Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:53

“Эрк” демократик партиясининг 5-қурултойи.


"Эрк" демократик партиясининг 22 октябр куни бўлиб ўтган 5-қурултойи муносабати билан шу кунги эшиттиришларимизда ҳавога узатилган суҳбатлар матни.

Бошловчи: 22 окятбрь куни Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти маданият саройида «Эрк» демократик партиясининг 5-қурултойи бўлиб ўтди. Маълумки, партиянинг 4-қурултойи бундан ўн йил муқаддам бўлиб ўтганди. Маълумотга кўра, қурултой ўта зиддиятли бир аҳволда ўтган. Қурултой ҳақида батафсил маълумотга эга бўлиш учун биз Тошкентдаги мухбиримиз Шайбонга боғландик.

Шайбон, ассалому алайкум.

Шайбон: Ваалайкум ассалом, Абдулла Искандар.

Бошловчи: Шайбон, демак «Эрк» партиясининг қурултойи ниҳоят бўлиб ўтди. Шундайми?

Шайбон: Республика кўзи ожизлар жамияти маданият саройида «Эрк» демократик партиясининг 5-қурултойи бўлиб ўтди. Чиндан ҳам мана шу сўнгги ўн кунлар - ўн беш кунлар давомида «Эрк» партияси фаолларига кўрсатилган баъзи бир таъқиблар, тазйиқлар, уларнинг ҳужжатлари, демак, қурултой ашёлари тортиб олинишига қарамасдан 22 октябрь куни «Эрк» партиясининг 5-қурултойи бўлиб ўтди.

Бошловчи: Қурултойда қандай масалалар кўрилди?

Шайбон: Қурултой аввалида бешта масала кўрилиши кўзда тутилган эди. Лекин қурултойда ҳаммасини тўла кўриб чиқишнинг имкони бўлмади. Демак, «Эрк» партиясининг Марказий кенгаши 20 кишидан иборат аъзолар сайланди ва айтиб ўтилдики, бу Марказий кенгаш аъзолари сафи яна кенгайтирилиши мумкин. Яъни 20 киши билан кифояланмайди. Тахминан 48-50 кишидан иборат бўлади. Ва айни пайтда, демак, партия раиси Муҳаммад Солиҳнинг қурултой иштирокчиларига юборган мактуби ўқиб эшиттирилиши керак эди. Лекин мактуб ўқиб эшиттирилмади. Бунинг сабаби ҳақида тўхталар экан, партия котиби Отаназар Орипов шундай деди: «( Отаназар Орипов овози) Азиз биродарлар, партия раҳбариятининг ҳисоботи сифатида бизга партия раисининг юборган нутқини биз тўрт юз нусхада кўпайтириб, сизларнинг қўлингизга тарқатишга ҳозирлаган эдик. Афсуски, бу нусхалар барчаси бизда ҳозир қўлимизда йўқ... тортиб олинди. Лекин ана шу маъруза матни сизлардан, бу ерда ўтирганлардан тўрт кишининг қўлида бор. Ўқиган, танишган ва у кўплаб инсонларга тарқатилди. Шунинг учун ҳам бу қисмини биз қўлимизда тарқатма материал бўлмагани учун бугун кун тартибига киритмасдан, бошқа фақатгина қурултой ваколатидагина бўлган материалларни ҳал қилиб олиш учун йиғилганмиз».

Шайбон: Бундан ташқари, демак, қурултойнинг ўша янги, қўшимчалар киритилган низоми ўқиб эшиттирилди. Бу низом ҳам, маълумки тингловчиларимизга, 13 октябрь куни Собир Раҳимов туман ички ишлар бўлими ходимлари томонидан тортиб олинган. Шу боис, низомнинг фақат бир нусхаси бор эди қурултойда. Ва ана шу низом ҳақида қисқача тўхталишлар, тушунтиришлар бўлгандан кейин қурултой иштирокчилари уни асос сифатида қабул қилишга овоз беришди.

