Линклар

logo-print

ПЕН ўзбекистонлик ёзувчиларни қамоқдан озод этишни талаб қилмоқда


Фарангис Саид 13-24 октябр кунларида Халқаро ПЕН ташкилотининг “Қамоқдаги ёзувчилар” деб номланган гуруҳи ўзбекистонлик ёзувчилар ҳуқуқларини ҳимоялаш ҳафтасини ўтказмоқда ўтказмоқда.

Ташкилот дастури директори, Ўзбекистонга оид масалаларни мувофиқлаштирувчиси Сара Уаятт ушбу кампания мақсадлари ҳақида Озодлик радиосига шундай маълумот беради:

- Ўзбекистонда бир неча ёзувчи қамалган бўлиб, уларнинг сўз ва фикр эркинлиги поймол қилинган. 90-йилларнинг бошида Мамадали Маҳмудов ҳибсга олинганидан буён биз Ўзбекистондаги вазиятдан хавотир билдириб келяпмиз.

Сара Уаяттнинг айтишича, ҳозирда ҳам ушбу жараён давом этмоқда ва маълум маънода вазият ёмонлашмоқда.

“Қамоқдаги ёзувчилар” гуруҳига кўра, Ўзбекистонда ҳукуматни танқид қилишга журъат этган инсон ҳуқуқлари фаоллари, мустақил журналистлар ва мухолифат вакиллари ҳибсга олинади ва ҳибсхоналар ҳамда қамоқларда доимий равишда қийноққа солинади. Ҳозирда ўтказилаётган кампания натижасида, хусусан, Мамадали Маҳмудов, Муҳаммад Бекжон, Юсуф Рўзимуродов ва Руслан Шарипов тақдирига эътибор қаратиш мақсад қилиб белгиланган.

Мамадали Маҳмудов ва Муҳаммад Бекжонлар 1999 йил февралги портлашларга алоқадорликда айбланиб, қамалган. Халқаро ташкилотлар уларнинг қамоқда қийноққа солинганини таъкидлашади. Мустақил журналист Руслан Шарипов шу йилда бесоқолбозлик ва вояга етмаганларни жинсий алоқаларга жалб этиш айблари билан тўрт йилга озодликдан маҳрум этилди. Шариповнинг қийноққа солинаётгани ҳоллари ҳам халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан қайд этилган. “Қамоқдаги ёзувчилар” гуруҳига кўра, тўрттала маҳбусга қўйилган айблар сиёсий сабабларга эга.

Ўзбекистон қамоқларидаги вазиятга чек қўйиш мақсадида ПЕН ташкилотининг “Қамоқдаги ёзувчилар” гуруҳи қатор тадбирлар ўтказган. Аммо Ўзбекистон ҳукумати уларга жавоб бермаган. Шу кунларда ўтказилаётган тадбир ҳам жавобсиз қолмасмикан?

- Биз Ўзбекистон ҳукумати бизга қулоқ солишига умид қиламиз. Аммо тажрибамиз шуни кўрсатадики, илгари Ўзбекистон расмийларига мурожаат қилганимизда, улар бизга эътибор беришмаган.

Шу билан бирга Сара Уаятт ташкилот ўз фаолиятини давом эттириш ниятида эканини айтиб, бу каби кампаниялар орқали дунё жамоатчилигини Ўзбекистондаги вазиятдан бохабар қилиш кераклигини айтади.

Суҳбатдошимизнинг маълум қилишича, шу ҳафта бошида ПЕН ташкилотининг Лондон қароргоҳи Ўзбекистон президенти Ислом Каримовга мактуб йўллади. ПЕН ва “Қамоқдаги ёзувчилар” гуруҳининг бутун дунё бўйлаб аъзолари ҳам Ўзбекистон раҳбарига хат ёзишмоқда. Жаҳоннинг турли мамлакатларидаги фаоллар ўз ҳукуматлари орқали Ўзбекистонга босим ўтказишга ҳаракат қилмоқдалар.

“Афсуски, - дея давом этади Сара Уаятт, - ПЕН ташкилотининг Ўзбекистонда ваколатхонаси йўқ. Аммо ташкилот ўзининг Қозоғистон ва Қирғизистондаги аъзолари орқали расмий Тошкентга таъсир кўрсатишга ҳаракат қилади”.

Шу билан бирга Сара Уаятт ҳамкасблари билан бирга яқин орада Ўзбекистонга сафар қилиб, республика раҳбарлари билан бевосита мулоқотда бўлишни режалаштирмоқда.

ПЕН ташкилоти кампанияси 24 октябргача давом этади. Бироқ тадбирнинг тугаши ташкилотнинг Ўзбекистон бўйича фаолияти якунланганини англатмайди, дейди Сара Уаятт.

- Биз маҳбусларни озод этиш, уларнинг ҳибсга олиниши ҳуқуқини белгиловчи қонунларни бекор қилиш, барча маҳбуслар, хусусан журналистларга нисбатан доимий равишда қўлланиладиган қийноқлар амалиётига чек қўйиш борасида Ўзбекистон ҳукуматига босим кўрсатишда давом этамиз, - деб айтади Озодлик радиоси билан суҳбатда ПЕН халқаро ташкилоти вакиласи Сара Уаятт.
XS
SM
MD
LG