Линклар

Озарбайжонда хокимият отадан фарзандга ўтди

  • Ҳурмат Бобожон

Озарбайжонда ўтган сайловлар Илхом Алиевга нафақат президентлик курсисини эгаллаш имкониятини, балки мамлакатнинг нефт заҳиралари устидан назорат ўрнатишини ҳам кафолатлади. Шундай қилиб Озарбайжон собиқ Совет республикалари ичида президентлик отадан фарзандга ўтган биринчи давлат бўлди.

Гарчи, сайловни кузатиб борган мустақил кузатувчилар овоз бериш жараёнида жиддий қонунбузарликларга йўл қўйилганини айтишган бўлсалар-да, Ғарб сиёсий доиралари бу борада кескин танқидий фикр билдирмади. АҚШда чиқадиган "International Herald Tribune" газетасининг ёзишича, Ғарб сиёсий доиралари назарида Озарбайжонда хокимиятнинг отадан ўғилга ўтиши мамлакат ёнилғи сектори ишончли қўлда қолганини англатади. Бироқ, Озарбайжонда халқ сайловдан сўнг норозилик намойшларини ўтказгани ва уларнинг полиция тарафидан бостирилиши Ғарбни бу фикрдан қайтишга ундаши керак, дея ёзади мақола муаллифи.

Озарбайжонда президентлик сайловларини яқиндан кузатиб борган халқаро ва маҳаллий кузатувчилар овоз бериш жараёнида қатор қонунбузарликлар гувоҳи бўлганликларини таъкидлашмоқда. "Ҳукумат ҳақиқатда сайловни ўғирлади ва бунга қарши чиққан юзлаб кишиларни калтаклади. Сайловнинг эртаси куни Бокудаги норозилик чиқишларини меҳмонхонам деразасидан кузатар эканман, полиция кўчага чиққан минглаб кишини калтаклаганининг гувоҳи бўлдим" – дея ёзади сайловларни кузатган Хьюман Райтс Уотч вакили Питер Бокарт.

Намойишлардан уч кун ўтиб Озарбайжонда юзлаб киши қамоққа олинди. Мухолифатдаги "Мусават" партияси етакчиси Исо Ғамбар эса уй қамоғида. Сайловларнинг эртаси куни Ғамбар овоз бериш жараёнида сохтагарчиликларга йўл қўйилгани ҳақда гапириб, сайлов натижалари бекор қилинишини талаб қилган эди.

"Бокудаги намоишлар халқ биз тарафимизда, демократия тарафида эканини кўрсатди. Ва биз халқ иродаси ва овозларини ҳимоя қилишда давом этамиз".

Сайловларнинг Озарбайжон президенти ўғли Илҳом Алиев фойдасига ҳал бўлиши олдиндан кутилганди. Кузатувчилар фикрича, Боку ҳукумати узоқ йиллар мобайнида мухолифатни сиёсий жараёнларга яқин йўлатмай келди. Хатто, сўнгги ойларгача ҳукумат президентлик сайловолди жараёнини назоратда ушлаб, хокимиятни Ҳайдар Алиевдан ўғлига топширишга зўр бериб харакат қилди. Бундай холатда мухолифатнинг кўчага чиқишдан бошқа чораси қолмади.

Халқаро жамоатчлик, жумладан Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Озарбайжондаги сайловларга берган бахоси кўплаб инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларини ҳайратга солди.

"Ташкилотнинг сайловларни кузатиб борган Озарбайжондаги вакиллари овоз бериш жараёнида йўл қўйилган сохтагарчиликлар ва норозиларнинг калтаклангани юзасидан ташвишланиш билдириш ўрнига, "уни демократия сари ташланган муҳим қадам" дея эътироф этди", - деб ёзади "International Herald Tribune" мухбири.

Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Озарбайжондаги ваколатхонаси раҳбари Жованни Кесслер, сайловлар мамлакатда сиёсий ҳаётнинг фаоллиги ҳамда демократия ва халқаро меъйёрлар сари қилинаётган жиддий ҳаракатлар намунаси бўлди, деб таъкидлади. Айни пайтда Европа Кенгаши вакили Гиермо Матине Каса сайловлар Озарбайжонда янги давр бошланганининг даракчиси эканини урғулаб, демократик кучлар бирлашса мамлакатда олға силжишлар кузатилишига умид билдирди.

Шу билан бирга Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Демократик Тузилмалар ва Инсон ҳуқуқлари бўйича идораси душанба куни сайловларга норозилик билдириб, Боку кўчаларига чиққан мухолифат аъзолари калтаклангани ва қамоққа олинганини жиддий танқид қилди. "Хюман Райс Уотч" ташкилоти ҳам Озарбайжонда ўтган сайлов ва кейинги воқеалар юзасидан ташвишланиш билдирди. Ташкилотнинг Бокудаги вакили Шахло Исмоилова Озодлик мухбирига шуларни айтади:

"Конун бўйича барча протокол ҳужжатларни сайлов комиссиясининг ҳамма аъзолари имзолаши керак эди. Гап шундаки, овозларни ҳисоблаш пайти мухолифат партиялари вакиллари йўл қўйилган қонунбузарликлар юзасидан ўз норозиликларини билдирганларида, улар полиция ёрдамида хайдаб чиқарилди", - дейди "Хюман Райс Уотч" ташкилоти вакили.

Ҳайдар Алиев ҳукумати мамлакатнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги муаммолари ва мухолиф кучларига нисбатан тазйиқлари юзасидан турли халқаро ташкилотлардан танқид эшитган эди. Ҳайдар Алиевнинг қайта президент бўлиши учун замин яратган 2000 йилги сайловларни ҳам халқаро жамоатчилик эркин ва адолатли бўлмаган , дея таърифлаган эди. Бироқ, бугунги кунда нефтга бой мамлакат билан муносабатлар баъзи мамлакатлар учун устивор мақсадга айланган кўринади. Кузатувчилар Озарбайжонда сайловлар қай тарзда ўтказилгани ҳамда хокимиятнинг отадан фарзандга ўтгани, минтақадаги бошқа авторитар ҳукуматларга ибрат бўлиши мумкин, деган хавотирдалар.
XS
SM
MD
LG