Линклар

Тасмадаги овоз Бин Ладенникими?

  • Абдулла Искандар

Шанба куни "Ал-Жазира" телеканали Усама бин Ладенники деб тахмин қилинаëтган овозли тасма мазмунини эфирга узатди. Тасмадаги овоз соҳиби "АҚШ қўшинларининг Ироқ ҳудудларидан олиб чиқиб кетилишини " талаб қилган. "Акс ҳолда, худкуш-шаҳидлар амалиëти АҚШ ва бошқа ҳудудларда давом этаверади", дейилади аудиомурожатномада.

Тасмадаги овоз соҳиби яқинда Америка қўшинларига қарши уюштирилган тажовуз ташкилотчиларига ҳамду-сано билдирган.

Шунингдек овозли тасмада ўзини Бин Ладен деб атаëтган кимса Ироқдаги Америка харбийларини салбчилар деб атаб, ироқликларни уларга қарши ғазот урушига чақирган.

Эслатиб ўтамиз расмий Вашингтон Усамо бин Ладен ва у раҳбарлик қилаëтган Ал -Қаеда тармоғини 11 сентябр тажовузларида асосий айбдор деб ҳисоблайди. 11 сентябр тажовузлари АҚШ президенти Жорж Буш тарафидан террорга қарши уруш эълон қилинишига сабаб бўлди. Шу йилнинг май ойида Жорж Буш бу урушнинг ниҳоясига етганлигини билдиргандан бери 100дан ортиқ АҚШ харбийси Ироқда қурбон бўлди. 11 сентябр воқеаларига икки йил тўлиши арафасида, яъни шу йилнинг 10 сентябр куни Бин Ладенга тегишли деб даъво қилинган аудиотасма ҳавога узатилганди. Ўшанда АҚШ президенти Жорж Буш тасма юзасидан фикр билдириб жумладан шундай деганди:

Жорж Буш:
" Бин Ладеннинг овозли тасмалари – террор уруши давом этаëтганини эслатди.Унинг риторик ҳуружлари қўрқувни келтириб чиқаришга уриниш , лекин бу америкаликларни қўрқитолмайди. "

11 сентябр воқеаларидан кейин бир неча маротаба "Ал-Жазира" ва бошқа араб телеканаларида Бин Ладен ва унга тарафдор бўлган кимсаларнинг мурожаатлари эфирга узатилди. Ана шундай овозлардан бири 28 сентябр куни янгради. Бу овоз соҳиби Бин Ладен издоши Айман ал – Завахрига тегишли эканлиги айтилганди. Ўзини Айман ал- Завахри деб атаган зот аудиомурожаатномада Покистон президенти Парвез Мушаррафни ағдаришга чақирганди.

Шанба куни "Ал-Жазира" телеканали тарқатган аудио тасмадаги мурожаат икки қисмдан иборат. Тасманинг биринчи қисмидаги овоз соҳиби ëш мусулмонларни, масалан Яман давлатидаги мусулмонларни муқаддас жиҳод урушига даъват қилади.

"Америка Дажла ва Фурот ботқоғига ғарқ бўлади. Буш, Ироқ ва унинг нефт заҳираларини бой ҳазина деб ўйлаганди. Аммо у ҳозир фалокат ичида қолиб, бутун дунëдан гумашталар изламоқда", - дейилади шанба куни эфирга узатилган мурожаатноманинг биринчи қисмида. Мурожаатнинг икинчи қисми Америкаликларга қаратилган: "Мен америкаликларга гапиряпман- биз сиз билан АҚШ ичида ва ташқарисида олиб бораëтган урушимизни то адолатсиз ва беъмани ишларни бас қилмагунингизча давом эттираверамиз", - дейилади Бин-Ладенники деб даъво қилинаëтган аудиотасманнинг иккинчи қисмида.

"Биз адолатсиз уруш олиб бораëтган Британия,Испания, Австралия,Полша, Япония ва Италияга қарши жавоб ҳаракати олиб боришга ҳақлимиз", деган сўзларни тинглаймиз шанба куни "Ал-Жазира" канали тарқатган ва Усама Бин Ладенники деб тахмин қилинаëтган аудиомурожаатда.

Ушбу мурожаатдан мусулмон мамлакатларига қарши тахдид ҳам ўрин олган.

"Урушда иштирок этаëтган мусулмон мамлакатлари учун истисно йўқ.Бу форс кўрфазидаги мамлакатлар ҳусусан салбчилар учун майдон бўлган Қувайтга таалуқлидир".

Ал-Жазера телеканали ҳозирча товушнинг ўзини эфирга узатмади.Улар фақат мурожаат мазмунини ўқиб эшиттиришди.

Охирги марта Бин Ладенга тегишли бўлгани тахмин этилган овоз шу йилнинг 10 сентябрида эфирга узатилганди. АҚШ Марказий Разведка Бошқармаси мутахассислари ўшанда тасмадаги овоз Бин Ладенга тегишли эканлигини тасдиқлашганди.
XS
SM
MD
LG