Бошловчи: Шайбон, бизгача етиб кетган маълумотларга кўра, қурултой ўта зиддиятли ҳолда ўтибди. Сиз мана шу маълумотларга аниқлик киритиб ўтсангиз. Нима бўлди ўзи?

Шайбон: Ҳа, чиндан ҳам, Абдулла Искандар, қурултой ниҳоятда зиддиятли ҳолда ўтди. Бундай ўтишига сабаб «Эрк» партиясининг бош котиблигига даъвогарлик қилаётган Самад Мурод ва унга ҳамфикр бўлган гуруҳлар уларга сўз берилишини талаб қилишди. Ва айни талаблар билан қурултой президиумига чиқиб олишди. Президиум билан қурултой иштирокчиларининг йўлида тирик девор ҳосил қилишди ва мана шу ҳолатлар қурултой иштирокчиларининг кескин эътирозига сабаб бўлди. Ва мана бу қуйидаги ҳолатлар содир этилди. (овозлар) Шу боис қурултой иштирокчилари аксар қисми норозилик сифатида йиғилиш ўтаётган зални тарк этишни лозим топишди.

Бошловчи: Демак, айни ҳолатлар ўлароқ қурултойнинг аксар иштирокчилари йиғилиш залини тарк этишган. Шу билан қурултой иши тўхтадими ёки бирор бошқа жойда давом этдими?

Шайбон: Демак, боя айтиб ўтганимдек, қурултойнинг аксар иштирокчилари йиғилиш залини тарк этишганидан сўнг Республика кўзи ожизлар жамияти маданият саройи раҳбари томонидан бошқа нисбатан кичикроқ зал тавсия этилди. Ва мана шу зални тарк этган шахслар Отаназар Орипов, Дилором Исоқова, Абдуҳошим Ғафуров бошчилигида ана шу залга кўчиб ўтишди. Албатта, зал анчагина тор эди. Шунинг учун қандайдир ноқулай ҳолатда ўтиришиб, шунга қарамасдан қурултойни давом эттиришди. Юқорида айтиб ўтганим, барча кун тартибидаги масалаларни муҳокама қилиб, якуний холосага келишди ва қурултой охирида ҳамма туриб, қарсак чалиб, қурултой ўтганлигини баралла такрорлашиб, бир-бирини табриклашиб тарқалишди.

Бошловчи: Шайбон, энди Самад Мурод билан қолганлар нима билан банд бўлишди? Бирор-бир маълумотингиз борми бу борада?

Шайбон: Бизнинг мана шу сиз билан суҳбатлашишимиздан бироз аввалроқ радиомизга номаълум шахс телефон қилди. У ўзини Самад Мурод жаноблари билан бирга залда қолган гуруҳ вакилидан бири деб таништирди. Унинг айтишича, улар ҳам ўз ҳолича қурултойни ўтказишган ва қурултой натижасига кўра Самад Мурод партиянинг раиси этиб сайланган ва олим Бахтиёр Исабеков партия котиби этиб тайинланган. Ва уларнинг фикрича, юқорида алоҳида хонада ўтказган Отаназар Орипов бошчилигида ўтган қурултой мутлақо демак ҳақиқий қурултой эмас. Бор маълумотимиз шу.

Бошловчи: Халқаро ташкилотлар вакиллари, элчихоналар вакиллари иштирок этдими?

Шайбон: Қурултойда мамлакатдаги фаолият олиб бораётган дипломатик корпуслар вакиллари бўлишди. Халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти аъзолари иштирок этишди. Жуда ҳам кўп сиёсатчилар, халқаро кузатувчилар иштирок этишди. Ва биласизми, уларнинг юзида ҳам мана бу узоқ йиллар давомида шундай бир интизорлик билан кутилган, «Эрк»чилар томонидан кутилган, қурултой бунақанги тўполонли тарзда ўтаётгани, у ерда тартибсизликлардан улар ҳам анчагина таажжубга тушганини яққол кўриш мумкин эди. Лекин шунга қарамай, мана шу диплмоатик корпус вакиллари, мана шуни алоҳида таъкидламоқчи эдим, зални Самад Мурод ва унинг гуруҳига қарши зални тарк этган шахслар билан баробар зални тарк этиб, ана шу кичкина залга, кейинги кичкина залга кўчиб ўтишди. Ва қурултой сўнггидан кейин қурултой иштирокчиларини самимий табриклашди улар ҳам.

