Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:44

Россиялик миллиардер темир панжара ортида


"ЮКОС" нефт ширкати раҳбари Михаил Ходорковскийнинг қамоққа олинишидан икки кун ўтиб Россия фонд биржаларида саросима юзага келди. "ЮКОС" акциялари 18 фоизга қадрсизлангани боис душанба куни Москва банклараро валюта биржаси барча акциялар бўйича қимматли қоғозлар сотилишини бир соатга тўхтатиб туришга мажбур бўлди. Айни пайтда "ЮКОС" акциялари қадрсизланиши баробарида рус рублининг ҳам АҚШ долларига нисбатан курси пасайган.

Россиялик миллиардер Михаил Ходорковский мамлакат жиноят кодексининг еттита банди бўйича айбланмоқда. Қаллоплик йўли билан давлат мулкини ўзлаштирганлик ва давлатга катта миқдорда солиқ тўлмаганлик айблари шулар жумласидандир. Россия прокуратураси мулозими Татьяна Матюнинанинг Озодлик мухбирига айтишича, Ходорковский ва унинг "ЮКОС" бўйича ҳамкори Платон Лебедевнинг давлатга келтирган молиявий зарари бир миллиард АҚШ долларидан ортади. Агар ушбу айбловлар исботланса, Ходорковский 10 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Ғарбда Россия Президенти Владимир Путиннинг ашаддий танқидчиси сифатида танилган Ходорковскийнинг қамоққа олиниши қизғин эхтиросларни келтириб чиқарган. Жумладан, АҚШнинг Россиядаги элчиси Александр Вершбоу айни холат юзасидан ташвишланиш изҳор этар экан, Ходорковскийнинг хибсда ушлаб турилиши хориж сармоядорларида Россияга нисбатанишончсизлик уйғотиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Американинг икки йирик нефт ширкати эса "ЮКОС" билан режалаган лойиҳаларни номаълум муддатга кечиктиргани маълум бўлди. Британияда чиқадиган "Файнэншл Таймс" газетаси Американинг "Exxon Mobil" ва "ChevronTexaco" йирик нефт ширкатлари Ходорковский тақдири мавҳум бўлиб қолаётгани боис "ЮКОС"нинг йирик миқдордаги акцияларини сотиб олиш бўйича музокараларни тўхтатгани ҳақда хабар тарқатди.

Кузатувчилар россиялик миллиардернинг қамоққа олиниши ортида сиёсий сабаблар туришини таъкидлашмоқда. Яъни "ЮКОС" Нефт ширкати президенти мухолифатда бўлган иккита партияни молия билан қўллаб-қувватлаб келгани ва катта сиёсатга аралашгани учун Путин уни шу куйга солди, дейишади улар. Айни пайтда Россия раҳбари Ходорковскийнинг қамоққа олинишига муносабат билдирар экан ҳукуматнинг бу ишга алоқаси йўқлигини ва маҳкама жараёнига ҳам аралаша олмаслигини қайд этди.

"Бирон шахсни озодликдан маҳрум қилиш ижроия ҳокимият ваколатига кирмайди. Бунга прокуратуранинг ҳам ҳаққи йўқ. Фақат маҳкама бу борада қарор бера олади. Шундай экан, менинг фикримча шундай қилишга судда етарли асос бўлган", - деди Владимир Путин.

Сўнгги ойлар давомида Ходорковскийга нисбатан босим кучайди. Август ойидан бери у икки марта прокуратурага сўроқ учун чақирилди. Гарчи "ЮКОС" раҳбари бундай тазийқлар йўли билан ҳукумат уни мамлакатдан чиқиб кетишга ундаётганини айтган бўлса-да, у Березовский ва Гусинскийлардан фарқли ўлароқ эмиграцияни танламади. "Менинг эмигрант бўлиш ниятим йўқ. Агар гап менинг мамлакатдан қувғин қилинишим ёки қамоққа олинишим ҳақида борса, мен розиман темир панжара ортида ўтиришга", - деган эди яқинда Михаил Ходорковский.

"ЮКОС" иши бўйича тергов шу йил июл ойида бошланган. Ўшанда ширкатнинг яна бир ҳиссадори Платон Лебедев қамоққа олинган эди. Унга ҳам давлат мулкини ноқонуний ўзлаштирганлик айби қўйилган.

Ходорковский ва унинг "ЮКОС" ширкати тарафидан молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлангани таҳмин этилаётган "Яблоко" партияси етакчиси Григорий Явлинский россиялик миллиардер қамоққа олиниши юзасидан ташвишланиш билдирар экан: "Буни ҳукумат ва бизнес доиралари ўртасидаги муносабат деб бўлмайди. Биз бу босқичдан аллақачон ўтганмиз. Буни замонавий капитализмнинг Сталинча кўриниши дейиш мумкин", - деди.

Мамлакат қонунларига кўра, суднинг Ходорковскийни икки ойдан ортиқ муддатга тергов изоляторида ушлаб туришга ҳаққи йўқ. Аммо, айрим кузатувчилар россиялик миллиардернинг икки ойдан сўнг озодликка чиқарилишига шубҳа билан қарамоқдалар.
XS
SM
MD
LG