Линклар

Сўз эркинлиги борасида Ўзбекистон 166 давлат орасида 154инчи

  • Ҳурмат Бобожон

Қароргоҳи Парижда жойлашган Чегара Билмас Мухбирлар ташкилоти дунё мамлакатларида матбуот эркинлиги бўйича ўзининг йиллик ҳисоботини эълон қилди. Ўтган йилдаги каби бу йил ҳам асосан Осиё давлатлари: Шимолий Корея, Бирма, Лаос, Хитой, Эрон, Ветнам ва Туркманистон рўйхатнинг қуйи қисмидан ўрин олган. Журналистлар учун энг катта қамоқхонага айланган Куба эса 166 давлат орасида оҳирги ўринини эгаллади.

Ҳисоботга кўра, бу давлатларда мустақил матбуот умуман йўқ, бўлган тақдирда ҳам у ҳукуматнинг доимий тазийқлари остида қолмоқда. Масалан, Кубада 2003 йилнинг баҳорида 26 журналист 14 йилдан 27 йилгача бўлган муддатга қамоқ жазосига ҳукм этилган бўлса, рўйхатннинг 162чи ўрнида турган Африканинг Эритреа давлатида мустақил матбуот умуман таъқиқланган.

Ҳисоботда таъкидланишича, матбуот эркинлиги давлатнинг ривожланганлик даражасига боғлиқ эмас. Масалан, Бенин 29, Шарқий Тимор 30 ва Мадагаскар 46 ўринларни эгаллашган. Айни пайтда Европанинг ривожланган давлатлари ҳисобланган Испания рўйхатда 42, Италия эса 53 ўринда турибди.

Италияда кўплаб ахборот воситалари деярли ҳукумат раҳбари Силвио Берлускони назоратида эканлиги, яъни Берлускони мамлакатдаги хусусий телеканалларнинг 90 фоизига эгалик қилиши эркин матбуот тамоилларига зид экани таъкидланади ҳисоботда.

Чегара Билмас Мухбирлар ташкилоти ёйинлаган рўйхатнинг қуйи қисми собиқ Совет давлатлари, хусусан Марказий Осиё мамлакатлари ҳисобидан ҳам тўлган. Жумладан, Россия рўйхатнинг 148, Украина 132, Беларус 151 ўринларни эгаллашган. Собиқ Совет давлатлари орасида Туркманистон энг қуйи 158, Ўзбекистон эса 154 жойга тушиб қолган. Бу икки давлатда ҳукуматлар танқиднинг ҳар қандай кўринишига тоқатсиз экани таъкидланади Чегара Билмас Мухбирлар ташкилотининг бу йилги ҳисоботида.

Ташкилотининг собиқ Совет давлатлари бўйича дастури раҳбари Каролин Жиро Туркманистон ва Ўзбекистон эркин матбут тамоиллари бузилаётган давлатлар сифатида рўйхатнинг қуйи қисмига туширилишига жиддий сабаблар борлигини айтади.

"Туркманистон минтқадаги матбуот эркинлиги энг ёмон аҳволда бўлган давлат деб топилиб, у 166 давлат орасида 158 ўринни эгаллади. Бу давлатда матбуот эркинлиги умуман мавжуд эмас. Ўзбекистон эса рўйхатнинг 154 ўринни, яъни Туркманистонга яқинроқ поғонани эгаллаган. Ўзбекистонда цензура расман бекор этилганига қарамай, аслида у сақланиб қолмоқда", - дейди ташкилот вакили.

Каролин Жиро Марказий Осиё давлатларида ҳокимият доираларида кун сайин кенгайиб бораётган коррупция ҳақида ёзиш журналистлар учун таҳликали мавзу бўлиб қолаётгани ва ҳукуматлар ҳеч қандай танқидни тоқат қилаолмасликларини айтади. Сўзининг тасдиғи сифатида Жиро гомосексуал алоқалар ва баччабозликда айбланиб қамоққа олинган ўзбекистонлик мустақил журналист тақдирини мисол қилиб келтиради.

"Ўзбекистондаги вазият ҳақида алоҳида тўхталмоқчиман. Мустақил матбуот бор, деб даъво қилинаётган бу давлатда камида тўрт нафар журналист қамоққа олингани бизга маълум. Албатта, расман уларга журналистика фаолияти билан боғлиқ айбловлар қўйлмаган. Улар мухолифат газеталарида эълон этилган Каримов ҳукуматини танқид этувчи мақолалари учун қамалганлар. Улар орасида мустақил журналист Руслан Шарипов ҳам бор. Шариповга ёш болани зўрлаганлик айби қўйилган бўлса-да, Чегара Билмас Мухбирлар ташкилоти бундай айбловга журналистнинг эркин матбуот учун кураши сабаб бўлган¸ деб ҳисоблайди".

Каролин Жиро Ўзбекистон ва умуман Марказий Осиёда матбуот эркинлигига биринчи навбатда мавжуд ҳукуматлар ғов бўлаётганини таъкидлайди.

"Бу мамлакатларда ҳақиқатни ёзиш журналистлар учун ўта таҳликали. Шундай экан, бундай вазиятда цензурага ҳам хожат қолмайди, чунки нимани ёзиш ва нимани ёзмаслик кераклигини журналистлар яҳши билишади. Яъни матбуот эркинлиги у ердаги ҳукуматлар сиёсий иродасига боғлиқ. Ҳукумат тепасида диктаторлар қолар, улар журналистларнинг эркин фаолиятига имкон бермас эканлар, минтақада эркин матубот қарор топмайди", - деб таъкидлайди Каролин Жиро.
XS
SM
MD
LG