Бошловчи: Ўзбекикистон кўзи ожизлар жамияти маданият саройида бўлиб ўтган «Эрк» демократик партиясининг 5-қурултойи ҳақида маълумотлар билан танишдингиз. Хўш, бу қурултой «Эрк» демократик партиясининг навбатдаги муваффақиятими ёки шунчаки тадбирми? Биз бу саволни «Эрк» демократик партиясининг асосчиси, ҳозир Норвегияда истиқомат қилаётган Муҳаммад Солиҳга бердик.

Муҳаммад Солиҳ: Бу партиянинг жуда катта муваффақияти. Нега? Чунки шунча тазйиқ-таъқибга қарамай, партия ўзининг йўлида ва ўзининг принципларида давом этди ва буни яна бир марта бутун дунёга очиқ-ошкор кўрсатди. Яъни биз ғоямиздан – Ўзбекистонда демократик ҳуқуқ давлатини қуриш ғоямиздан ҳали ҳам воз кечганимиз йўқ. Бутун азоб-уқубатга, бутун изтиробга ва бутун тазйиқ-таъқибга қарамай.

Бошловчи: Мана шу бўлиб ўтган воқеага, яъни партиянинг ичида бўлинишга ўхшаган бир нарса содир бўпти, яъни Самад Мурод ва Бахтиёр Исабековлардан иборат гуруҳ партия қурултойи ўтказганлигини мана хабарларда айтиб ўтишди. Мана шу партиянинг ичидаги бўлаётган мана шу воқеага муносабат билдирсангиз.

Солиҳ: Муносабатим менинг аниқ. Зотан бу нарсани биз 1996 йилдан бери биз бу гапни партиянинг ичида фақат муҳокама қилганмиз. Чунки 96 йилда Самад Мурод бизнинг бош котибимиз сифатида партиядан, бош котибликдан узоқлаштирилган. Бунинг сабаби 95 йил июнь ойида бизни ҳукумат ўша давлат тўнтариши тайёрлади «Эрк» партияси деб пропаганда қилган пайтда 95 йил август ойида Самад Мурод Ўзбекистон телевидениесидан чиқиб, мен «Эрк» партиясидан воз кечдим ва Муҳаммад Солиҳнинг бунақа ишларига мен аралашганини билмас эдим, деган шаклда тавба қилган. Бу нарса документаль, ҳужжатли равишда бизнинг қўлимизда ва бу Ўзбекистон телевидениесининг ҳам ўша архивларида сақланаётган нарса. Яъни бу ҳужжат. Ўша пайтда биздан чиқиб кетган бу одам Самад Мурод 96 йилда. Ва 96 йилда биз буни расмий ҳужжатлар билан ҳужжатлаштирганмиз ва ўша пайтдан бери Самад Мурод бизнинг аъзомиз эмас.

Бошловчи: Энди бугунги воқеага муносабат билдирсангиз. Мана шу қурултой ичида бўлиб ўтган зиддиятларга.

