Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:05

Марказий Осиё: Оммавий қирғин қуроллари тахдиди.


2001 йил 11 сентябрда Ню Йорк ва Вашингтонга қарши уюштирилган террор ҳужумлари дунёдаги геосиёсий вазиятни бутунлай ўзгартириб юборди. АҚШ етакчилигида Афғонистон, сўнг Ироқда амалга оширилган аксил-террор кампанияси Марказий Осиё республикаларига бевосита ва билвосита таъсир кўрсатди. Айниқса, Афғонистонда толиблар ҳокимиятдан ағдарилганидан кейин ўн минглаб толиблар тарафдорлари ҳар томонга тарқалиб кетди. Мутахассислар фикрича, улар орасида террор ҳужумлари уюштириш бўйича махсус тайёргарликдан ўтган, кимёвий ва биологик моддалардан ҳужум қуроллари тайёрлай оладиган шахслар ҳам бор. Шу сабаб, мутахассислар Марказий Осиёдаги собиқ Совет Иттифоқига тегишли оммавий қирғин қуроллари билан боғлиқ объектлар террорчилар учун муҳим манба бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқдалар.

Тогжан Касенова Британиядаги Лийдз университетининг Сиёсат ва халқаро тадқиқотлар бўлими докторанти. У Марказий Осиё давлатларида оммавий қирғин қуроллари масаласида тадқиқотлар олиб бормоқда. Озод Европа – Озодлик радиосининг ўзбек шўъбасига берган интервюсида Касенова Марказий Осиёда минтақага таҳдид солаётган объектлар ҳали ҳам борлигини айтади: “Хавфли метериаллар тарқалиши нуқтаи назаридан Марказий Осиёга таҳдид солаётган объектлар сирасига Совет Иттифоқи давридан қолган иншоотлар киради. Биологик материаллар хусусида, Орол денгизидаги Тикланиш оролчаси асосий таҳдид ҳисобланади. Чунки у ерда биологик қуроллар синовдан ўтказилган”.

Оммавий қирғин қуролларини қўлга киритиш учун яширин фаолият олиб бораётган давлат ёки террорчи гуруҳларни Марказий Осиёдаги қандай объектлар қизиқтириши мумкин, деган саволга Тогжан Касенова биринчи навбатда бу ядровий иншоотлар эканини айтади. Унга кўра, Қозоғистон ва Ўзбекистондаги бир нечта ядровий тадқиқот реакторлари хавфсизлиги кучайтирилган. Бундан ташқари, Тошкент ва Семипалатинскдаги реакторлар тўхтатилиб, демонтаж қилинган. Аммо Қозоғистондаги бошқа бир ядровий иншоотда иш ҳали якунига етказилмаган: “Каспий денгизи қирғоғида, Ақтауда реактор бор. У бутунлай тўхтатилган ва қурилмалар ҳаммаси саранжом қилиб йиғиштирилганига қарамай, аввал Ақтауда реакторда ишлатилган ядровий ёқилғи сақланяпти”, - дейди Касенова.

Ғарб мутахассисларига кўра, биологик қуроллар масаласи ҳам халқаро жамоатчиликни ташвишга солаётган муаммолардан бири. Бу турдаги қуроллар ёрдамида кенг кўламли террор ҳужумлари уюштирилиши мумкинлиги боис, АҚШ Марказий Осиёдаги муайян объектларни зарарсизлантириш лойиҳаларини амалга оширишга катта эътибор қаратмоқда. Хусусан, Тикланиш оролчаси ҳудудларини хавфли биологик ва кимёвий моддалардан зарарсизлантириш учун АҚШ ҳукумати миллионлаб доллар маблағ ажратмоқда. Тогжан Касеновага кўра, Тикланиш оролчаси жами майдонини тозалаш ишлари ҳали охирига етмаган: “Оролнинг Ўзбекистонга тегишли қисми каттароқ бўлиб, уни тўлиқ тозалашди. Оролнинг Қозоғистонга қарашли қисми эса, билишимча, ҳали охиригача тозаланмаган”, - дейди Лийдз Университети докторанти Касенова.

Ушбу оролдаги биологик қуроллар қолдиқлари хавфини бартараф этиш бўйича АҚШ ҳукумати маҳаллий мутахассислар билан ҳамкорликда махсус лойиҳа асосида иш олиб бормоқда. Хўш, бу хавфли чиқиндилар террористлар ёки бошқа ғаразли ниятли кишилардан етарли даражада мухофазаланганми? Бу ҳақда Тошкентдаги ҳамкоримиз Тўлқин ҳикоя қилади.
XS
SM
MD
LG