Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:06

«Қувасойцемент» кимнинг мулки?


Ориф Ҳошимов Ўзбекистонда ишлаб чиқариш қуввати йилига 80 минг тоннадан 3 миллион 400 минг тоннагача бўлган олтита цемент заводи бор.

21 октябр куни Тошкентда «Цемент саноати ва бозор» деб номланган учинчи халқаро Марказий Осиё анжумани иш бошлади. Ушбу тадбирга йигирмага яқин мамлакатдан вакиллар иштирок этмоқда.

«Ўзқурилишматериаллари» акциядорлик компанияси вакили Абдувоҳид Йўлдошевнинг айтишича, ушбу анжуманни ўтказишдан мақсад дунёнинг илғор фирмалари технологиялари билан танишиш, маркетинг ва менежмент янгиликлари билан ўртоқлашишдир.

Абдувоҳид Йўлдошевнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда ишлаб чиқариш қуввати йилига 80 минг тоннадан 3 миллион 400 минг тоннагача бўлган олти цемент заводи бор. Уларнинг энг йириклари «Қувасойцемент» ва «Қизилқумцемент» ҳисобланади.

А.Йўлдошевнинг айтишича, ҳозир Ўзбекистонда йилига 4 миллион тонна цемент ишлаб чиқарилмоқда. Бу цемент корхоналари тўла қувват билан ишламаётганини билдиради.

Анжуман бошланиши арафасида электрон оммавий ахборот воситаларида «Қувасойцемент» акциядорлик жамияти акцияларининг назорат пакети сотилгани тўғрисида бир-бирини инкор қилувчи хабарлар пайдо бўлди. Жумладан, 17 октябр куни «Узрепорт.ком» «Қувасойцемент»нинг 59 фоиз акциясини Латвиянинг «Тофҳолидейстуле Лтд» фирмаси сотиб олгани ҳақида маълумот тарқатди.

Худди шу куни «Биллион. Ру» сайти ҳам Бирлашган Араб Амирликларининг «Юнайтед интернешнл групп» компанияси «Қувасойцемент» қимматбаҳо қоғозларининг 59,45 фоизига эга бўлганини маълум қилди. Унда айтилишича, акциялар 1,2 миллион долларга харид қилинган.

Маълумотларга қараганда, «Юнайтед интернешнл групп» ўзбекистонлик ёш тадбиркор аёл Гулнора Каримовага (Президент Ислом Каримовнинг қизи) тегишлидир.

Ажабланарлиси шундаки, Тошкентда ўтаётган анжуманда «Қувасойцемент»дек йирик корхонанинг бирорта вакили иштирок этмаётир.

«Ўзқурилишматериаллари» акциядорлик компанияси вакиллари ушбу корхона қимматбаҳо қоғозларининг сотилгани тўғрисидаги хабарларга аниқлик киритишни лозим топмади.

Шунингдек, Давлат мулки қўмитаси масъуллари ҳам «Қувасойцемент»нинг акциялари савдога қўйилгани, лекин олди-сотди битими тўғрисида маълумотга эга эмаслигини билдирди. «Тошкент» фонд биржаси маклерлари эса бундай битим биржада қайд этилмаганлигини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG