Линклар

Мадридда донорлар йиғилдилар


Фарангис Саид 23 октябр пайшанба куни Испания пойтахти Мадридда Ироқни қайта тиклаш масаласига бағишланган икки кунлик халқаро конференция бошланди.

Конференцияда нафақат БМТ Бош Котиби Кофи Аннан ва тадбирга мезбонлик қилаётган Испания Бош Вазири Хозе Мария Азнар, балки АҚШ Давлат Котиби Колин Пауэл ҳамда Британия Молия Вазири Жон Сноулар қатнашмоқдалар. Аммо кўпгина бошқа давлатлар Мадрид конференциясига бу даражадаги юқори мартабали расмийларни юбормасликка қарор қилди. Бу эса уларнинг ҳам конференция ва унда муҳокама қилинажак масалага, ҳамда йиғин ташаббусчиси бўлмиш АҚШнинг Ироқ сиёсатига муносабатидан дарак беради.

Вашингтон Саддам Ҳусайннинг ҳокимиятдан қайси йўл билан ағдарилгани устидаги можароларни ортда қолдириб, жаҳон ҳамжамияти эътиборини Ироқ келажаги, аниқроғи унинг қайта тикланишига қаратмоқчи. Аммо, кузатувчилар фикрича, Оқ Уйнинг Ироқ урушига қарши чиққан давлатлар, хусусан Франция, Германия ва Россия Ироқ учун ажратилиши мумкин бўлган маблағ ҳажмини айнан Вашингтон сиёсати белгилаб беришини намойиш қилмоқчилар.

Конференция бошланишидан олдин БМТ Бош Котиби унинг натижалари муваффақиятли бўлишига умид билдирди:

- Ўйлашимча, Ироқни қайта тиклаш ишларини бошлаш учун зарур бўлган маблағни тез ва аниқ равишда йиға оламиз. Энг муҳими - уринишларимизнинг қўллаб-қувватланишидир.

Шу билан бирга Кофи Аннан Мадрид конференцияси якунида йиғиладиган маблағ тегишли равишда тақсимланишини билдирди.

Кофи Аннан ва Мадридга борган Жаҳон Банки Президенти Жеймс Волфенсон донорларни Ироққа ёрдам ажратишга кўндиришга уринмоқдалар.

Ҳисоб-китобларга кўра, Ироқни қайта тиклаш ишлари 55 миллиард АҚШ долларига тенг маблағ талаб қилади. Қўшма Штатлар 20 миллиард ажратишни ваъда қилди. Бу маблағнинг тақсимланиши АҚШ томонидан тайинланган Бошқарув Кенгаши орқали амалга оширилиши кўзда тутилган. АҚШ шерикларининг ҳам ҳам айни йўлни танлашлари башорат қилинмоқда.

Аммо кўпгина бошқа донорлар маблағ БМТ ва Жаҳон Банки томонидан назорат қилиниши керак, деб ҳисобламоқдалар. Чунки, улар фикрича, фақат шу йўл билан маблағ ажратилиши ва тақсимланиши жараёнининг шаффофлигини таъминлаш мумкин.

Мадрид конференцияси давомида БМТ Хавфсизлик Кенгаши қошида тузилиши кутилаётган Ишонч жамғармасига оид тафсилотлар маълум қилинади.

Европа Комиссиясининг Ташқи Алоқалар бўйича Комиссариати Матбуот Котиби Диего Охеда тузилажак жамғарма ҳақида шундай дейди:

- Биз жон-жон деб Мадрид конференциясида иштирок этамиз, чунки Ироқни қайта тиклаш ишлари муваффақиятли бўлишида ҳиссамиз катта, деб ҳисоблаймиз. Ироқдаги вазият ниҳоятда нобарқарор, эҳтиёжларга энди-энди баҳо берилмоқда. Шу боис биз донорларнинг мана шу жамғарма орқали маблағ ажратишлари ва жамғарманинг БМТ Тараққиёт Дастури ҳамда Жаҳон Банки томонидан бошқарилиши тўғри бўлади, деб ҳисоблаймиз.

Шу кунгача Ироқни қайта тиклаш ишлари учун (АҚШ ҳиссасидан ташқари) бор-йўғи 3 миллиард доллар ажратиш ваъда қилинди. Ваъдалар Япония, Британия ва Испания томонидан билдирилди. Европа Иттифоқи ҳам 2004 йилда 235 миллион доллар ажратишга тайёрлигини маълум қилди. Потенциал донорлар сирасига Жаҳон Банки ҳам қўшилди: чоршанба куни Банк раҳбарияти Ироққа 5 миллиард ажратишини эълон қилди.

Айни вақтда Германия, Франция ва Россия Ироққа молиявий ёрдам кўрсатмасликка қарор қилдилар.

Россия Ташқи Ишлар Вазири муовини Юрий Федотов Москванинг ушбу қарорига тушунтириш берар экан, Ироқнинг жуда бой мамлакат эканини қайд этди.

“Ироқ камбағал мамлакат эмас. У нефтга бой, қишлоқ хўжалиги ва саноати ривожланган мамлакатдир. Бундан ташқари унга кўрсатиладиган кўмак бевосита беғараз ёрдам шаклида бўлиши шарт эмас. Бунинг йўллари кўп”, - деди Москва расмийси.

Бундай йўллардан бири – Ироқ ташқи қарзларидан воз кечишдир. Вашингтон Европа Иттифоқи ва айрим араб давлатларини айнан шу йўлни танлашга кўндиришга ҳаракат қилмоқда.
XS
SM
MD
LG