Линклар

БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан тасдиқланган резолюция


А. Арол

Ироқ бўйича АҚШ таклиф этган резолюциянинг олти ҳафта қизғин давом этган баҳс-музокаралардан кейин пайшанба куни БМТ Хавфсизлик Кенгашида бир овоздан қабул қилиниши Вашингтон учун дипломатик муваффақият ҳисобланмоқда. Бироқ Кенгаш аъзоларидан айримлари, жумладан Франция, Россия ва Германия каби давлатлар резолюцияга овоз берганларига қарамай, Ироқни қайта қуриш ва мамлакатда барқарорлик ўрнатиш учун молиявий ëрдам ажратиш ëхуд тинчликни сақловчи кучлар юбориш мажбуриятини ўз зиммаларига олмасликларини билдирмоқдалар.

Резолюцияга кўра, АҚШ тайинлаган Ироқ Бошқарув Кенгаши келаси икки ой ичида БМТ Хавфсизлик Кенгашига Конституция лойиҳаси ва сайловлар ўтказиш ҳақидаги режаларини тақдим этиши керак.

Резолюцияда шунингдек, АҚШ бошчилигидаги кучларнинг Ироқда вақтинча қолиши ва мамлакатни бошқариб турган муваққат коалиция ҳукумати ҳокимиятни иложи борича тезроқ ироқликларнинг ўзларига топшириши кераклиги очиқ акс эттирилган.

Германиянинг БМТдаги элчиси Гунтер Плиогерга кўра, Берлин ҳукумати ҳокимиятни ироқликларга топшириш керак, дея таъкидлашда давом этади.

"Бизнингча бу резолюция Ироқ тўғрисидаги сўнгги сўз эмас. Ироқда янги ўзгаришларга, шунингдек кўпгина янги резолюцияларга ҳам юзма-юз келишимиз мумкин. Биз Ироқни қайта тиклаш жараëнига ироқликларнинг ўзи эгалик қилишларини истаймиз", - деди Германиянинг БМТдаги элчиси.

Айни масала хусусида Гемания ва Франция элчилари билан биргаликда мухбирларга баëнот берган Россиянинг БМТдаги элчиси Сергей Лавровга кўра, Москва Ироқдаги коалиция кучларига ҳисса қўшадиган мамлакатларга ҳеч қандай халақит бермоқчи эмас.

"Менимча, агарда сиз Ироққа қўшин юбормасангиз, резолюцияга овоз бермаслигингиз керак эди, дейиш хатодир. Бу жуда ҳам содда усул. Хавфсизлик Кенгаши томонидан амалга оширилган қатор тадбирларда Кенгашнинг барча аъзолари иштирок этмаганлар. Мисол учун, Россия Афғонистон ишларида иштирок этмаяпти ва Ироққа қўшин юбориш ниятида ҳам эмас. Бу дегани, биз Ироқни қайта қуришни қўллаб-қувватлашнинг бошқа кўринишларига ҳам ҳисса қўшмаймиз, дегани эмас", - деди жумладан Россиянинг БМТдаги элчиси.

Ўз навбатида АҚШ Президенти Жорж Буш Вашингтон таклиф қилган резолюция бир овоздан қабул қилингани учун Хавфсизлик Кенгашига миннатдорчилик билдириб, ушбу резолюция Ироқда тинчлик ва демократия қарор топишига ҳисса қўшишини таъкидлади.

АҚШ Давлат Котиби Колин Пауэлга кўра, мазкур резолюция келаси ҳафта Мадридда бўлиб ўтадиган донор давлатларнинг Ироққа оид анжуманига муҳим мурожаат йўллайди. Пауэл, зудлик билан Ироққа куч юбориш керак, деган фикрда бўлмаса-да, резолюциянинг АҚШ коалициясига ëрдам берадиган мамлакатлар ҳуқуқларини олдиндан белгилаши муҳимлигини қайд этади.

"Биз ўтган бир неча ҳафтадан буëн Ироқда қандай қилиб урушсиз тинчлик ўрнатиш мумкинлиги ҳамда қай шаклда Ироқ халқи вакилларидан иборат, қўшнилари билан тинч-тотув яшайдиган янги ҳукумат ташкил этиш мумкинлигини муҳокама қилиб келаëтган эдик. Менимча, ҳозир ҳаммамиз айни шу масалада килишувга эришдик", - деб баëн этди АҚШ Давлат Котиби.
XS
SM
MD
LG