Линклар

logo-print

«Эрк» қурултойидан бир кун олдин...


Шайбон 22 октябрь куни Тошкентда «Эрк» демократик партиясининг 5-қурултойи бўлиб ўтиши режалаштирилган. Айни пайтда партия фаоллари ушбу тадбирга қизғин тайёргарлик кўрмоқда.

«Эрк»нинг ушбу қурултойи дастлаб жорий йилнинг 27 сентябрида ўтказилиши мўлжалланган, бироқ ҳукумат бунга йўл бермаган эди. Эндичи?

Ҳукумат 22 октябрда ўтказилиши белгиланган тадбирга ҳам қаршилик қилишга уриниб кўрди. Жумладан, 13 октябрь куни пойтахтнинг Собир Раҳимов тумани ички ишлар бўлими ходимлари «Эрк»ка тегишли барча адабиётлар, қурултой ташкилий қўмитасининг ҳужжатлари ва партиянинг янги дастури лойиҳасини олиб қўйган эди.

Шундан сўнг «Эрк» фаоллари бош прокуратура олдида бир неча кун давомида норозилик акциялари ўтказди. Бироқ ҳужжатлар барибир қайтариб берилмади. Бу эса маълум қийинчиликларни туғдирди. Жумладан, кўплаб делегатлар қурултой ҳужжатлари билан тўла таниша олмадилар.

Партия бош котиби Отаназар Ориповнинг сўзларига қараганда, ҳозирча қурултой ўтказишга яна қаршиликлар бўлиши тўғрисида маълумотлар йўқ. Бироқ делегатларнинг рўйхати тегишли органлар томонидан жойлардаги ички ишлар идораларига тарқатилган. Бундан ташқари, партия фаолиятидан норози бўлган айрим эркчилар қурултойга ўзлари хоҳлаганча тус беришга интилмоқда.

Қурултой ташкилий қўмитаси раисаси Ойгул Маматова эса тадбирнинг ўтказилмаслиги учун ҳукумат барча тадбирларни кўриши хавфи ҳали ҳам мавжудлигини айтмоқда.

Шунга қарамай, «Эрк»нинг айрим аъзолари бўлажак қурултой нафақат партия ҳаётида, балки бутун мамлакат учун тарихий воқеа бўлишини таъкидлаётир.

«Озодлик» мухбирига маълум бўлишича, қурултой бошланишига бир кун қолганда пойтахтга вилоятлардан делегатлар кела бошлаган.
XS
SM
MD
LG