Линклар

logo-print

Халқаро Озиқ-Овқат куни "Очликка қарши бирлашайлик" шиори остида ўтмоқда

  • Ҳурмат Бобожон

Дунёда барчага етадиган озиқ-овқат ишлаб чиқарилади. Бироқ бугунги кунда 840 миллиондан ортиқ одам очликда кун кечирмоқда ва уларнинг аксарияти ривожланаётган давлатларда яшайди.

1996 йилда бўлиб ўтган Жаҳон Озиқ-Овқат саммитида унинг иштирокчилари 2015 йилга қадар дунёда очлар сонини икки баробар қисқартиришни ўз олдиларига мақсад қилиб олган эдилар. Аммо ҳозирга келиб айни режанинг рўёбга чиқиши анча гумон.

Агар дунёда очлар сони йилига ўрта ҳисобда 2 ярим миллионга камайиб бораётгани инобатга олинса бу мақсадга 100 йил кеч, яъни 2115 йилга бориб эришиш мумкинлиги равшан кўринади. Шу боис бу йилги Халқаро Озиқ-Овқат куни "Очликка қарши бирлашайлик" шиори остида ўтмоқда. Айни тадбирга хомийлик қилаётган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-Овқат ва Қишлоқ Хўжалиги ташкилоти вакили Эва Клэйтон агар халқаро жамоатчилик муаммо атрофида бирлашиб, барча имкониятларни сафарбар этса, оч аҳоли эхтиёжларини қондириш мумкин бўлади, деб ҳисоблайди.

"Биз очликка барҳам бера оламиз. Биз, яъни ҳаммамиз куч-ғайратимиз ва имкониятларимизни бирлаштирсак, очликка чек қўйишимиз мумкин", - дейди Клэйтон.

БМТ Озиқ-Овқат ва Қишлоқ Хўжалиги Ташкилоти вакилига кўра, очлар сони кўпаяётган давлатлар муаммони бартараф этишга устувор масала деб қарашлари керак. Ташкилот Бош Директори Жак Диоф очликка қарши кураш ва муаммонинг ҳал этилишига биринчи навбатда муайян давлатлар ҳукуматлари масъул эканини таъкидлайди.

"Очликка сабаб бўлаётган омилларни бартараф этиш учун сиёсий ирода зарур. Давлатлар очликка қарши курашиш борасидаги баёнотлардан амалий ишларга ўтишлари керак. Кўпгина ривожланаётган давлатларда аҳоли қишлоқ жойларида яшайди ва қишлоқ хўжалиги эвазига трикчилигини кўрмоқда. Шундай экан қишлоқ хўжалигига кўпроқ сармоя жалб этиш керак", - дейди Жак Диоф.

Бироқ, маълум бўлишича, очлар сони айнан озиқ-овқат маҳсулотларини етиштирувчи ва ишлаб чиқарувчи минтақаларда кўпаймоқда. БМТ маълумотларига кўра, дунёдаги жами очларнинг 75 фоизи қишлоқларда яшайди. У ерда яшовчи аксар аҳоли ердан фойдаланиш имкониятидан маҳрумдир.

Қишлоқ жойларидаги қашшоқлар муаммоси билан шуғуллунувчи Халқаро Ер Уюшмаси аъзоси Брюс Мур ўз сўзининг тасдиғи сифатида Малавидаги ўзгаришларни келтиради.

"Масалан, Малавида 200 нафар қишлоқ аёли ердан фойдаланиш имконига эга бўлди. Малавида ер тўғрисидаги янги қонун аёлларга ердан фойдаланиш ҳуқуқларини берган бўлса ҳам, улар шу ҳуқуқ билан самарали фойдаланишлари учун шароит яратиб бериш керак эди. Угандада ҳам шундай холат кузатилди. Халқаро Ер Уюшмаси ҳамкори бўлган Уганда Ер Алянси қишлоқлардаги қашшоқ аҳолига уларнинг ердан фойдаланиш ҳуқуқларини ўргатмоқда".

Агар, қишлоқ аҳолиси ўз ҳуқуқларини талаб қила билса, бу улар оғирини енгил қилади. Угандадаги Ер Алянси вакили Маргарет Ругадая гапиради.

"Биз асосан аёл ва болалардан иборат фермерларнинг ердан фойдаланиш ва етиштирган маҳсулотларини ўзлари назорат қилишларини кафолатлашга ҳаракат қиляпмиз. Агар улар бирон экин етиштирсалар, унинг қанчасини рзғорга қолдириш, қанчасини эса бозорга олиб чиқиб сотишни ўзлари ҳал қила олишлари керак. Одамлар ерга эгалик қилмаётганликлари учун улар етиштирган экинларни бошқалар тортиб оляпти. Яъни аҳоли ер эгасига ҳизмат қилади, ер эгаси эса етиштирилган маҳсулотни бозорга олиб бориб сотади. Оқибатда уни етиштирганлар оч-ночор қолмоқда".

Патриархал турмуш тарзи ҳукмрон Угандада эса кўпроқ эркаклар ерга эгалик қилади, дейди Маргарет Ругадая.
XS
SM
MD
LG