Линклар

Эркчиларни маҳаллада суд қилишмоқда


Шайбон Маълумотларга қараганда, Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармасидан «Эрк» партиясининг пойтахтда истиқомат қиладиган фаоллари устидан маҳаллаларда жамоатчилик суди ўтказиш ҳақида кўрсатма берилган.

Ушбу кўрсатма асосида 17 октябрь куни «Эрк» фаоли Абдуҳошим Ғафуровнинг оила аъзолари ва партия аъзоси Гавҳар Орипова маҳалла оқсоқоллари ҳузурига чақиртирилган эди.

«Озодлик» мухбири А.Ғафуров истиқомат қиладиган маҳаллага етиб келганида маҳалла оқсоқоли унга «жамоат суди» ёки, расмийлар айтаётганидек, жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиш қолдирилганини айтди. Фуқаролардан бирининг масалага ойдинлик киритишича, оқсоқолга милиция ходимлари телефон қилиб, жараёнда журналистлар иштирок этиши маълум бўлгани сабабли уни қолдириш лозимлигини тайинлаган.

«Эрк» аъзоси Гавҳар Орипова устидан жамоатчилик муҳокамаси эса, бу ерда журналистлар ҳам иштирок этаётганига қарамай, қолдирилмади.

Маҳалла оқсоқолининг айтишича, Гавҳар Орипованинг маҳаллада муҳокама қилинишига сабаб унинг бир неча кун олдин бўлиб ўтган норозилик акциясида иштирок этиб, милиция бўлимига олиб борилганидир.

Эслатиб ўтамиз, 14 октябрь куни «Эрк» партияси аъзолари ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар фаоллари Бош прокуратурани пикет қилган эди. Уларнинг бир нечаси милиция ходимлари томонидан ушланиб, суд қилинган ва турли маъмурий жазоларга ҳукм этилганди.

Муҳокамада иштирок этган «Эрк» партияси аъзоси, «Мазлум» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти раиси Аъзам Турғунов маҳалла фаоллари илтимосига кўра, ўша пикетдан сўнг Гавҳар Орипованинг бошқа бир неча эркчилар қатори милиция бўлинмасига тушиб қолиш сабабини айтиб берди.

Гавҳар Орипова эса пикетда аёллар муаммосини кўтариб чиққанини таъкидлади.

Бироқ муҳокамада иштирок этаётган Мирзо Улуғбек тумани ички ишлар бўлими вакили уларнинг сўзларига эътироз билдирди. Унинг айтишича, «Эрк» партияси фаоллари милиция бўлимига олиб борилганда, улар ўз айбларига тўла иқрор бўлган. Судда эса ўз гапларидан қайтган.

Гавҳар Орипова ва Аъзам Турғунов милиция ходимининг бу айбловларини рад этди. Улар ички ишлар бўлими вакилини ёлғон гаплар билан маҳалла аҳлини чалғитишга уринишда айблай кетди.

Муҳокаманинг бундай тус олишини кутмаган бўлса керак, милиция ходими ўзининг кетиш истагида эканини айтиб, йиғинни тўхтатишни талаб қилди.

Экрчилар устидан бошланган «маҳалла суд»ларидан бири ёки расмийлар айтаётганидек, жамоатчилик муҳокамаси ана шундай ниҳоясига етди.

Аъзам Турғуновнинг «Озодлик» мухбирига билдиришича, шу куни «Эрк»нинг бошқа бир неча фаоли устидан ҳам муҳокама ўтказилиши белгиланган эди. Аммо номаълум сабабларга кўра, улар қолдирилган.
XS
SM
MD
LG