Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:01

Бокуда ҳаммаёқ тинчми?


Фарангис Саид Сайловлардан кейин Бокуда авж олган зўравонликлар парламент депутатларини тезда йиғилишга ва вазиятни муҳокама қилишга мажбур қилди. Зўравонликлар оқибатида бир одамнинг нобуд бўлгани (айрим манбалар икки киши халок бўлгани ҳақида хабар берди) ва ўндан ортиқ одамнинг жароҳатлангани жиддий ташвишга сабаб бўлди.

Баъзи депутатлар фожиага олиб келган норозилик намойишлари мухолифат томонидан уюштирилганини тахмин қилиб, парламентдаги мухолифат вакили Иқбол Оғазодани лавозими ва имтиёзларидан озод қилишга қарор қилдилар.

Озарбайжон Ички Ишлар Вазири Рамил Усубов намойиш ташаббусчилари қонун олдида жавоб беражакларини баён этди. Вазирлик расмийлари 196 намойишчининг ҳибсга олинганини маълум қилдилар.

Жума куни Бокуда тинчлик ўрнатилди. Полиция ва ҳарбийлар кўчаларни назорат қилмоқда.

Вазиятнинг бундай ривожланишига 15 октябр кунги сайловлар сабаб бўлгани шубҳасиз. 16 октябр куни Марказий Сайлов Комиссияси Ҳайдар Алиевнинг ўғли Илҳом Алиев деярли 80 фоиз овоз олишга муваффақ бўлганини эълон қилганидан сўнг, бошқа номзодлар тарафдорлари норозилик изҳор этиб, кўчаларга чиқдилар. Сайловларда 12 фоиз овоз олгани айтилаётган мухолифатдаги Мусовот партияси раиси Исо Гамбар ва қолган 6 номзод сайлов натижаларини шубҳа остига олдилар. Гамбар ўзининг ғалаба қозонганига ишончи комил эканини билдириб, сайлов натижаларини бекор қилишни талаб қилди:

- Биз халқ иродаси ва овозларини ҳимоя қилмоқчимиз ва бундай қилишда давом этамиз.

Президентликка номзоди қўйилган бошқа мухолифат етакчилари ҳам сайлов натижаларини тан олмасликларини билдирдилар.

Улар Европа Иттифоқи ва АҚШга мурожаат қилиб, “Озарбайжондаги сиёсий вазиятга объектив баҳо беришни” сўрадилар.

Россия, Туркия, Қозоғистон ва Грузия расмийлари Илҳом Алиевни президентликка сайланиши билан табрикладилар.

Айни вақтда, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти Озарбайжон сайловларини халқаро талабларга жавоб бермаслиги учун танқид қилди.

АҚШ Давлат Департаменти Матбуот Котиби Адам Эрели сайловларга баҳо берар экан, улар халқаро мезонлар бўйича ўтказилмаганини таъкидлади:

- Қўшма Штатлар хулосалари Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг дастлабки баҳоси билан бир хил бўлиб, Озарбайжонда сайловлар тартиб билан ўтказилгани, аммо сайлов жараёни халқаро стандартларга тўғри келмаслигини қайд этиш лозим. АҚШ кузатувчилари, хусусан, овоз берувчилар рўйхатлари билан боғлиқ муаммолар, овоз беришга мажбурлаш ҳоллари ва бошқа ноқонуний ҳаракатларни кузатдилар.

Бундай танқидий баёнот баробарида АҚШ расмийлари сайловлардан сўнг Озарбайжонда авж олган норозилик намойишлари ва зўравонликлар хусусида хавотир билдирмоқдалар.

- Биз Озарбайжон ҳукуматига даъват қилиб, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти доирасидаги мажбуриятларга амал қилиш ва фуқаролар хавфсизлиги ҳамда улар ҳуқуқларини таъминлашга чақирамиз. Биз, шунингдек, мухолифат партияларига мурожаат қилиб, тинчликни сақлаган ҳолда, қонун доирасида ҳаракат қилишга чақирамиз. Биз барча партияларни жамоат тартибини ўрнатиш ва зўравонликларга чек қўйишга қарата керакли қадамлар қўйишга даъват этамиз, - деди АҚШ Давлат Департаменти Матбуот Котиби Адам Эрели.

Озарбайжон ҳукумати зўравонликларда мухолифатни айблаётган бўлса, инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи халқаро ташкилотлар фожиага ҳукумат сиёсати сабаб эканини таъкидламоқдалар.

Хюман Ройтс Уотчнинг 16 октябр куни чиқарилган баёнотида зўравонликларнинг олдини олиш мумкин бўлгани айтилиб, бунинг учун Озарбайжон расмийлари мухолифат учун ҳам имкон беришлари лозимлиги таъкидланади. “Аммо, - дейилади ташкилот баёнотида, - бунинг ўрнига ҳукумат ойлар давомида сиёсий норозиликни тинч йўл билан изҳор этиш имконини бермади”.
XS
SM
MD
LG