Линклар

Самарқанд қишга тайёр эмас


Ситора Самарқанд шаҳрида ўттиз саккизта қозонхона бўлиб, бугунги кунда уларнинг бор-йўғи олтитаси ишламоқда. Қолганлари эса қиш эшик қоқаётган бўлса-да, ҳамон таъмирда.

Бунинг натижасида кўп қаватли уйларнинг иссиқлик ва иссиқ сув таъминотида жиддий узилишлар рўй бериб, аҳоли азият чекмоқда.

Шаҳардаги Темирйўл туманида истиқомат қилувчи Хайринисо Қурбонованинг айтишича, кўп қаватли уйлар иситилмаётгани фақат бу йил кузатилаётгани йўқ. Уйлар ўн-ўн беш йилдан буён иситилмайди. Мана беш-олти ойдирки, иссиқ сув ҳам узиб қўйилган. Аҳоли эса берилмаётган иссиқлик ва иссиқ сув учун доимо ҳақ тўлаб келади. Бироқ мавжуд муаммолар юзасидан уй-жой мулкдорларига қилинган шикоятлар ҳеч қандай натижа бермаётир.

Унинг сўзларига қараганда, ҳокимлик вакиллари бу йил газ таъминотида ҳам узилишлар бўлиши тўғрисида аҳолини огоҳлантирган.

Вилоят «Иссиқлик манбаи» ишлаб чиқариш бирлашмаси раҳбари ўринбосари Салим Жалолов иссиқлик таъминотидаги узилишларга кўп жиҳатдан аҳолининг ўзи айбдор эканини таъкидлади. Унинг айтишича, иситиш ва иссиқ сув учун аҳолининг бирлашмадан қарзи 700 миллион сўмни ташкил этади. Бундан ташқари, ташкилотлар ҳам 200 миллион сўмга яқин қарз.

«Бу маблағ бирлашма ҳисобида бўлганида бугунги кунда барча қозонхоналар, иссиқлик тармоқлари таъмирдан чиқарилиб, қиш мавсумига юз фоиз тайёр бўлар эди», деди С.Жалолов.
XS
SM
MD
LG