Линклар

logo-print

БМТ Сахаров мукофоти билан тақдирланди


А. Арол

БМТ Фикр Эркинлиги бўйича Сахаров йиллик Мукофотига сазовор бўлди. БМТ Бош Котиби Кофи Аннан ва у бошқараëтган ташкилот ходимлари кўп ҳолларда ҳаëтларини хавф остига қўйиб, оғир шаройитларда олиб бораëтган ишлари учун Европа Парламенти томонидан мазкур мукофот билан тақдирландилар.

"Европа Парламенти Ташқи Ишлар Қўмитаси томонидан қилинган таклиф ғолиб чиқиб, мукофот БМТнинг Бағдодда ҳалок бўлган вакили Вийера де Мелло ва яна бир неча ходими хотираси учун ҳамда тинчлик ва озодлик учун фаолият олиб бораëтган БМТнинг барча ходимлари фаолиятини тақдирлаш мақсадида берилмоқда", - деди Европа Парламенти Президентининг матбуот вакили Алисон Сутти.

19 август куни БМТнинг Бағдоддаги идорасида қарши худкуш томонидан уюштирилган бомба ҳужуми оқибатида нобуд бўлган 22 киши қаторида Вийера де Мелло ҳам бор эди. У ҳодисадан уч ой олдин БМТнинг Ироқ бўйича махсус вакили этиб таийинланган эди.

Вийера де Мелло Ироқда бўлган пайтида БМТнинг бу мамлакатдаги инсонпарварлик ишларини ташкил этди ҳамда кўпгина ироқликлар, шунингдек АҚШ етакчилигидаги Муваққат ҳукумат ишончини қозонишга муваффақ бўлди. Айни пайтда у АҚШ қўллаб-қувватлаган Бошқарув Кенгашини тузишда ҳам рол ўйнади. Шу билан бирга, Вийера де Мелло мамлакат бошқарувини ироқликларга топшириш жараëни секин кечаëтганини танқид қилган эди. У Шарқий Тимор ва Косово каби дунëнинг нотинч минтақаларида БМТ дипломати вазифасини бажарди.

Де Мелло Ироққа келмасидан олдин БМТнинг Инсон Ҳуқуқлари бўйича Олий Комиссари бўлган. Ушбу вазифага тайинланганидан кўп ўтмай Озод Европа - Озодлик радиосига берган интервьюсида у хавфсизлик ўрнатиш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ўртасида мувозанат сақлаш аҳмиятига тўхталган эди.

"Демократик жамиятларнинг пойдевори бўлмиш инсон ҳуқуқлари қадриятлари ва принциплари аҳоли хавфсизлигини таъминлаш жараëнида бузилмаслигини кафолатланиши керак. Бошқача айтганда, терроризмга қарши кураш олиб борилганда дойимо инсон ҳуқуқлари андозаларига риоя қилиш шартдир", - деган эди Вийера де Мелло.

Бу йилги Сахаров мукофотига Вийера де Меллодан ташқари БМТнинг қуроллар бўйича инспекторлар гуруҳининг собиқ бошлиғи Ҳанс Бликс ҳамда Халқаро Атом Энергияси Агентлиги бошлиғи Муҳаммад Эл-Барадей номзодлари ҳам кўрсатилган эди.

Ушбу мукофотга номзодлар сифатида шунингдек Туркманистондан Ботир Бердиев, Узбекистондан Муҳаммад Бекжонов, Қирғизистондан Феликс Қулов ва Қозоғистондан Галимжон Жакияновлар каби сиëсий маҳбуслар номлари ҳам кўрсатилган.

Бундан 15 йил муқаддам Совет диссиденти Андрей Сахаров номига қўйилган ушбу мукофот билан инсон ҳуқуқлари ва озодлиги учун кураш олиб борган шахс ëки гуруҳ тақдирланади.

Ўтган йили бу мукофотга Жанубий Африканинг собиқ Президенти Нелсон Мандела ва кубалик диссидент Освалдо Пая сазовор бўлган эди.

Маълум бўлишича, бу йилги Сахаров мукофоти келаси йилнинг 29 январида Брюсселда Европа Парламенти томонидан БМТ Бош Котиби Кофи Аннанга топширилади. Кофи Аннаннинг ўзи 2001 йилда Нобел мукофотига сазовор бўлган эди.
XS
SM
MD
LG