Солиҳ: Зиддият деб бўлмайди буни. Зиддият деб буни катта айтилишнинг кераги йўқ. Ўша ерда мана бугун ўша ердан олган хабарларимга қараганда, булар 20 та киши. Ва 20 та кишиниям булар ярим йил ичида зўрға тўплади. Яъни бизга қарши мухолифат шакллантириш учун. Бу одамларнинг асл дарди бултур ўша Самад Муроднинг ўзи келиб, бир бизнинг партиянинг котибига – Отаназар акага айтган гапи: «Мен КГБ билан, СНБ билан гаплашдим. Улар бизга ҳар қандай қулайликларни ҳаммасини бизни таъминлайди ва агар биз уларнинг гапига кирсак, ўша партияни қутқариб қолишимиз мумкин», деган гапни айтганда, бизнинг котибимиз, ўша ерда ўтирган бошқа дўстларимиз ҳаммаси рад қилган буни. Аммо биз буни ўша пайтда очиқ айтганимиз йўқ. Чунки ҳар ҳолда бу гапдан кейин булар уялишар ва ўзининг бунақа ғайриахлоқий таклифи билан бизга келмайди, деб ўйлагандик. Лекин кўрдингиз, улар ўша провокациясини ҳукумат билан бирга ишлаб, бу провокациясини бугунга қадар ташидилар ва ўзлари мана охир-оқибатда шарманда бўлдилар. Ва 20 та киши ажралиб чиқиб кетди ва буларнинг кимлиги бугун халққа аён бўлганидан мен жуда хурсандман.

Бошловчи: Энди яна бир гап-сўзлар бор, яъни ўн йил ичида Муҳаммад Солиҳ якка шаклда мана шу партияни бошқариб келди. Ва айни танқид қилинаётган ҳодиса, яъни Ўзбекистон ҳукуматини танқид қилаётган партия ҳам айни нимани такрорлаяпти, деган бир гап-сўзлар бор. Бунга нима дейсиз? Умуман, Ўзбекистон «Эрк» демократик партияси ички тизимлари демократикми?

Солиҳ: Ўн йил мен сургунда юрибман. Ўн йил партия тазйиқ ва таъқиблар остида яшади ва нормал бир фаолият кўрсатмадики, ундан нормал шароитдаги нарсаларни талаб қилиш учун. У партиядан нормал нарсаларни ва нормал структуранинг ишлашини талаб қилиши учун аввал унга нормал шарт-шароит яратиб беринг. Бу умуман кулгили нарса. Муҳаммад Солиҳ ўн йилдан бери партия раҳбарлик йўқ мен ўн йилдан бери сургунда юрган бир лидерман. Ва партия деярли тўрт йил ичида ҳеч нарса қила олгани йўқ. Абсолют бирор нарса қила олгани йўқ. Чунки сал бошини кўтарган одамни дарров қамоққа ташладилар ва бу аҳволда қандай қилиб биз сиёсий фаолиятда ўн йилдир ўтирибсиз, раислик қилиб ўтирибсиз, деб танқид қилиш мумкин.

Бошловчи: Муҳаммад Солиҳ, шу пайтгача ҳар доим муаммолар ҳақида гапирилди. Нима бўлди, деган савол атрофида ўралашдингиз. Аммо нима қилиш керак, деган саволга тайёр бир тавсияларни эшитмаяпмиз. Хўш, сиз мана партиянинг асосчиси сифатида нима қилиш керак, деган саволга қисқа жавоб бера оласизми?

Солиҳ: Қисқа жавоб бериш жуда қийин. Чунки қиладиган ишлар жуда кўп ва буни биз ўша партиянинг мана ўша қурултойига тақдим қилинган программамизда, дастуримизда жуда кенг ва деталли бир шаклда кўрсатдик нима қилиш кераклигини. У ерда ўша муаммо қўйилади ва унинг ечими, яъни шу шаклда биз бутун халққа бу нарсани тақдим қилдик ва бу ҳозир муҳокама кетяпти. Бизнинг ниятимиз пок, мақсадимиз аниқ ва халқимизга хизмат қилишни истаймиз ва бизнинг программамиз очиқ-ойдин ва ҳеч бир яширин жойимиз йўқ. Биз Ўзбекистонда демократик ҳуқуқ давлатни қуриш тарафдоримиз ва унинг учун бизнинг программамиз бор ва қандай қурилиши ва нима истаганимизни биз очиқ айтяпмиз ва бундан кейин ҳам очиқ айтамиз.

Бошловчи: Раҳмат.
XS
SM
MD
LG