Линклар

logo-print

БМТ ходимларини хавфсизлик билан таъминлаш масаласига жиддийроқ эътибор беришга чақирилмоқда.


Акрам Файзулло Август ойида БМТнинг Бағдоддаги қароргоҳига уюштирилган ҳужумдан кейин бир гуруҳ мутахассислар халқаро ташкилот ходимларини хавфсизлик билан таъминлаш масаласига жиддийроқ эътибор беришга чақирмоқдалар.

Мустақил комиссия томонидан тарқатилган янги ҳисоботга кўра, 19 август куни юз берган мазкур ҳужумга БМТ қароргоҳида етарли хавфсизлик чоралари кўрилмагани сабаб бўлган.

Мазкур комиссия раиси, Финландия собиқ Президенти Марти Ахтисарига кўра, БМТнинг Бағдоддаги қароргоҳини тегишли хавфсизлик билан таъминлаш кераклиги очиқ-равшан бўлганига қарамай, БМТ расмийлари Ироқ масаласида тарафкашлик қилмаслик учун, қароргоҳнинг коалиция кучлари томонидан қўриқланишини хоҳлашмаган:

“Ўша пайтда фақат коалиция кучларигина БМТ қароргоҳини хавфсизлик билан таъминлаши мумкин эди. Бу масала юзасидан ўтказган текширувимиз давомида ҳеч ким муқобил хавфсизлик чораларини жиддий равишда қидирмаганига амин бўлдим”, - дейди Марти Ахтисари.

Унинг айтишича, БМТ хавфсизлик ходимлари халқаро ташкилот қароргоҳига ҳужум қилиниши ҳақидаги огоҳлантиришларга жиддий эътибор бермаганлар.

Ахтисарига кўра, БМТнинг Ироқда кейинги йилларда олиб борган фаолияти ташкилот эътиборига зиëн етказган:

“Хоҳлаймизми, хоҳламаймизми, кўплаб ироқликлар олдида БМТ имиджига доғ тушди. БМТнинг Ироққа қарши жорий этган санкциялари, ҳарбий инспекциялари ва нефтни озиқ-овқатга алмаштириш дастури бунга сабаб бўлди. Зотан, ироқликлар БМТга инсонпарварлик ташкилоти, деб эмас, балки Ироқ нефтидан хоҳлаганича фойдаланиб, мамлакат суверенитетига дахл қилган ëт бирлик сифатида қараб келдилар”, - дейди Марти Ахтисари.

БМТ матбуот вакили Хва Цзян мустақил комиссия ҳисоботида хавфсизликни мустаҳкамлаш ҳақида келтирилган тавсиялар юзасидан зарур чоралар кўрилишини баëн қилди. У БМТ Бош котиби Кофи Аннаннинг мазкур ҳисоботга нисбатан муносабатини билдиришга ҳали вақт эрта эканини айтди:

“Ҳисоботда кўплаб тавсиялар бор. Аннанга бу тавсиялар билан танишиб чиқиш ва уларни ўз ходимлари билан муҳокама қилиш учун вақт керак”, - дейди Хва Цзян.

Айни пайтда, мустақил комиссия БМТнинг Бағдоддаги қароргоҳи етарли хавфсизлик чоралари билан таъминланмаганига маъсул бўлган БМТ мутасаддиларини тергов қилиш ва жавобгарликка тортишга чақирмоқда.

Мазкур комиссия аъзоси, Харвард Университети тадқиқотчиси Клод Брудерлайннинг айтишича, комиссия хавфсизликка маъсул бўлган ходимларнинг номларини ошкор қилмайди, чунки бу масала билан БМТ шуғулланиши керак:

“Биз БМТни ушбу маъсулиятсизлик масалалари юзасидан ўз ходимлари ëки мустақил мутахассислар иштирокида тегишли текширув жараëни бошлашга чақирамиз”, - дейди Клод Брудерлайн.

19 август кунги портлашлар оқибатида 22 одам, шу жумладан БМТнинг Ироқдаги махсус вакили Сержио Виера Де Мелло нобуд бўлди ва 150 киши яраланди. Ушбу ҳужумдан кейин БМТ Ироқдаги ходимларини 600дан тахминан 50 нафарга қисқартирди. Халқаро ташкилот бу яқин орада Ироқдаги ходимлари сонини ошириш нияти йўқлигини билдирди.
XS
SM
MD
LG