Линклар

logo-print

Аграрлар «либерал» лаштирилмоқда


Хабарларга қараганда, сўнгги вақтларда Аграрлар ва тадбиркорлар партияси (АТП) аъзоларини турли йўллар билан янги ташкил этилаётган Ўзбекистон либерал-демократик партияси (ЎзЛДП) сафига ўтказишга уринишлар бўлмоқда.

Шу муносабат билан АТП марказий ҳайъати яқинда баёнот тарқатди. Унда айтилишича, Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг ЎзЛДП ташаббус гуруҳи билан учрашувидан сўнг вилоятларда янги партия тарғиботи кучайган. Шу билан бирга, Аграрлар ва тадбиркорлар партияси фаолиятини чеклаш учун турли тадбирлар ўтказила бошланган.

Хусусан, баёнотда Фарғона вилоятининг Бағдод туманида «Пахтабанк»нинг туман бўлими раҳбарлари АТПга аъзо тадбиркорлар ва фермерларга тазйиқ ўтказаётгани айтилади.

Ушбу икки партия асосини аҳолининг тадбиркорлар қатлами ташкил этади. Бироқ АТП ЎзЛДПдан фарқли ўлароқ, ҳукумат кўмагида тузилмаган.

Аграрлар ва тадбиркорлар партиясининг Фарғона вилоятидаги фаолларидан бири Барчиной Набиеванинг айтишича, АТП раҳбарияти партияни рўйхатдан ўтказиш учун август ойидаёқ Адлия вазирлигига ҳужжат топширган бўлса-да, ҳозиргача расмий жавоб олгани йўқ.

Б.Набиеванинг сўзларига қараганда, янги тузилаётган ЎзЛДП ўз низоми ва дастурини АТПдан кўр-кўрона кўчириб олган. Бағдод туманида АТП аъзоларига нисбатан тазйиқнинг кучайиб бораётганига маълум сабаблар бор. Гап шундаки, ЎзЛДП лидери Қобилжон Тошматов шу тумандан Олий Мажлис депутатлигига сайланган. «Пахтабанк» раиси бўлган бу шахс банкнинг жойлардаги бўлимлари кучи билан янги партияга тарафдорлар йиғиш йўлини танлаган.

Хабарларга қараганда, «Пахтабанк»нинг туман бўлимига мурожаат қилган тадбиркор ва фермерлар АТПдан чиқиб, ЎзЛДПга аъзо бўлишга ундалмоқда. Акс ҳолда улар банкдан қарз берилмаслиги, турли ёрдамлар ва имтиёзлардан маҳрум қилиниш билан қўрқитилмоқда.

АТП тарқатган баёнотда айтилишича, аграрларни ЎзЛДПга ўтишга мажбур қилиш ҳолатлари Андижон, Тошкент, Бухоро ва Қашқадарё вилоятларида ҳам кузатилаётир.
XS
SM
MD
LG