Линклар

Тижоратчи аёллар ҳукумат қарорларидан норози


Фирдавс 27 октябрь куни Қашқадарё вилояти ҳокимлиги биноси олдида тижоратчи аёлларнинг норозилик чиқиши бўлиб ўтди. Хабарларга қараганда, улар Вазирлар Маҳкамасининг бозорни тартибга олиш тўғрисида чиқарган бир неча қарорлари, хусусан, 154 ва 330-қарорлардан ўз норозиликларини билдирган.

Вилоят ҳокимлиги олдига йиғилган тижоратчиларнинг айтишича, улар норозилик чиқишларини 26 октябрь куни ўтказмоқчи бўлган. Аммо милиция бунга йўл бермаган.

«Озодлик» мухбирига маълум бўлишича, Қарши шаҳрининг турли бозорларида савдо қиладиган юздан ортиқ тижоратчи аёлни вилоят ҳокимлиги олдида милиция ходимлари ўраб олган ва уларни зўрлик билан тарқатишга ҳаракат қилган.

Қашқадарёлик инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш фаоли Нодир Аҳадовнинг сўзларига қараганда, тижоратчиларнинг асл мақсади вилоят ҳокими билан учрашиш эди. Аммо милиция ходимларининг тижоратчиларга қаршилик кўрсатиши туфайли ўртада жанжал юз берди. Аёллардан бири зўрлаб машинага чиқарилаётган пайтда ҳушидан кетиб қолган. Маълум бўлишича, у ҳомиладор экан.

Милиция ходимларининг норозилик чиқиши иштирокчиларига қўпол муомалада бўлганини тижоратчи аёлларнинг ўзлари ҳам тасдиқлади. Уларнинг айтишича, тижоратчилар бугунги кунда ҳукумат талаби даражасида савдо қилиш имкониятига эга эмас. «Биздан патент, касса аппарати талаб қилгунча, шароит яратиб берсин», дейди улар.

Хабарларга қараганда, норозилик акцияси иштирокчилари вакилларини вилоят ҳокими Нуриддин Зайниев қабул қилган. У мавжуд муаммоларни ҳал қилишга ёрдам беражагини билдириб, тижоратчиларни бемалол савдо қилаверишга чақирган.

Ҳоким қабулида бўлганлар музокара натижаларидан бошқаларни ҳам хабардор этгач, улар тарқала бошлади. Бироқ тижоратчилар орасида иккиланиб турганлар ҳам бор эди. Улардан бирининг айтишича, ҳокимнинг гапи қанчалик ҳақиқатлиги тез кунда билинади. «Биз катталарга ишонмай қолганмиз», дейди у.
XS
SM
MD
LG