Линклар

Бирликчилар «Эрк» билан бир сафда


Шайбон «Эрк» демократик партияси вакиллари, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари аъзолари Бош прокуратура олдида бир неча кундан буён ўтказаётган норозилик акциясига 20 октябрь куни «Бирлик халқ ҳаракати» партияси фаоллари ҳам қўшилди.

- «Эрк» аъзоларининг қамоққа олиниши, уларнинг уйларида тинтув ўтказилиши бирликчиларни ҳам бефарқ қолдиргани йўқ, - деди партия фаолларидан бири Озодлик мухбири билан суҳбатда.

Акция иштирокчиларининг таъкидлашича, сўнгги вақтларда сиёсий мухолифат вакилларига нисбатан тазйиқ ва таъқиблар, айниқса, кучайган. Бу ҳолат уларни бирлашишга ундамоқда. «Бирлик» аъзосининг сўзларига қараганда, келажакдаги фаолиятни кўзлаб фикр юритиладиган бўлса, мухолифат ўзаро бирлашиб ҳаракат қилиши керак.

«Эрк» партияси аъзоси Аъзам Турғуновнинг айтишича, норозилик акцияси бир неча кундан буён давом этаётганига қарамай, «Эрк»нинг мусодара қилинган мол-мулкини қайтариш тўғрисидаги талаб хусусида прокуратура вакиллари ҳамон сукут сақламоқда.

«Эрк»нинг икки аъзоси, 14 октябрдаги пикетда иштирок этгани учун беш кунлик қамоқ жазосига ҳукм этилган Абдуҳошим Ғафуров ва Тошпўлат Йўлдошев 20 октябрь куни озодликка чиқарилди.

«Озодлик» мухбири билан суҳбатда улар ўзларининг сиёсий фаолиятини яна давом эттиришини маълум қилди.

«Эрк» аъзоси Ойгул Маматова партиянинг мол-мулкини қайтариш талаби билан 14 октябрдан буён очлик эълон қилган. Хабарларга қараганда, унинг соғлиғи тобора ёмонлашиб бормоқда. Шу боис О.Маматова Бош прокуратура олдидаги норозилик акцияси иштирокчилари сафига қўшила олмаётир. Бироқ у талаблар тўла қондирилмагунча, очликни давом эттиришини айтмоқда.
XS
SM
MD
LG