Линклар

ЎЗБЕК ДЕҲҚОНИ НИМА УЧУН ПАХТА ЎҒРИСИГА АЙЛАНИБ БОРМОҚДА?

  • Сарвар Усмон

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси куни кеча "2003 йил пахта хомашёсини сақлашни таъминлашга доир қўшимча чора тадбирлар тўғрисида" қарор қабул қилгани тўғрисида аввал хабар берган эдик.

Ҳужжатда кейинги пайтларда пахта хомашёсини талон-тарож қилиш ҳоллари кўпайганлиги қайд этилиб, бундай ҳолларни бартараф этиш бўйича йўл-йўриқлар берилган.

Хўш, нима учун ўзбекистонлик деҳқонлар ўғирлик қилаяптилар?

Қарор чиқиши биланоқ, "Народное Слово" газетасининг 15 октябр сонида "Ҳосилни биргаликда сақлаб қолайлик", деган сарлавҳа остида мақола босилди. (Мақола матнини Центразия сайти кўчириб босди.)

Ўзбекистон Республикаси Давлат Божхона қўмитаси билан ҳамкорликда тайёрланган мазкур мақоладан маълум бўлишича, шу кунда республиканинг Қозоғистон ва Қирғизистон билан чегарадош вилоятларида пахта контрабандаси жуда авж олган.

Биргина Наманган вилоятининг ўзида пахтани қўшни Қирғизистонга олиб чиқишга 276 марта ҳаракат қилингани қайд этилган. Бу рақам божгирлар томонидан қайд этилгани. Қайд этилмай қолганичи?

"Народное Слово"нинг ёзишича, аҳвол шу даражага етганки, одамлар ҳатто бир неча ўн кило пахтаниям Қирғизистонга олиб бориб сотишга ҳаракат қилмоқдалар.

Республиканинг расмий нашридаги мақола "Етиштирилган ҳосилни сақлаб қолайлик", деган чақириқ билан якунланади. Газета ўз олдига "Хўш, нима учун пахта Ўзбекистондан қўшниларга чиқиб кетаяпти?" "Нима учун ўзбекистонликлар 20-30 кило пахтани сотаман, деб қамалиб кетишдан ҳам қўрқмаяптилар", деган саволлар қўймаган. Ҳодисанинг асл сабабларини ўрганмаган.

Пахта контрабандаси ҳодисаси Ўзбекистонда бу йил пайдо бўлмаганини қўшни мамлакатлар билан чегаранинг икки томонида яшайдиганлар яхши биладилар. Бу ҳодисанинг янги эмаслигини расмий Тошкентнинг ўзи ҳам яхши билса керак. Пахта ўғирлиги бошланганига 3-4 йил бўлиб қолди. Ҳар қалай ўшлик бир тингловчимиз худди шундай фикрни билдирди.

"3-4 йилдан бери чегарага яқин яшайдиганлар олиб келишади пахтани. Чунки, пахта бизда қиммат, Ўзбекистонда арзон",- деди исмини айтмаслигимизни илтимос қилган қирғизистонлик деҳқон.

Ўзбекистонлик ўз пахтасини қирғизистонлик ва қозоғистонликка ўз қўли билан олиб бориб бериб топадиган пулини Ўзбекистоннинг ўзида ишлаб топса бўлмайдими? Жаҳон пахта бозоридаги шу бугунги вазиятга қараганда бунинг иложи бор.

Келинг, бироз ҳисоб-китоб қилиб кўрайлик. Рақамларга диққат қилинг.

Тошкентдаги ҳамкоримиз Ориф Ҳошимов қўлга киритган маълумотга қараганда, Ўзбекистонда давлат деҳқондан бир тонна пахта хомашёсини 195 минг сўмга сотиб олади. Бу ақча 200 долларга етиб етмаган важ. Майли 200 бўлақолсин.

Қирғизистон Республикаси Ўш вилояти Аравон тумани ҳокими Саҳобиддин Турғуновнинг айтишича, шу кунда бир килограмм пахтанинг нархи 20 қирғиз сўмига чиқди.

Суҳбатлашганимиз ўшлик деҳқон ҳам шу рақамни айтувди. 20 қирғиз сўми ярим доллар бўлади. Демак, қирғизистонлик деҳқон шу кунда бир тонна пахтасини 500 долларга сотиши мумкин.

Тафовутни сезаяпсизми? Ўзбекистонлик деҳқон 1 тонна пахтасини 200 долларга сотаяпти, қирғизистонлик деҳқон эса, 500 долларга.

Қозоғистонда чиқадиган "Экспресс К" нашри бундан қарийб бир ой муқаддам бир тонна пахтанинг нархи 62 минг тангага (400 доллардан ортиқроқ) чиққанини таъкидлаган ва нархнинг 70 минг тангага кўтарилишини башорат қилган эди.

Агар Аравон тумани ҳокимининг бизга берган интервьюсида кейинги бир ой ичида пахта 6 сўмга қимматлади, деганини ҳисобга олсак, Қозоғистонда ҳам бир тонна пахтанинг нархи 500 доллардан ортиб кетганига ишониш мумкин.

Мана нима учун ўзбекистонликлар ўз пахталарини икки қўшни республикага олиб чиқиб сотишга ҳаракат қилаяптилар. Масаланинг бошқа жиҳати ҳам бор. Ўзбекистонда пахтанинг харидори фақат битта - давлат. Қўшниларда эса, деҳқон ўз пахтасини кимга ҳоҳласа, ўшанга сотади. Уйига босиб қўйиб, уч йилдан сўнг сотса ҳам, эсини еб қўйиб, ёқиб юборса ҳам ўзининг иши.

Келинг, шу ўринда "Народное Слово"да босилган мақолада тилга олинган Шерзод Турсунов исмли йигитнинг агар божгирларнинг қўлига тушиб қолмаганида этагидаги 35 кило пахтани Қирғизистонга олиб ўтиб сотиб, неча пул ишлаб олиши мумкинлигига тўхталайлик. Агар қирғизистонлик деҳқон Шерзоднинг 35 кило пахтаси ҳар килосини бозор нархининг ярмига, яъни 10 қирғиз сўмиданга сотиб олганда ҳам, Шерзод 350 қирғиз сўмига ишлаб олган бўлар эди. 350 қирғиз сўми қарийб 9 минг ўзбек сўми деганидир. Бу пулни Шерзод пахтани териб бергани учунгина оладиган пулга қиёслаб кўришингиз мумкин.

Аравон тумани ҳокимидан олинган маълумотга қараганда, жаҳон бозорида пахта нархи шу кунда яна ҳам қимматлаб бораяпти.

Албатта, пахта нархи чексиз қимматлаб кетавермайди. Бугун-эрта тўхтайди ҳам. Бироқ ўшандай бўлганда ҳам, Ўзбекистондаги харид нархлари билан Қозоғистон ва Қирғизистондаги харид нархлари орасидаги фарқ, юмшоқроқ айтганда, ўта сезиларли.

Хўш, шундай шароитда Вазирлар Маҳкамасининг қарори пахта ўғирлигига барҳам бера оладими?

Тошкентдаги ҳамкоримизнинг бу саволига жавоб берар экан, ўзбекистонлик мустақил кузатувчи Пирмуҳаммад Саломов, қўшни мамлакатларда шаклланган пахта харид нархлари ўртасида катта фарқ сақланиб қолар экан, пахта контрабандасига қарши маъмурий чоралар билан курашиш етарли эмас, иқтисодий чоралар ҳам қўллаш, нархларни кўтариш керак, деган фикрни билдирган.
XS
SM
MD
LG