айтишмоқда.
XS
SM
MD
LG