Линклар

Ўзбекистонда бўқоқ касаллигига чалинганлар сони ортмоқда


Саида Ўзбекистонда бўқоқ билан оғриган кишилар сони 370 минг нафарга етди. Бу рақам сўнгги ўн йил ичида мазкур касалликка чалинганлар сони тўрт-беш баробар ортганини кўрсатади.

Инсон организми учун бир кунда 100-150 микрограмм йод зарур Бўқоқ, асосан, организмда йод моддаси етишмаслиги натижасида вужудга келади. Мутахассисларнинг айтишича, касаллик кўпроқ Ўзбекистоннинг оғир экологик вазият юзага келган ҳудудларида учрамоқда. Уларнинг таъкидлашича, айни пайтда бўқоқ болалар орасида тез кўпайиб бораётир.

Кузатувчилар, болаларда қалқонсимон без касалликларининг ортиб бораётгани уларнинг витаминларга бой овқат истеъмол қилмаётганида, деган фикрда.

Илгарилари мактабгача тарбия муассасалари ва мактабларда бўқоққа қарши дори бепул тарқатилган. Бироқ сўнгги йилларда бундай ишлар тўхтатиб қўйилди.

Маълумотларга қараганда, ер юзи аҳолисининг 43 миллионида ушбу касаллик таъсирида ақлий ва жинсий заифлик вужудга келгани кузатилмоқда.

Мутахассисларнинг фикрича, бўқоқ унга чалинганларнинг насли учун ҳам хатарлидир. Улардан кўп ҳолларда ақлан ва жисмонан ривожланмаган болалар дунёга келади, зурриёднинг ногирон бўлиб туғилиши ҳоллари учрайди.

Шу боис, Республика эндокринология илмий текшириш институти ходими, профессор Тоҳир Иброҳимов болаларда қалқонсимон без касаллиги олдини олиш учун, аввало, ҳомиладор аёллар соғлиғига эътибор қаратиш лозим, деб ҳисоблайди. Унинг айтишича, ҳомиладор аёллар аёллар маслаҳатхонасида рўйхатга олингандан сўнг, уларга ҳар ҳафтада «антиструмин» препарати берилиши керак. Бола туғилгандан сўнг ҳам она йод препаратларини истеъмол қилиши керак. Бу модда кўкрак сути орқали болага ўтади ва унда бўқоқ касали ривожланишининг олдини олади.

Маълумотларга қараганда, Ўзбекистон ҳукумати қалқонсимон без касалликларининг кўпайиб бораётганидан хавотирга тушиб, сўнгги йилларда туз ишлаб чиқариш корхоналарида йодлаш ускуналарини ўрнатди. Озиқ-овқат дўконларидаги тузнинг йодланиш даражаси маҳалла фуқаролар йиғинининг назорат комиссияси томонидан текширилиши йўлга қўйилди. Бунинг учун комиссия мутахассислар томонидан тақдим этилган махсус индикатордан фойдаланмоқда.

Кўрилаётган чора-тадбирлар мамлакатда бўқоқнинг камайишига олиб келадими?

Кузатувчиларнинг фикрича, экологик вазият беқарорлигича қолаётган, ота-оналар ўз фарзандларини етарли ва зарурий озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлай олмаётган бир шароитда бўқоқни йўқотиш учун бундай чора-тадбирлар етарли эмас.
XS
SM
MD
LG