Линклар

Қаердасиз, Маҳмуд Худойбердиев?

  • Садриддин Ашур

«Франс-пресс» ахборот агентлиги Тожикистон Ислом уйғониш партияси матбуот котиби Ҳикматилло Сайфуллозоданинг сўзларига таяниб, Тожикистоннинг собиқ ҳарбий қўмондонларидан бири полковник Маҳмуд Худойбердиев Ўзбекистон ҳудудида ўз аскарлари билан ҳарбий машғулотлар ўтказаётгани ҳақида хабар тарқатди.

Хабарда айтилишича, собиқ қўмондон гўёки яна Тожикистон ҳудудига бостириб киришга тайёргарлик кўраётган эмиш.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Илҳом Зокиров ушбу хабарни рад этди. Унинг айтишича, қандайдир партиянинг матбуот котиби айтган гапларга аслида жавоб қайтариш шарт эмас. Илгари ҳам М.Худойбердиевнинг Ўзбекистон ҳудудида, жумладан, Жиззах ва Чимёнда экани тўғрисида хабар тарқатилган эди. Буларнинг бари бўҳтондан бошқа нарса эмас, деди у.

Бу маълумотларни Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги расмийлари ҳам рад этди.

Маълумотнома:

Тожикистондаги фуқаролар уруши давомида Маҳмуд Худойбердиев Тожикистон Президенти Имомали Раҳмоновнинг содиқ сафдошларидан бири эди. Уруш тугагач, у йирик ҳарбий қўшилмалардан бирига қўмондонлик қилган. Президент билан келишмовчилик келиб чиққандан кейин полковник мамлакатни тарк этганди. 1998 йилда М.Худойбердиев кам сонли қуролли гуруҳи билан Тожикистоннинг Хўжанд вилоятига бостириб кирган ва бу исён ҳукумат қўшинлари томонидан бостирилган эди. Ўшанда Президент И.Раҳмонов Ўзбекистон томонини ушбу исёнда қўли борликда айблаганди.

2001 йилда Маҳмуд Худойбердиевнинг ўз қуролдошларидан бири томонидан отиб ўлдирилгани тўғрисида хабарлар тарқалганди. Бироқ бу маълумот ҳалигача расман тасдиғини топгани йўқ.

Хўш, Маҳмуд Худойбердиев ҳозир қаерда? Нега, айни шу кунларда унинг Ўзбекистонда экани тўғрисида хабарлар тарқалди?

Сиёсатшунос Малик Абдураззоқнинг айтишича, ушбу хабарнинг тарқатилиши Тожикистонда ички сиёсий муаммолар пайдо бўлаётганидан дарак беради. Хусусан, яқинда Тожикистон Ислом уйғониш партиясининг лидерларидан бири қамоққа олинган. Эътибор берилса, М.Худойбердиев ҳақидаги маълумот ҳам айни шу партия вакили томонидан тарқатилган. Партия шу йўл билан ўзига бўлаётган тазйиқларни камайтириш, Тожикистон ҳукуматининг эътиборини бошқа масалага буриб юборишга интилаётган бўлса ажаб эмас.

М.Абдураззоқнинг сўзларига қараганда, М.Худойбердиев тирик бўлганида ҳам Ўзбекистон ҳозирги вазиятда ундан фойдаланмайди. Чунки бу айни пайтда мамлакат манфаатларига мос эмас, деди сиёсатчи.
XS
SM
MD
LG