Линклар

Адлия вазирлиги «Бирлик»ни рўйхатга олмади

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги «Бирлик халқ ҳаракати» партиясининг рўйхатга олиш тўғрисидаги аризасини рад этди.

Адлия вазирлигига керакли ҳужжатларни партия вакиллари 22 сентябрда топширган эди.

Мамлакат қонунчилигига кўра, ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш бир ой муддатга кўриб чиқилиши керак. Бирликчилардан олинган маълумотларга қараганда, улар қонун асосида белгиланган муддатдан сўнг ариза тақдири билан қизиқиб, бир неча марта вазирликка мурожаат қилган. Лекин расмийлардан партиянинг рўйхатга олиниши рад қилингани ҳақида расмий мактуб жўнатилгани ҳақида жавоб олинган.

"28 октябр куни биз - «Бирлик халқ ҳаракати» партияси фаоллари яна айни талаб билан Адлия вазирлигининг жамоат бирлашмалари бошқармасига мурожаат қилдик, - дейди партия вакиллари, - Бошқарма бошлиғи Жалолбек Абдусатторов биз билан учрашувда партия низомининг баъзи бандлари ва ҳужжатларида Ўзбекистон Конституцияси ва амалдаги қонунларига зид ҳолатлар мавжудлиги сабабли ариза рад этилганини маълум қилди. Унинг айтишича, бу ҳақдаги расмий хат «Бирлик» раҳбариятига, унинг Қўқондаги қароргоҳига юборилган. Вазирлик вакилининг айтишича, мактуб икки кун ичида етиб бориши керак. Лекин биз тўрт кундан буён кутсак ҳам мактубдан дарак бўлмаяпти".

Шундан сўнг партия аъзолари Ж.Абдусатторовдан жавоб мактубининг нусхасини талаб қилди. Бироқ вазирлик вакили бунинг учун девонхонага ариза билан мурожаат қилиниши зарурлигини, шундан сўнг икки кун ўтиб нусха олиб берилишини маълум қилди.

«Бирлик халқ ҳаракати» партияси раиси ўринбосари Исмоил Дадажонов вазирликнинг бундай бюрократик муносабати партияни рўйхатдан ўтказмасликка интилаётганидан дарак беришини таъкидлади.

«Агар ҳукумат бизни сиёсий партия сифатида тан олмас экан, партияни рўйхатдан ўтказмас экан, бизнинг хорижий давлатдан сиёсий бошпана сўрашдан бошқа чорамиз қолмайди», деди Исмоил Дадажонов.
XS
SM
MD
LG