Линклар

logo-print

Фаластин минтақасида америкалик дипломатларга қарши ҳужум уюштирилди.


Акрам Файзулло

АҚШ Давлат Котиби Колин Пауэлл Фаластин ҳудудларида зўравонлик ҳаракатлари ва террорчилик ҳужумлари тўхтатилмас экан, мустақил Фаластин давлати ҳам бўлмаслигидан огоҳлантирди. Унинг ушбу огоҳлантиришига, чоршанба куни Ғазо минтақасида америкалик дипломатлар колоннасига қарши уюштирилган ҳужум сабаб бўлди. Мазкур ҳужум оқибатида дипломатларни қўриқлаган уч америкалик ҳалок бўлди ва яна бир америкалик қўриқчи яраланди. Пауэлл ҳужумдан кейин Исроил Ташқи Ишлар Вазири Силван Шалом ва Фаластин Бош Вазири Аҳмад Қуреи билан гаплашганини айтди. Пауэлл баëноти унинг матбуот вакили Ричард Баучер томонидан эълон қилинди:

“Мен уларга имкониятдаги энг қаттиқ усуллар билан терроризмни тўхтатиш учун дарҳол чора-тадбирлар кўриш лозимлигини тушунтирдим. Бош Вазир Қуреига зўравонлик ҳаракатлари ва террорчилик ҳужумларига барҳам берилмас экан, Исроил-Фаластин можаросини ҳал этишга қаратилган икки мустақил давлат ғояси томон яқинлашиб бўлмаслигини очиқ айтдим”, – дейилади Пауэлл баëнотида.

Пайшанба куни Фаластин полицияси америкалик дипломатларга ҳужум қилганликда гумон этилган бир неча кишини ҳибсга олинганини ва улар жангари гуруҳ аъзолари бўлиши мумкинлигини билдирди. Ҳамас ва Фаластиннинг бошқа гуруҳлари чоршанба кунги ҳужумни уюштирмаганларини маълум қилишди.

Бош Вазир Аҳмад Қуреи ҳужум юзасидан афсусланиш билдирди:

“Биз Эрезда америкалик дипломатларга ҳужум уюштирилганидан жуда афсусдамиз. Бу ҳужумни кескин қоралаймиз. Нобуд бўлганларнинг яқинларига чуқур таъзия изҳор қиламиз ва яраланган одамларнинг тезроқ соғайиб кетишларига умид билдирамиз”, - деди Аҳмад Қуреи.

Ричард Баучернинг айтишича, ҳужум оқибатида нобуд бўлганлар ўқиш ëки ўқитувчилик қилишни хоҳлаган фаластинликларни Қўшма Штатларга юбориш ишлари билан шуғулланган дипломатлар қўриқчиларидир. “Қурбонлар фаластинликларга ëрдам беришаëтган эди. Бу одамлар, бошқа кўплаб кишиларнинг ëстиғини қуритган ва фаластинликлар орзуларини барбод қилаëтган террористлар томонидан ўлдирилди”, - дейилади Пауэлл баëнотида.

АҚШ Президенти Жорж Буш Фаластин маъмуриятини ҳужумнинг олдини олмаганликда айблади. У ҳужумни қоралаб, Фаластин раҳбарияти узоқ йиллардан бери террорчилик ҳаракатларига қарши кескин чора-тадбирлар қўлламай келаëтганини айтди. Бушга кўра, Бош Вазирга Фаластин Хавфсизлик кучларини ва ислоҳотлар ўтказиш ишларини тўлиқ назорат қилиш салоҳияти берилиши керак. АҚШ Президенти Фаластин раҳбари Ясир Арафатнинг бунга тўсқинлик қилаëтганини танқид этди.

Қўшма Штатларнинг Исроилдаги элчиси Дан Куртзер Федерал Тергов Бюроси ҳужум юзасидан текширув ўтказишини қайд этди:

“Сўнгги террорчилик ҳужумидан даҳшатга тушдик. Қўшма Штатлар маъмурияти бу мантиқсиз ва шавқатсиз ҳужумни уюштирган шахсларни жавобгарликка тортиш учун тўлиқ текширув ўтказади ва маҳаллий мутасаддилар билан ишлайди. Минтақага бораëтган Федерал Тергов Бюросининг бир гуруҳ мутахассислари ашëвий далиллар топиш ишлари билан шуғулланишади”, - дейди Дан Куртзер.

Чоршанба кунги ҳужумдан кейин АҚШ элчихонаси Ғазодаги америкаликларни минтақани тарк этишга чақирди.
XS
SM
MD
LG