Линклар

logo-print

Ўзбекистонда қашшоқлик муаммоси борми?


Ориф Ҳошимов Ўзбекистондаги қашшоқлик муаммоси тўғрисида илк бор Европада тикланиш ва тараққиёт банкининг жорий йилда Тошкентда бўлиб ўтган йиллик йиғилишида гапирилганди.

«Ўзбек модели»нинг ўзига хослигини белгилаб берувчи хусусиятлардан бири кучли ижтимоий сиёсат юргизишдир",- деган гап катта минбарлардан кўп айтилган. Кузатувчиларнинг таъкидлашича, бугунги кунда мазкур тамойилга терс равишда аҳолининг қашшоқлашуви авж олмоқда. Уларнинг фикрича, аҳолининг энг камбағал қисмини қишлоқларда яшовчи фуқаролар ташкил этади.

Ўзбекистон ҳукумати мамлакатда қашшоқлик муаммосининг мавжудлигини инкор этиб келади. Расмийлар республикада аҳолининг кам таъминланган қисми борлигини, улар ҳам ҳукуматнинг доимий ғамхўрлиги остида яшаётганини таъкидлайди.

Ижтимоий таъминот ва меҳнат вазирининг ёрдамчиси Равшан Ибрагимов Ўзбекистон қишлоқ аҳолисининг 70 фоизи қашшоқ экани тўғрисида айрим манбалар тарқатаётган маълумотларни ҳам рад этади. Унинг айтишича, агар бу хабарлар тўғри бўлганида, Ўзбекистондаги яшаш шароитининг Афғонистондагидан фарқи бўлмаслиги керак эди.

Ўзбекистонда агар ойлик даромад оилада киши бошига энг кам иш ҳақидан (5500 сўм) ошмаса, ўша оила кам таъминланган ҳисобланади. Бундай оилаларга маҳалла қўмиталари орқали ойига 5500 сўм миқдорида моддий ёрдам кўрсатилади.

«Маҳалла» жамғармаси раиси ўринбосари Ниғмат Абдуллаевнинг маълум қилишича, мамлакат аҳолисининг бор-йўғи 5 фоизи кам таъминланган ҳисобланади.

Айрим мустақил кузатувчиларнинг фикрича, Ўзбекистонда қашшоқлик муаммоси яширилаётганининг маълум сабаблари бор. Уларнинг айтишича, мустақиллик йилларида барча соҳалардаги ислоҳотлар фақат оғизда амалга оширилиб келди. Агар ҳукумат қашшоқлик муаммосининг қисман мавжудлигини тан олса ҳам бора-бора унинг кўлами жуда кенглиги ойдинлашади. Натижада мамлакатда шунча йиллардан буён ислоҳот эмас, балки унга тескари жараён юритилгани ошкор бўлиб қолади.

Мустақил кузатувчи Комрон Алиевнинг сўзларига қараганда, қашшоқлик муаммоси мамлакатда жиноятчиликнинг кўпайишига, жамиятнинг беқарорлашуви билан боғлиқ турли салбий ҳолатларнинг урчишига олиб келади.

Европа тикланиш ва тараққиёт банки раҳбарлари Тошкентдаги йиғилиш чоғида Ўзбекистон ҳукуматига мамлакатда қашшоқликни камайтиришнинг оптимал йўли сифатида қишлоқ хўжалигида жиддий мулк ислоҳотини ўтказиш ва пахтанинг давлат томонидан сотиб олинишини бекор қилишни таклиф этган эди.

Банк экспертларининг таъкидлашларича, қишлоқ хўжалигида яратилаётган миллий даромаднинг марказлашган тақсимоти соҳада меҳнат қилаётганларга зарар келтиради.

Бироқ, кузатувчиларнинг фикрича, ҳукумат бу таклифларни қабул қилишга шошилаётгани йўқ. Улар муаммога лоқайдлик билан муносабатда бўлишда давом этмоқда.
XS
SM
MD
LG