Линклар

logo-print

Босниялик мусулмонлар етакчиси Алия Изетбекович 78 ёшида оламдан ўтди

  • Ҳурмат Бобожон

Уч йил олдин катта сиёсатни тарк этар экан Алия Изетбекович "Босниянинг Буюк Сербия таркибий қисмига айланиб қолишининг олдини ола олганим, менинг президент сифатидаги энг катта ютуғимдир", - деган эди. Босниянинг Болқон уруши давридаги президенти бўлган Изетбекович босниялик мусулмонлар озодлиги, юрт тинчлиги йўлида курашди.

Алия Изетбекович 1925 йилда Босански Самач шаҳрида зодагон босниялик мусулмон оиласида туғилди. Мактабни тугатгач Сараевода ҳуқуқшунослик бўйича тахсил олди. Ўша йилларда Изетбекович радикал қарашдаги "Ёш мусулмонлар" гуруҳига аъзо бўлди. Югославиянинг ўша пайтдаги мустабид режими уни "пан-исмломий" ғояларини тарғиб қилаётганликда айблаб, икки марта қамоққа ташлаган.

Гарчи, Изетбековични фундаментализмда айбланган бўлса-да, унинг ўзи Босния мусулмон жамиятида Европача маданият ва Ислом қадриятлари мужассам этилиши тарафдори эканини таъкидлаб келган.

Алия Изетбековичнинг катта сиёсий сахнага келиши Югославияда миллатчилик кайфиятлари урчиётган даврга тўғри келди. Яъни 1990 йилда бўлиб ўтган кўп партиявий сайловларда миллатчи демкратик партиялар коммунистлар устидан ғалаба қозонди. Улар орасида Изетбекович етакчилигидаги босниялик мусулмонларнинг "Демократик ҳаракат" партияси ҳам бор эди.

Сайловлардан сўнг, Боснияда "Демократик ҳаракат" партияси, Серблар Демократик Партияси ва Хорватлар Демократик Уюшмаси иштирокида коалиция ҳукумати тузилди ва Алия Изетбекович Босния президенти этиб сайланди. 1993 йилги Референдумдан сўнг у Босния мустақиллигини эълон қилди. Бу эса босниялик сербларнинг кучли норозилиги ва ҳарбий қаршилигига олиб келди. Оқибатда серб қўшини Боснияга киритилади. Ўшанда Изетбекович Сербия президенти Милошевичга қарата телевизион мурожаатида:

"Мен яна бир бор Сербия Президенти жаноб Слободан Милошевичдан серб қўшинларини Босния худудларидан чиқаришни талаб этаман", - деган эди.

Аммо, халқаро босимлар ҳам Милошевични "Буюк Сербия" давлатини қуриш режасидан қайтара олмади. Босния уруши оқибатида минглаб бегунох одам қурбон бўлди. 1995 йилда БМТ ҳимоясидаги Сребреницада 7000 босниялик мусулмон қуролланган серб тарафидан қатл қилинган эди. Ўша воқеаларни ёдга олар экан Алия Иззатбекович Озодлик мухбири билан суҳбатда:

"Сребреница БМТ ҳимоясидаги худуд эди ва биз БМТ уни ҳимоя қилади, деб ўйлаган эдик. Ташкилот уставига кўра, агар БМТ ҳимояси остидаги худудга кимдир ҳужум қилса, БМТ уни ҳарбий йўл билан ҳимоя қилишга хақли. Биз БМТнинг ўз қоидалари бузилишини кузатиб туради, деб кутмаган эдик. Биз дунё Сребреницага ҳужумнинг олдини олади, деб умид қилган эдик. Аммо бу ҳам бўлмади. Сребреницани бутун дунё ташлаб қўйди", - деб таъкидлаган эди.

Айрим кузатувчилар Босния уруши даврида босниялик мусулмонлар етакчиси Алия Изетбековичнинг ҳам қўли қонга беланганини айтишмоқда. Ўша пайтда Югославияга жорий этилган қурол эмбаргосига қарамай, Изетбекович айрим мусулмон давлатларидан қурол сотиб олиб, уларни серб миллатчиларига қарши қўллаган, деган таҳминлар ҳам йўқ эмас.

Ниҳоят, халқаро ҳамжамиятнинг давомли дипломатик уринишлари натижаси ўлароқ, 1995 йилда АҚШнинг Дэйтон шаҳрида Алия Изетбекович, Слободан Милошевич ва Франйо Тужманлар иштирокида тинчлик шартномаси имзоланди. Бу воқеа 200 мингга яқин киши ўлимига сабаб бўлган урушга нуқта қўйди.

Изетбекович 1996 йилда Босния парламенти олдида қилган маърузасида: "Ёмон халқлар бўлмайди, фақат ёмон лидерлар бор. Босния фожеасига жавобгарлар, улар эртами-кеч худо олдида ҳам халқ олдида жавоб берадилар. Ҳеч ким бундай жавобгарликдан қочиб қутилолмайди", - деб таъкидлаган эди.
XS
SM
MD
LG