Линклар

Ўзбеклар Қозоғистонга сиғмади

  • Барно Анвар

Маълумотларга қараганда, 21 октябрь куни Қозоғистон маъмурлари ўзбекистонлик 120 нафар ноқонуний мигрантни мамлакатдан чиқариб юборган.

Хабарларда айтилишича, Қозоғистондан чиқариб юборилган ўзбеклар ушбу мамлакат фермерлари далаларида пахта терган.

Ўзбекистонда пахтага тўланадиган ҳақнинг Қозоғистондагига нисбатан анча камлиги ўзбекларни қўшни давлатга ўтиб ишлашга мажбур этмоқда. Бироқ улар аксарият ҳолларда миграция қоидаларини билмайди ва натижада қонунбузарликка йўл қўяди.

«Озодлик» мухбири ушбу маълумотга муносабат билдириш учун Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати бошлиғи Илҳом Зокировга мурожаат қилди. У масаланинг Ўзбекистон-Қозоғистон чегараларига боғлиқ қирраларига эътибор қаратишни лозим топди.

И.Зокировнинг сўзларига қараганда, икки мамлакатнинг ўзаро чегаралари гарчи делимитация қилинган бўлса-да, ҳозирча демаркацияланмаган. Яъни чегарада устунлар ва тўсиқлар ўрнатилмаган. Айни пайтда чегарадаги катта йўллар ва чегара пунктларида назорат ўрнатилган, холос.

И.Зокировнинг айтишича, икки ўртада чегара белгилари ўрнатилгандан кейингина аҳоли ўртасида муайян тушунтириш ишлари олиб бориш мумкин. Ҳозир аҳолининг аксарияти чегара қаердан ўтганини ҳам билмайди. Шунинг учун чегараларда ҳар-хил нохуш вазиятлар бўлиб турибди, деди Ташқи ишлар вазирлиги вакили.

Унинг таъкидлашича, турли юмушларда ўзбеклар хизматидан фойдаланаётган Қозоғистон фуқароларининг ўзи мавжуд қонунларни бузмоқда. Меҳнат миграциясига ихтисослашган фирмалар фаолият юритиши учун тегишли лицензияга эга бўлиши лозим. Бундан ташқари, улар солиқ ҳам тўлаши керак.

И.Зокиров бундай фирмаларни лицензия қимматлиги боис ҳамда солиқдан қочиш мақсадида ноқонуний миграциянинг авж олишига ҳисса қўшаётганликда айблади.
«Озодлик» мухбири Ўзбекистон фуқароларининг депортация қилиниши масаласи юзасидан Қозоғистоннинг Тошкентдаги элчихонаси вакилларига ҳам мурожаат қилди. Лекин улар саволларни ёзма равишда элчихонага жўнатгандан сўнггина масалага муносабат билдиришини айтди.
XS
SM
MD
LG