Линклар

logo-print

АҚШ Президенти Жорж Бушнинг Осиё сафари ниҳоясига етди.

  • Ҳасанжон

АҚШ Президенти Жорж Буш Осиё давлатларига сафарини якунлади. Сўнгги босқичда Австралияга борган Буш 23 октябр куни мамлакат Парламентининг ялпи йиғилишида нутқ сўзлади. Ироқ ва Афғонистонга қўшин жўнатгани, ҳамда терроризмга қарши курашдаги яқин ҳамкорлиги учун АҚШ раҳбари Австралия ҳукуматига миннатдорлик билдирди: “Биз ушбу душман - террорчиликка қарши бор кучимиз билан курашмоғимиз лозим. Террорчилар дастидан дунёдаги ҳеч бир мамлакат тинч яшай олмайди. Ҳеч ким бинода, учқичда ёки тунги клубларда ёхуд шаҳар автобусида тўсатдан юз берадиган зўравонликдан ҳимояланмаган. Австралия ва Америка бундай азобни бошидан ўтказди”, - деди Жорж Буш.

Терроризмга қарши кураш масаласи Буш сафари давомида олиб борилган музокараларда марказий ўрин тутди.

Таиландда бўлиб ўтган Осиё-Тинч Океани Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилоти саммитида минтақа лидерлари Жорж Бушга савдо алоқа-ларини кенгайтиришдан ташқари хавфсизлик, жумладан терроризмни йўқ қилиш масаласига эътиборни кучайтиришга ваъда бердилар.

Аммо сафар давомида АҚШ раҳбари танқидларга ҳам учради.

23 октябр куни Буш Канберрада Австралия Парламенти аъзолари олдида нутқ сўзлаётган пайтда бино ташқарисида бир неча минг одам норозилик намойиши ўтказди.

Бундан ташқари Парламент биноси ичкарисида ҳам Буш нутқига ҳалақит берганлар бўлди. Ал-Қайда гуруҳига аъзоликда гумон қилиниб АҚШнинг Кубадаги Гуантанамо базаси қамоқхонасида сақланаётган австралияликнинг ўғли Аҳмад Ҳабиб бинодан чиқариб юборилгунича: “Эй Буш, менинг отамга нима бўлди?”, - деб бақирди.

Ироқ урушига қарши чиққан икки Яшиллар Партияси депутатлари, жумладан Сенатор Кэрри Неттл, Жорж Бушнинг нутқини икки марта бўлиб қўйди. Жорж Буш: “Сенатор Неттл ўз ўрнингизни эгалланг. Сержант, Сенатор Неттлни чиқариб юборинг. Сенатор Неттл ўз ўрнингизни эгалланг. Президент ... Сенатор Неттл огоҳлантирилди. Сержант, Сенатор Неттлни залдан чиқариб юборади”, - деди Австралия Парламенти раиси.

АҚШ Президенти Жорж Бушнинг Филиппин ва Индонезияга ташрифи чоғида ҳам норозилик намойишлари бўлиб ўтган эди. Жакартада уюштирилган норозилик намойишида Индонезия Президенти Мегавати Сукарнопутрининг синглиси ҳам қатнашди.

Ўтган йил бомба ҳужумлари уюштирилган Балида Жорж Буш АҚШнинг Ироқ ва Исроил бўйича сиёсатидан норози бўлган мусулмон лидерлари билан бир соат давомида сўзлашди.

Индонезия Президенти Сукарнопутри қўшма матбуот анжуманида терроризмга қарши уруш борасида мавжуд келишмовчиликка шундай ишора қилди: “Биз барча масалаларда ҳар доим ҳам бир хил қарашга эга бўлмасак-да, мамлакатларимиз манфаати йўлида, жаҳон бўйлаб тинчликни мустаҳкамлаш учун маслаҳатлашиш ва ҳамкорликни давом эттирмоқдамиз”.

Жорж Буш сафари муносабати билан минтақада хавфсизлик чоралари ниҳоятда кучайтирилди. Хусусан, Австралияда мамлакат ҳарбий ҳаво кучларига қарашли учқичлар АҚШ раҳбари кетаётган самолётни Канберрагача кузатиб борди ва осмонда мунтазам парвоз қилиб турди. Буш тўрт соатга тўхтаган Балида эса, соҳил хавфсизлиги ҳарбий кемалар воситасида таъминланди. АҚШ Президентининг Осиё давлатларига сафари давомида бошқа масалалар қатори, Ироқни қайта қуриш, савдо ҳамда Шимолий Корея ядровий дастури хусусида юзага келган бўҳрон каби масалалари муҳокама этилди.
XS
SM
MD
LG