Линклар

logo-print

Малайзиянинг Путражая шаҳрида Ислом Конференцияси Ташкилоти саммити очилди.

  • Ҳасанжон

16 октябр куни Малайзияда 57 давлат аъзо бўлган Ислом Конференцияси Ташкилотининг саммити очилди. Йиғилиш иштирокчилари АҚШ етакчилигидаги коалиция кучларини Ироқдан олиб чиқиш учун муддат белгилаш талаб этилган резолюция лойиҳасини қайтариб олишга келишдилар. Мазкур ҳужжат ўрнини АҚШ етакчилигидаги қўшинларининг Ироқдан имкон қадар тез фурсатда олиб чиқилиши кераклигига даъват этувчи резолюция лойиҳаси эгаллайдиган бўлди.

Миср Ташқи ишлар вазири Аҳмад Моҳир сиёсий баёнотнинг саммит тугашидан олдин қабул қилиниши кутилаётганини билдирди.

Малайзиянинг маъмурий пойтахти ҳисобланган Путражая ўтаётган Ислом Конференцияси Ташкилоти саммитини Малайзия Бош вазири Махатир Муҳаммад очди. У ўз чиқишида Исломий давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга чақирди: “Биз, Ислом Конференцияси Ташкилотига аъзо давлат раҳбарлари бугун бу ерга Ислом ва дунё мусулмонлари келажагини муҳокама қилиш учун йиғилдик”, - деди Махатир Муҳаммад.

Бундай даъватга қарамай, Ироқ масаласидаги бўлиниш саммитда дарҳол кўзга ташланди.

Ироқ Бошқарув Кенгашининг жорий президенти Аяд Аллави Ислом Конференцияси Ташкилоти резолюция лойиҳасини Ироқ ички ишларига аралашиш, дея баҳолади.

Кувайт Нефт Вазири Аҳмад Фаҳад ал-Сабоҳ ҳам Ироқ Бошқарув Кенгаши тарафини олди. Ал-Сабоҳ мухбирларга Ироқдаги демократик ўтиш даври билан боғлиқ масалаларни Бошқарув Кенгашининг ўзи ҳал этиши лозимлигини урғулади. У шунингдек, келишмовчилик ҳокимиятни ироқликларга топшириш механизми ва муддати хусусида эканини айтди.

Маълумки, Кувайт АҚШ етакчилигидаги коалиция кучларининг Ироққа бостириб киришини қўллаб-қувватлаган Ислом Конференцияси Ташкилотига аъзо кам сонли давлатлардан бири.

АҚШ Ироқдаги хавфсизлик вазиятини барқарорлаштириш ва мамлакатдаги қайта қуриш ишларини давом эттиришда халқаро ҳамжамиятни ҳарбий куч ва молиявий ёрдам кўрсатишига чақирмоқда.

Ислом Конференцияси Ташкилоти саммитида Россия Президенти Владимир Путин ҳам меҳмон сифатида қатнашмоқда. Россия Ислом Конференцияси Ташкилотида расмий кузатувчи мақомига эга бўлишга ҳаракат қилмоқда. Қисқа нутқида Владимир Путин россиялик 20 миллион мусулмон мамлакатнинг ажралмас қисми эканини, Ислом динини терроризм билан боғламасликка алоҳида эътибор қаратди:

“Россиялик мусулмонлар – кўпмиллатли, турли динга эътиқод қилувчи Россия халқининг мукаммал, тўлақонли ва ажралмас бир қисмидир. Россия Евроосиёнинг қудратли давлати сифатида Шарқ ва Ғарб ўртасидаги муносабатларда алоҳида рол ўйнаган. Ислом Конференцияси Ташкилоти доирасидаги ўзаро ҳаракатимизнинг адолатли ва хавфсиз дунё барпо этишда муҳим элемент бўлишига ишончим комил”, - деди Россия раҳбари.

Путин, бу гал ҳам Россиянинг Чеченистондаги урушини халқаро терроризмга қарши олиб борилаётган глобал кураш билан боғлади.

Айрим кузатувчиларга кўра, Москва расмийларининг Ислом Конференцияси Ташкилоти билан яқин муносабатлар ўрнатиш истагидан асосий мақсад – Чеченистон уруши туфайли россиялик, қолаверса дунё мусулмонларининг Россия ҳукуматига нисбатан салбий муносабатларини камайтиришдан иборат. Россия раҳбари ўз нутқида Ироқдаги вазият масаласига тўхталиб, БМТни минтақада кенгроқ фаолият олиб боришга чақирди:

“Россия, мазкур йиғилишда қатнашаётган кўпгина Исломий давлатлар сингари, халқаро ҳуқуқ системаси мустаҳкамланиши ва жаҳон миқёсидаги муаммолар ҳал этилишида БМТга марказий мувофиқлаштирувчи рол берилиши тарафдоридир”, - деди Путин.
XS
SM
MD
LG