Линклар

Ёмон йўл «Мерседес»ни ҳам тан олмайди


Турсун Бек 25 октябрдан 26 октябрга ўтар кечаси Самарқанд-Тошкент йўналишида қатнаётган автобуснинг ҳалокатга учраши натижасида уч киши ҳалок бўлди.

Сирдарё вилояти йўл-патруль хизмати ходимлари берган маълумотларга қараганда, «Мерседес-Бенц» русумли автобусда олтмиш йўловчи ва уч ҳайдовчи бўлган. Автобус билан тўқнашган «Москвич» енгил автомобилининг ҳайдовчиси воқеа жойидаёқ ҳаётдан кўз юмган. Ҳалокат натижасида шикастланганлар зудлик билан Сирдарё вилояти шошилинч ёрдам марказига ётқизилган.

Илмий марказ бош шифокори, профессор Ҳотам Нишоновнинг айтишича, жабрланганларнинг беш нафари касалхонага ётқизилган бўлиб, улардан бирининг аҳволи анча оғир. Тўрт йўловчига эса амбулатория ёрдами кўрсатиш билан чегараланилган.

Сирдарё вилояти давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси матбуот хизмати бошлиғи Акбар Акрамов Самарқанд-Тошкент йўналишида ҳаракатланган автобуснинг ҳалокатга учраш сабаблари ўрганилаётганини маълум қилди.

Термиз-Тошкент халқаро автомобиль йўлининг Қозоғистон ҳудудини кесиб ўтувчи қисми 2003 йил январь ойида ёпиб қўйилганди. Шундан сўнг Сирдарё вилоятидан ўтувчи йўлларда машина қатнови кескин ортди. Натижада, хабарларга қараганда, Сирдарё вилояти ҳудудидаги йўлларнинг талабга жавоб бермаслиги туфайли автомобиль ҳалокатлари сони кўпайгани кузатилади.

Статистик маълумотларга кўра, 2003 йилнинг 10 ойи давомида Термиз-Тошкент йўлининг Сирдарё вилоятини кесиб ўтувчи қисмида учта автобус ҳалокатга учраган.
XS
SM
MD
LG