Линклар

Нурали Кўлобов: «Ҳақ-ҳуқуқларим тикланмагунча курашаман»


Фирдавс Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманидаги Қорабуруғ қишлоғида истиқомат қилувчи Нурали Кўлобов 13 октябрдан буён вилоят прокуратураси олдида норозилик акцияси ўтказмоқда.

Н.Кўлобовнинг ҳикоя қилишича, 2002 йил 29 сентябрь куни Шаҳриёр Аҳмедов исмли шахс уни ўз машинасида уриб кетиб, жиддий тан жароҳати етказган. Бироқ яқинда уйланганини баҳона қилиб, жабрланувчига даволанишда ёрдам беришини айтган. Аммо орадан бир ҳафта ўтса ҳам у ваъдасини бажармаган.

Шундан сўнг Нурали Кўлобов туман шифохонасининг травмотология бўлимига даволаниш учун боради. Бироқ бўлим бошлиғи уни қабул қилмайди. Жабрланувчи ички ишлар бўлимига ариза бериб, тиббий эксперт йўлланмаси билан яна травмотология бўлимига борганда ҳам шундай ҳол такрорланади.

Н.Кўлобов бўлиб ўтган воқеа юзасидан туман ички ишлар бўлимига мурожаат қилганига қарамай, айбланувчига нисбатан жиноий иш иш қўзғатилмади. Аммо, жабрланувчининг таъкидлашича, кетма-кет мурожаатлардан сўнг айбланувчининг айбдорлик даражаси ўрганилмаёқ, амнистия тўғрисидаги Президент фармони асосида иш ҳаракатдан тўхтатилган.

Н.Кўлобов туман, вилоят ва республика ҳуқуқ-тартибот идораларига кўплаб мурожаатлар қилганига қарамай, воқеа бўлиб ўтганидан буён бир йилдан ошиқ вақт ўтса ҳамки, ўзининг ҳуқуқлари тикланмаганини айтади.

Маълумотларга қараганда, ушбу воқеа бир неча марта судларда кўрилган, қайта-қайта тергов ҳаракатлари олиб борилган. Бироқ ҳамма вақт ажрим жавобгар фойдасига ҳал этилгани сабабли, даъвогар бу жараёнлардан қониқмаётир.

Н.Кўлобовнинг айтишича, норозилик акцияси ўтказаётганига сабаб ўзига етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш, айрим шахсларнинг қонуний жазоланишига эришишдир. Шундай шахслар қаторида у туман прокурори Бобомурод Анваровни санаб ўтди.

Вилоят прокурори ўринбосари Мирзакаримов «Озодлик» мухбири билан суҳбатда Нурали Кўлобовнинг асосиз равишда норозилик акцияси ўтказаётгани айтди. Унинг сўзларига қараганда, ушбу иш юзасидан ҳали суд жараёнлари ниҳоясига етгани йўқ. Бу иш вилоят судида кўриб чиқилгандан сўнг масала қонуний ҳал этилади, деди Мирзакаримов.

Нурали Кўлобов эса норозилик акциясини давом эттиришини, шу йўл билан ўз ҳақ-ҳуқуқлари тикланишига эришишини таъкидлади.

У 20 октябрдан бошлаб вилоят прокуратураси олдида куну тун норозилик акцияси ўтказишни режалаштирган. Агар ўн кун давомида масала ҳал этилмаса, норозилик акциясини Республика Бош прокуратураси олдида давом эттирмоқчи.
XS
SM
MD
LG