Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:37

Туркманистонни Европарламент танқид қилди


Европарламентнинг 23 октябр куни бўлиб ўтган мажлисида Марказий Осиë, ва хусусан Туркманистондаги инсон ҳуқуқлари аҳволи танқид остига олинди. Европарламент депутатлари Турманистонни дунëдаги энг ëмон тоталитар бошқарувдаги мамлакат сифатида тилга олишди.

"Туркманистон ҳукумати бундан олдин билдирилган барча танқидларни, хусусан Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг март ойидаги, БМТ инсон ҳуқуқлари комиссиясининг апрел ойидаги резолюцияларини намойишкорона инкор қилди", - дейилади Европарламент қабул қилган хужжатда.

Шунингдек хужжатда "Туркманистон ҳукумати қамоқҳоналардаги сиëсий маҳбусларни ҳеч қандай шартларсиз озод қилиши керак", дейилади.

Мажлисда умуман Марказий Осиëдаги инсон ҳуқуқлари масаласи кўрилган бўлсада бутун эътибор Туркманистонга қаратилди. Чунки дейди Очиқ жамият институти қошидаги , Туркманистон лойиҳаси раҳбари Эрика Дейли:

"Туркманистондаги аҳволнинг қўшнилар билан солиштирганда ўта оғир эканлигини таъкидлаш лозим.У ерда мухолифатнинг ҳатто нафас олиш имконияти ҳам йўқ.Албатта, Ўзбекистонда ҳам тазйиқлар давом этмоқда, аммо аҳволни Туркманистон билан қиëслаб бўлмайди".

Европарламент мажлисида қатнашган Туркманистоннинг Туркия ва Исроилдаги собиқ элчиси Нурмуҳаммад Ҳанамовга Европарламентнинг бу қарори ҳам бошқа хужжатлар каби қоғозда қолиб кетмайдими, деб савол бердик.

Нурмуҳаммад Ҳанамов:
"Қоғозда қолиб кетмаса керак, ҳар ҳолда. Агар қоғозда қоладиган бўлса биз,яъни туркман мухолифати бу аҳволга қўл қовуштириб қараб турмаймиз, бундан ҳам каттароқ мажлислар кун тартибига Туркманистондаги мавжуд аҳвол борасидаги масалани киритамиз.
Жаҳон жамоатчилиги ва халқаро ташкилотларда Туркманистондаги вазиятни яхшилаш учун самарали воситалар мавжуд деб ҳисоблайман”.


Умуман Европарламент қабул қилган ҳужжатнинг анча жиддий эканлиги аниқ, лекин унда акс этган талабларнинг ижро механизми борми,агар расмий Ашхобод аввалгиларга ўхшаб бу ҳужжатни ҳам эътиборсиз қолдирадиган бўлса нима бўлади? Бу саволга жавоб берган Нурмуҳаммад Ҳанамов Европарламент имконидаги жазо чоралари ҳақида гапиради.

Нурмуҳаммад Ҳанамов:
"Агар Туркманистон режими резолюция талабларини бажармаса, ëки бажаришдан бош тортса, унда иккинчи қадам сифатида мамлакатга Европарламент тарафидан жазо чоралари кўрилади".

Аммо "бу жазо чораларини қўллашга халқаро ташкилотлар унча шошилишмайди, оқибатда БМТ, ЕХҲТ каби ташкилотларнинг у ëки бу мамлакатдаги демократик жараëнларга таъсири кўринмаяпти" деган эди биз билан сухбатда Ўзбекистонлик мустақил ҳуқуқшунос Нозима Камолова.
Хўш, халқаро ташкилотлар қўллаши мумкин бўлган жазо чоралари нимадан иборат? Озодликнинг туркман хизмати раҳбари Ноз Назар хоним гапиради.

Ноз Назар:
“Бу аввало иқтисодий чоралардир.Туркманистондаги режимнинг инсон ҳуқуқларини тузатиш борасидаги тавсияларга қулоқ солмаганлиги мамлакатга иқтисодий жазо чоралари қўлланилиши лозимлигини кун тартибига чиқаради”.

Туркманистонга нисбатан иқтисодий жазо қўлланар экан бундан аввало ким кўпроқ зиëн кўради? Халқми, ëки бошқарув элитасими ? Бу саволимизга жавоб берган Ноз Назар ҳоним Туркманистоннинг собиқ ташқи ишлар вазири Авди Қулиев фикридан иқтибос келтирди.

Ноз Назар:
"Бирлашган туркман мухолифати лидери Авди Қулиевга кўра Туркманистондаги буткул бизнес Ниëзовнинг шахсий мулкидир. Шу маънода иқтисодий чоралардан фақат Ниëзов зарар кўради”.

Мутаҳассислар "Европарламент қўллайдиган иқтисодий жазо чоралари Россия ва Эрон тарафидан қувватланмаса, бирон бир самарага эришиб бўлмайди", дейишмоқда.

Европарламент қабул қилган резолюцияда шунингдек Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон турмаларидаги озод қилиниши шарт бўлган сиëсий махбуслар рўйҳати номма-ном келтиради. Ғалимжон Жакиянов,Сергей Дуванов,Феликс Кулов билан бирга рўйҳатда Ўзбекистон мухолифати вакили Муҳаммад Бекчоновнинг ҳам исми бор.
XS
SM
MD
LG