Линклар

“НОРД-ОСТ”. БИР ЙИЛДАН СЎНГ...


Сарвар УСМОН.

Москванинг Дубровка мавзеидаги Театр маркази томошабинлари Чечен қуролли гуруҳи томонидан гаровга олинганига роппа-роса бир йил тўлди.

"Норд-Ост" мюзиклининг қарийб 800 томошабини уч кун давомида ўлим хавфи остида яшади. Охир- оқибат чинакам ҳаётий драмага айланиб кетган театр томошаси якунига етди ҳам. Парда туширилди. Парда кўтарилганда аниқ бўлдики, томошабинлардан бир неча ўни нобуд бўлибди. Аввалига 30 киши дейилди. Кейин 50. Ва ниҳоят қурбонлар 128 кишига етгани тан олинди. 128 кишини театрни гаровга олганлар эмас, гаровга олганларни маҳв этиш мақсадида бинога заҳарли газ юборганлар нобуд қилди. Шунча қурбон берилганига қарамай, ҳокимият ўз ғалабаси ҳақида мақтанди. Ғалабамиди бу?

Ўша куни москвалик таниқли журналист Анна Политковская мана бу фикрни билдирган эди:

- Менимча, гаровдагиларни озод қилиш амалиёти эмас, балки террорчиларни йўқ қилиш амалиёти ўтказилди, кучимиз сизникидан кам эмас, деган иддао билан ўтказилди бу операция.

Орадан бир йил ўтди. Ва ҳаётнинг ўзи журналистнинг қанчалик ҳақ бўлганини исботлади. Ўтган бир йил давомида "Норд-Ост" фожиаси пайтида яқинларидан айрилганларнинг бир гуруҳи кўрган маънавий зарарини қоплашни ҳокимиятдан талаб қилди. Ўшандайлардан бири - москвалик Татьяна Карпова гаровдагилар орасида бўлган ўғли Александрдан ажраб қолган. У ўтган бир йил давомидаги сарсон-саргардонликлари тўғрисида мана бундай ҳикоя қилади:

- Биз кўрган маънавий зараримиз учун ҳукуматдан товон талаб қилганимизда, ҳеч қандай сабабини кўрсатмаган ҳолда талабимизни рад этишди. Ҳокимият айбдор эмасмиш, айбдор чечен террорчилари эмиш. Чечен террорчиларидан эса товон талаб қилишнинг иложи йўқ. Уларнинг ҳаммасини қириб ташлаганлар.

Фожиа туфайли ўғлидан ажраб қолган Татьяна Карповага ўхшаганларнинг ташвишларини оддий москваликлар яхши тушунадилар. Уларни гаровдагиларни озод қилишнинг бошқа усули йўқмиди, деган савол қийнамоқда, деди Москвадаги ҳамкоримиз Толиб Саидбоев.

"Норд-Ост" фожиаси билан боғлиқ масаланинг яна бир жиҳати тўғрисида икки оғиз. Воқеадан сўнг бутун Россия бўйлаб, айниқса Москвада шимолий кавказликларнинг ҳужжатларини ошиғич синчковлик билан текшириш, турли баҳонаи сабаблар билан милиция бўлимларига олиб бориб сўроқ қилиш авж олган эди, деб эслайди Москвада истиқомат қилувчи миллати чечен Саид:

- Бир йил аввал, "Норд-Ост"дан кейин шимолий кавказликларнинг ҳужжатларини намойишкорона текширардилар, уларни квартираларидан олиб чиқиб кетиб сўроқ қилардилар. Шу кунда эса, муносабат бироз юмшаб қолди. Бироқ, бу кўча-кўйда кавказликларнинг ҳужжатларини текшириш бироз камайди, дегани холос, умуман эса муносабат ўзгаргани йўқ. Кавказлик миллатларга мансуб шахсларни таъқиб қилиш давом этмоқда, масалан кавказлик бўлсангиз, ишга олмайдилар.
XS
SM
MD
LG