Линклар

Шошилинч хабар
17 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:09

Афғонистонда умум халқ сайловларини ўтказиш муаммолари


А. Арол

2004 йилнинг июн ойига мўлжалланган Афғонистон умум халқ сайловлари эркин, адолатли ва демократик тарзда амалга ошиши мумкинми?

Афғонистон масаласи бўйича мутахассисларга кўра, мамлакатда демократик усулда сайлов ўтказиш учун дастлаб қуролсизлантириш жараëнини тўла амалга ошириш лозим. Шу билан бирга Афғонистон кўп миллатли мамлакат бўлгани учун ҳар доим миллий тинглик масаласига эътибор бериш керак бўлади.

Бироқ яқинда мамлакат Президенти Ҳомид Карзай қабул қилган фармонга кўра, дала қўмондонлари ва қуролли гуруҳларнинг сайловларда иштирок этишларига йўл қўйилмайди. Хуш, марказий ҳукумат ушбу фармонни амалга оширишга қодирми ва адала қўмондонлари деганда кимлар назарда тутилади?

Бу борада сўз юритган Афғонистон масаласи бўйича сиëсий таҳлилчи доктор Сирожиддин Расулийга кўра, Афғонистон шароитда Карзай фармонини амалга ошириш жуда қийин. Чунки, марказий ҳукуматнинг ўзи маҳаллий қўмондонлар ëхуд улар тарафдорларидан таркиб топган.

"Дарвоқе ҳозир ҳукумат ўша маҳаллий ва марказий қўмондонлар қўлида. Масалан, Мудофаа Вазири Фаҳим, Таълим-тарбия Вазири Қонуний, Мудофаа Вазирининг ўринбосари Дўстум ҳамда Афғонистондаги ҳокимларнинг бари собиқ қўмондонлардир".

Расулийга кўра, толибларга қарши кураш олиб борган ва Толибон режимини ағдаришда АҚШ етакчилигидаги кучлар билан ҳамкорлик қилган дала қўмондонлари бугун хоҳ куч воситасида бўлсин, хоҳ ишонч воситасида ўзлари мансуб бўлган минтақа аҳолиси таянчини қозонганлар.

Бўлажак сайловларда ҳам ана шу қўмондонлар ëхуд уларнинг вакиллари аксарият овозни олишлари мумкин. Чунки, бир томондан сайловчилар уларга ҳадиксираганларидан овоз берсалар, бошқа томондан ўзлари мансуб миллат ва минтақа вакили бўлгани учун овоз берадилар.

Венадаги мутахассис доктор Расулийнинг таъкидлашича, Афғонистонда узоқ йиллардан буëн давом этиб келаëтган миллий муаммо мужоҳидлар даврида ҳам, ундан олдин ва кейин ҳам ўз мавжудлигини йўқотганича йўқ. Мисол учун, паштун, тожик, ўзбек, ҳазора ва бошқа миллат ва элатларга мансуб қўмондонлар, қуролли гуруҳ ва шахслар бўлажак умум халқ сайловларига ўз миллий манфаатларидан келиб чиқиб таъсир ўтказишлари мумкин.

Яқинда Мозори Шарифда икки этник гуруҳ – этник тожик қўмондани Ато Муҳаммад тарафдорлари билан этник ўзбек генерали Абдулрашид Дўстум кучлари ўртасида сўнгги икки йил ичида мисли кўрилмаган қуролли тўқнашувлар юз берди. Шундан сўнг мамлакат Президенти Карзай келаси йилга белгиланган сайловларда қуролли гуруҳ ва шахслар мансуб сиëсий партиялар иштирок эта олмасликлари ҳақидаги қонунга қўл қўйди.

Лондондаги Халқаро Стратегик Тадқиқотлар Институти мутахассис Кристофер Лангтоннинг айтишича, Карзайнинг Афғонистондаги сиëсий истиқболи унинг мамлакат жануб ва шарқидаги этник паштун кланларини бирлаштириш қобилиятига боғлиқ.

"Асосий муаммо Карзай ҳокимиятининг кучсизлигидадир. Ҳозир у олдингига қараганда янада қалтисроқ вазиятда. Олдинда Луя Жирга турибди. Агарда Карзай мамлакатда кўпчиликни ташкил этувчи паштунлар бирлигини тиклашга муваффақ бўлмаса, Луя Жирга этник тожик гуруҳлари таъсирига ўтиши мумкин. Натижада кўпчиликдан иборат этник паштунлар четлаб қўйилиши ва бу эса сайлов жараëнларига салбий таъсир этиши мумкин", - дейди таҳлилчи Лангтон.

Этник паштунларга мансуб Карзай шу ойга белгиланган Луя Жирга, яъни Олий Кенгаш йиғилишини жорий вазият туфайли декабр ойига қолдиришга мажбур бўлди. Кузатувчиларга кўра, 2004 йилнинг июн ойига мўлжалланган умум халқ сайловлари ҳам худди шундай сабабларга кўра ўз вақтида амалга ошмаслиги мумкин.
XS
SM
MD
LG