Линклар

logo-print

ХАВФСИЗЛИК ХИЗМАТЛАРИ ҚЎЛЛАРИ УЗУНЛИГИ РОСТМИ?

  • Сарвар Усмон

Кейинги пайтларда баъзи постсовет республикаларининг хавфсизлик хизматлари муҳожиратда яшаётган сиёсий мухолифат вакилларига тазйиқлар ўтказаётгани, уларни таъқиб қилаётгани тўғрисидаги хабарлар тез-тез пайдо бўлиб турибди.

Шундай маълумотлардан навбатдагисида Тожикистон Республикаси хавфсизлик хизмати ҳам мухолифат билан ишлашнинг бундай "ўзига хос усули"дан фойдаланаётгани тўғрисида ҳикоя қилинади.

Хўш, бу маълумотларнинг ҳаммасига ҳам ишонса бўладими?

Бу савол билан россиялик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси, Москвадаги Экстремал Журналистика маркази раҳбари Олег Панфиловга мурожаат қилдик.

Россияда чиқадиган "Новие Известия" газетасининг 15 октябр сонида Додожон Атовуллаевнинг (тожик тилида Тожикистондан ташқарида босиладиган "Чароғи Рўз" газетаси Бош муҳаррири) "Пулми, ватанми?" деган сарлавҳали мақоласи босилди. Мақола муаллифи фикрича, Тожикистон хавфсизлик хизмати Россиядаги юртдошларини овлаяпти ва уларнинг қўрқинчидан пул қилаяпти.

Мақола давомида мана бу гап-фикрларни ўқиш мумкин:
"Москвада Тожикистоннинг Россия Ички Ишлар вазирлиги ҳомийлиги остида фаолият юритувчи яширин жанговар гуруҳи бор".

"Россиянинг тожикистонликлар кўпчилик бўлиб яшайдиган ҳар бир шаҳрида Душанбе хавфсизлик хизматининг айғоқчи ва чақимчилари бор".

"Тожикистоннинг яширин жанговар хизмати вакиллари ўз юртдошларини қўрқитиб, ҳибсга олиб Тожикистонга қайтариб юбормаслик эвазига, пулларини шиладилар".


Мақола давомида муаллиф ўз гапларига билвосита далиллар ҳам келтиради.

Хўш, жаноб Атовуллоевнинг гапларида қанчалик жон бор? Бу савол билан биз Москвадаги бир қатор инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига мурожаат қилдик.

Россия Журналистлари уюшмаси қошидаги Экстремал Журналистика маркази раҳбари Олег Панфилов бизга берган интервюсида мақолани ўқиганини, бироқ муаллиф бироз "ошириб" юборганини таъкидлади.

"Бироқ, шу билан бирга, - деб давом этди у, - МДҲ мамлакатларининг Россиядаги элчихоналарида ҳуқуқ-тартибот органларининг, шу жумладан махсус хизматлар вакиллари ишлаши ҳеч ким учун сир эмас. Чунки Россияда яшириниб юрган фуқаролар билан боғлиқ муаммолар тез-тез пайдо бўлиб туради", - дейди Олег Панфилов.

У бевосита Додожон Атовуллоевнинг мақоласида келтирилган фикрларга тўхталар экан, кейинги икки-уч йил давомида Россияда Тожикистон хавфсизлик хизмати томонидан сиёсий сабабларга кўра бировнинг та-қиб қилинганини билмайман, деди. У шу кунда Москвадаги тергов изоляторларида чиндан тожикистонлик икки фуқаро ушлаб турилганлигини тасдиқлади.

"Бироқ, улар жиноят содир этганликда айбланмоқдалар. Улардан бири Тожикистоннинг собиқ Ички Ишлар вазири", - дейди жаноб Панфилов, - мен бу масалани ҳар томонлама ўрганиб кўрганман ва айтишим мумкинки, бу шахсларни ҳибсга олишда ҳеч қандай сиёсий сабаб бўлмаган".

Додожон Атовуллаевнинг фикрича, собиқ вазир Ёқуб Салимов сиёсий сабабларга кўра ҳибсга олинган.

Жаноб Атовуллаевнинг мақоласи туркман мухолифати вакилларига Москвада қилинган ҳужумларни ёдга солди. Суҳбатдошимиздан бу ҳужумлар ҳақида нима деб ўйлайсиз, деб сўрадик.

"Москвада МДҲ давлатларидан иккитасининг фуқаролари дуч келаётган муаммолар сиёсий сабаблар билан боғлиқ, деган фикрдаман. Бундай хулосага Туркманистон фуқароларига қилинган ҳужумлар ҳамда қисман Ўзбекистон фуқароларининг қўлга олиниши туфайли келганман", - дейди суҳбатдошимиз.

- Ўзбекистон ҳукумати ҳам ўз фуқароларини сиёсий сабабларга кўра Россия ҳудудида таъқиб қилаяпти, деган фикрингизни тасдиқлаш учун бирон мисол келтира олмайсизми?

- Энг аввало, Баҳром Ҳамроевнинг қўлга олинишини айтиб ўтган бўлар эдим. Тафсилотларга қараганда, унинг қўлга олиниши сиёсий фаолияти билан боғлиқ бўлган, - дейди Россия Журналистлари уюшмаси қошидаги Экстремал Журналистика маркази раҳбари Олег Панфилов.

("Бирлик" халқ ҳаракати аъзоси Баҳром Ҳамроевнинг Москвада ҳибсга олингани тўғрисида ўз вақтида Сизга хабар берган эдик)

Гапни Додожон Атовуллоевнинг "Новие Известия"да чиққан мақоласидан бошлаган эдик. Қўшимча маълумотлар олиш учун у кишига кун давомида бир неча бор қўнғироқ қилдик. Бироқ, телефон гўшагини ҳеч ким кўтармади.
XS
SM
MD
LG