Линклар

Ўзбекистоннинг олтин-валюта захираси қанча?


Ориф Ҳошимов 15 октябрдан бошлаб Ўзбекистонда жорий халқаро операциялар бўйича сўмнинг эркин алмаштирилиши расман йўлга қўйилди. Бу воқеа мамлакатда миллий валюта муомалага киритилгандан салкам 10 йил ўтиб рўй берди.

Мамлакат расмийлари конвертацияни жорий этишда четдан қарз олинмагани, олтин-валюта захиралари сўмни эркин айирбошлаш учун зарур миқдорда эканини таъкидламоқда. Бироқ, бу захиралар миқдори ҳақида яқин бир йилдан буён расмий маълумот тарқатилмаётир. Ҳолбуки, ҳатто қўшни давлатларда ҳам олтин-валюта захиралари тўғрисидаги ахборот ҳар ҳафтада эълон қилиб турилади.

«Озодлик» мухбирининг бу борадаги маълумотни олиш учун Ўзбекистон Марказий банкига қилган мурожаати жавобсиз қолди.

Маълумки, конвертацияни жорий этишга тайёргарлик босқичида Ўзбекистонда жуда қаттиқ пул-кредит сиёсати юритилди. Мамлакат расмийлари айни шундай чора-тадбирларсиз сўмнинг эркин айрбошланишини таъминлаш мумкин эмаслигини таъкидламоқда.

Расмийларнинг бу фикрини иқтисодчи Иброҳим Тоймамадов ҳам қўллаб-қувватлади. Унинг айтишича, қаттиқ пул-кредит сиёсати ҳозирги шароитда конвертацияни йўлга қўйиш учун ҳам мажбурий, ҳам зарурий шартдир.

И.Тоймамадовнинг тахминича, мамлакатда валюта захираси чеклангани сабабли айни пайтда Марказий банк сўм курсини маълум чегарада ушлаб туриш сиёсатини қўллайди.

И.Тоймамадовдан фарқли ўлароқ, иқтисодчи Бахтиёр Эргашев ҳозирги иқтисодий широитда сўмнинг «эркин сузувчи» курсини белгилашни мақбул ҳисоблайди. Унинг фикрича, сўмнинг қадрини кўтариш учун мамлакатда ишлаб чиқаришнинг ривожланиши учун кенг йўл очиб бериш зарур. Бундан ташқари, бозорлардаги пул массасининг банкларга қайтишига эришиш лозим. Бунинг учун эса айни пайтда юритилаётган қаттиқ пул-кредит сиёсати қўл келади.

Мустақил кузатувчилар сўмнинг жорий конвертацияси йўлга қўйилгани иқтисодий ислоҳотларнинг амалда бошланганидан дарак беради, деган хулосага келмоқда. Уларнинг фикрича, энди мамлакатда қулай инвестиция муҳити, хусусийлаштириш жараёнларидаги тузилмавий ўзгаришлар ҳамда давлатнинг иқтисодиётга аралашувини камайтиришни таъминловчи маъмурий ислоҳотлар учун янги имкониятлар очилади.
XS
SM
MD
LG