Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:37

БМТ Ўзбекистонга баҳо берди


Тўлқин 24 октябр куни Тошкентда БМТнинг «Мамлакатга берилган умумий баҳо: Ўзбекистон» деб номланган ҳисоботи тақдимоти бўлиб ўтди.

Ушбу ҳужжатда Ўзбекистонда миллий ривожланиш, бозор иқтисодиётига ўтиш, бу даврдаги давлат бошқаруви, сиёсат, таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳаларга оид масалаларга баҳо берилган.

Маълумотларга қараганда, бундай ҳисобот 2000 йилдан буён учинчи марта тайёрланган. Янги ҳисобот аввалгиларида Ўзбекистонга берилган баҳоларни янада тўлдиради.

Тақдимот маросимида сўзга чиққан БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Ричард Конрой ва бошқалар мамлакатдаги ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий аҳволга доир ўз қарашларини баён этди. Хусусан, ушбу ташкилотнинг Қочқинлар масалалари бўйича олий комиссари бошқармаси миссияси раҳбари Абдул Карим Гул Ўзбекистонда баъзи соҳаларда ислоҳотлар амалга оширилаётган бўлса-да, демократиялашув жараёни ниҳоятда секин кечаётганини таъкидлади.

Абдул Карим Гул ўз маърузасида аҳоли эҳтиёжларини қондирувчи турли жамоатчилик ташкилотларининг имконият ва салоҳиятини ошириш зарурлигига урғу берди. Унинг сўзларига қараганда, Ўзбекистонда жамоатчилик ташкилотларини маблағ билан таъминлашда ошкоралик етишмайди. Бу муассасалар қашшоқлик даражасини камайтириш ишларига масъулият билан ёндашиши керак, деди Гул.

У, шунингдек, Ўзбекистонда ишсизлик муаммоси, қўшни давлатларга иш излаб кетаётган ноқонуний мигрантлар масалаларига ҳам тўхталиб ўтди.

БМТ Тараққиёт дастури доимий вакилининг ўринбосари Люкке Андерсен хоним эса ўз мулоҳазаларида Ўзбекистонда ривожланишга ғов бўлаётган тўсиқларни бартараф этиш учун зудлик билан муайян ислоҳотлар амалга оширилиши зарурлигини қайд этди. Унинг фикрича, мамлакат қишлоқ хўжалигидаги ишлаб чиқариш тармоқларида ислоҳотлар ўтказиш зарур. Шунингдек, табиий ресурслардан самарали фойдаланиш учун бир талай имтиёзлар яратиш лозим.

Тадбиркор аёллар уюшмаси раисаси Дилдора Алимбекова «Озодлик» мухбири билан суҳбатда ҳисобот айрим камчиликлардан холи эмаслигига урғу берди. Унинг айтишича, мазкур ҳужжатда ёшлар ўртасидаги ишсизлик масалалари, иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда йўл қўйилаётган хатолар чуқур ёритилганда мақсадга мувофиқ бўларди.

Д.Алимбекова ҳисоботда нодавлат ташкилотлар ҳақидаги маълумотлар жуда қисқа ва саёз берилганини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG