Линклар

logo-print

Ироқ тинч аҳолиси орасидаги талофатлар ҳақида ҳисобот тарқатилди.


Акрам Файзулло Human Rights Watch Ташкилоти Ироқда асосий ҳарбий амалиëтлар тамом бўлгандан кейин мамлакатнинг тинч аҳолиси орасидаги талофатлар ҳақида маҳсус ҳисобот эълон қилди.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилот 1 майдан сентябр охиригача Ироқда 20 одам Америка ҳарбийларининг ҳужумлари оқибатида нобуд бўлганини қайд этади. Ушбу ташкилот шунингдек, Ироқда яна 94 киши ҳам Америка ҳарбийлари қурбони бўлган бўлиши мумкинлиги ҳақида ишончли далилларга эга эканини маълум қилди.

Human Rights Watch Ташкилоти вакили Жан-Пол Мартоз Қўшма Штатлар Ироқни ишғол этиб тургани туфайли, бу мамлакат аҳолиси олдидаги ўз мажбуриятларини бажариши кераклигини баëн қилди:

“Америка ҳарбийлари Ироқни ишғол қилиб турган кучдир. Шу сабабли улар мамлакат тинч аҳолиси олдида маълум мажбуриятларга эгадир. Аммо Ироқдаги Америка ҳарбийлари кўплаб ҳолларда уларга нисбатан ортиқча куч қўллаëтганлари ëки камситишларга йўл қўйиши хавотир уйғотмоқда”, - дейди Жан-Пол Мартоз.

Унга кўра, хатто АҚШ Армиясидаги айрим ҳарбийларнинг ўзлари ҳам Ироқдаги ҳозирги вазиятдан қониқмаëтганларини айтишмоқда. Human Rights Watch Ташкилоти вакили агар Ироқда вазият кескинлигича қолаверса, АҚШ армиясининг мамлакатда барқарорлик, демократия ва қонун устуворлигини тиклаши жуда қийин бўлишини қайд этди.

Ироқдаги асосий ҳарбий ҳаракатлар давомида ва мамлакатда коалиция кучлари ўрнатилганидан бери шу кучлар ҳужумлари оқибатида қанча ироқликлар нобуд бўлгани аниқ эмас. Америка ҳарбийлари бундай қурбонлар ҳақида расмий статистик маълумотларни сақламасликларини айтиб, коалиция кучлари Ироқ тинч аҳолисини атайин нишонга олмаëтганларини бунга сабаб қилиб кўрсатишди.

Аммо Human Rights Watch Ташкилоти вакили Жан-Пол Мартоз Америка ҳарбийлари Ироқ аҳолиси хавфсизлигини таъминлаш масаласига жиддий эътибор бераëтганларини кўрсатиш учун одамлар орасидаги талофатлар ҳақидаги маълумотлар ҳам тўплашлари кераклигини қайд этади:

“Биз Америка ҳарбийларини тинч аҳолини атайин нишонга олаëтганликда айблаëтганимиз йўқ. Ироқдаги Америка аскарлари ўта хатарли вазиятда фаолият қилаëтганини ҳам яхши биламиз. Аммо АҚШ Армияси ҳарбийлар орасидаги талофатлар билан бирга тинч аҳоли орасидаги қурбонлар ҳақида ҳам маълумот тўплаб бориши лозим. Бу АҚШ Армияси ўз аскарларининг ироқликларга нисбатан ҳаракатлари оқибатларини жиддий кузатиб бораëтганини кўрсатади”, - дейди Жан-Пол Мартоз. Унинг айтишича, АҚШ Армияси шунингдек Ироқдаги оддий одамларнинг ўлимига сабабчи бўлган ўз ҳарбийлари ҳаракатлари юзасидан шаффоф тергов ўтказиши лозим.

Пентагон матбуот вакили Human Rights Watch Ташкилоти ҳисоботига муносабат билдирар экан, уруш қурбонсиз бўлмаслигини ва Ироқдаги Америка ҳарбийлари тинч аҳолига талофат етказмаслик учун хатто ўз ҳаëтларини хавф остига қўяëтганларини қайд этди. Унга кўра, Ироқ фуқаросини ўлдирганликда айбланган Америка аскари қилмишига яраша жазоланмоқда.

Аммо Human Rights Watch Ташкилотига кўра, айбдорлар ўз вақтида жазоланмаëтгани оқибатида Ироқдаги Америка ҳарбийлари ўзларини гўëки уларга даҳлсизлик ҳуқуқи берилгандек тутишмоқда.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилот Ироқда тинч аҳолиси орасидаги талофатларни камайтириш учун ҳарбийларни полициячилар сифатида тайëргарликдан ўтказишни ва фуқаролар ўлимига сабабчи бўлган коалиция аскарларини дарҳол жавобгарликка тортишни тавсия қилди.
XS
SM
MD
LG