Линклар

АҚШ Президенти Жорж Буш Филиппинга давлат ташрифи билан борди.

  • Ҳасанжон

Японияга 18 соатлик сафаридан сўнг, АҚШ Президенти Жорж Буш Филиппинга давлат ташрифи билан келди. Саккиз соатлик мазкур ташриф давомида аҳамиятга молик икки тадбир бўлиб ўтди. Биринчи тадбир, Президентлар ўртасидаги учрашув бўлди. Иккинчи тадбирда, АҚШ раҳбари Филиппин Парламентининг ялпи мажлисида нутқ сўзлади.

Шанба куни пойтахт Маниладаги Филиппин Парламентида чиқиш қилган АҚШ Президенти дастлаб, Филиппин ҳукуматига “Ал-Қайда” тармоғига алоқадор террор гуруҳларга қарши кураш олиб бораётгани учун миннатдорлик билдирди. Буш сўзига қўшимча қилиб, терроризмга қарши курашда жануби-шарқий Осиё минтақасида намуна эканини айтиб, Филиппинни мақтади.

АҚШ Президенти сўзида давом этиб, Филиппин Осиё Тинч океани минтақасида барқарорлик таянчи эканини айтди: “Осиё минтақаси, қолаверса, дунёдаги ҳар бир давлат олдида танлов турибди. Террорни қўллаб-қувватлайдиган давлатлар – цивилизацияга қарши уруш қатнашчисидир. Террорни назар-писанд қилмайдиган ва террор фақат бошқаларга зарар етказади, деб умид қилаётган давлатлар бизнинг умумий ҳимоямизга путур етказган ҳамда келажакда фожеавий зўравонликларга йўл очган ҳолда адашяптилар”, - деди Жорж Буш.

АҚШ раҳбари Филиппин Президенти Глория Макапагал Арроё билан учрашуви чоғида икки давлат ҳарбий соҳада ҳамкорликни кенгайтиришга келишганини маълум қилди.

Ҳозирда Филиппин иқтисодиёти қийинчиликка дуч келаётгани, мамлакат ташқи қарзлари кун сайин ортаётгани ва июл ойида ҳарбийлар давлат тўнтариши ўтказишга уринганига қарамасдан, Бушнинг ташрифи май ойида Филиппинда бўладиган Президентлик сайловларидан олдин Арроёнинг сиёсий позициясини мустаҳкамлайди.

“Биз зўравонлик манбаи бўлган “Жамоати Исломия” ва бошқа террорчи гуруҳлар тармоғини йўқ қилиш учун Жануби-Шарқий Осиё минтақаси давлатлари билан бирга ишлашни давом эттирамиз”,-деди Жорж Буш.

Филиппин Сенатидаги мухолифат лидери Эдгардо Ангара Бушнинг нутқини олқишлаш баробарида АҚШ раҳбари нутқида аниқлик етишмаслигини билдирди. Парламент аъзоларининг аксарияти Жорж Бушни илиқ қаршилаган бўлсалар-да, тўрт депутат норозилик тариқасида зални намойишкорона тарк этди.

Филиппин ҳарбийлари, Президент Арроё май ойида Вашингтонга қилган сафари чоғида Буш ваъда қилган 20та фойдаланилган ҳарбий вертолет, транспорт самолёти, денгиз чегарачилари учун катер ва 30 минг қурол тезроқ етказиб берилишини хоҳлайдилар.

Манилада Жорж Буш вертолетлар кўрикдан ўтказилиб, кейин жўнатилишига Арроёни ишонтирди. Аммо юқори лавозимли АҚШ расмийси, ҳарбий вертолетлар 2004 йил октябр ойи охиригача Филиппинга етказилишига шубҳа билдирди. АҚШ Президенти Жорж Бушнинг Филиппинга саккиз соатлик давлат ташрифи давомида Манила кўчаларида минглаб одамлар норозилик намойиши ўтказдилар.

Полиция бошлиғи ўринбосари генерал Рейналдо Веласко норозилик намойишчиларини Жорж Бушга яқин келтирмаслик учун Маниланинг стратегик аҳамиятга эга бўлган жойларига 11 минг полициячи жойлаштирилгани ҳамда уларни аскарлар қуллаб-қувватлаганини билдирди. Филиппинга ташриф давомида Буш кетаётган машиналар кортежини ҳаводан учта вертолет мунтазам кузатиб борди. АҚШ Президенти келиши ва жўнаб кетишидан бир соат олдин Маниланинг халқаро аэропортида қарийб 30та ички ва халқаро йўналишлардаги парвозлар тўхтатиб қўйилди. АҚШ Президенти Жорж Буш Осиё Тинч Океани Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлат раҳбарлари саммитида иштирок этиш учун 18 октябр куни Филиппиндан Таиландга жўнаб кетди.
XS
SM
MD
LG