Линклар

Европа Иттифоқи Россияни кенгайиш масаласида ўзаро муносабатларга путур етказмаслик ҳақида огоҳлантирди.

  • Ҳасанжон

Маълумки, Европа Иттифоқи ва Россия ҳукумати ўзаро муносабатларни белгиловчи Ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани имзоланган. Европа Иттифоқи Комиссияси 2004 йилда Иттифоққа яна 10та янги давлат қўшилса, мазкур шартнома уларга ҳам таллуқли бўлишини хоҳлайди. Аммо Россия ҳукумати Европа Иттифоқига қўшиладиган давлатлар билан алоҳида-алоҳида музокаралар олиб боришни истайди.

Европа Комиссияси матбуот котиби Диего де Охйеда мазкур шартнома Европа Иттифоқига қўшиладиган давлатларга ҳам автоматик тарзда таалуқли бўлиши талаб қилинишини билдирди: “Хабарингиз бор, келаси йил 1 майида Европа Иттифоқига ўн давлат қўшилади. Бизнингча, Европа Иттифоқи ва Россия муносабатларининг асосини белгиловчи Ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома янги музокаралар ёки музокараларсиз мазкур давлатларга автоматик тарзда таллуқли бўлиши - ҳам Росия Федерацияси ҳам Европа Иттифоқи манфаатларига хизмат қилади. Шунда икки томонлама алоқаларга путур етмайди”, - деди Европа Комиссияси матбуот котиби.

Россия ҳукумати Европа Иттифоқига янги аъзолар қўшилишидан савдо соҳасида зарар кўриши, шунингдек, Эстония ва Латвиядаги рус тилида сўзлашувчи фуқаролар вазияти борасида хавотир билдирди.

Де Охйеда бу масаланинг Европа Иттифоқи ва Россия ўртасида тузилган Доимий Ҳамкорлик Кенгашининг Москвадаги биринчи йиғилиши кун тартибига киритилганини билдирди.

Ўз исмини айтмасликни сўраган Европа Иттифоқи расмийси Озод Европа - Озодлик радиосига берган интервюсида, Европа Иттифоқи кенгайишидан Россия фақат манфаат кўришини таъкидлади.

Де Охйедага кўра, Европа Иттифоқи расмийлари Эстония ва Латвиядаги этник руслар вазияти мазкур давлатларнинг Иттифоқга қўшилиши жараёнида анча яхшиланган, деб ҳисоблайдилар: “Биз тутган позиция шундан иборатки, Европа Иттифоқининг кенгайиш жараёни икки давлатдаги этник руслар вазияти сезиларли даражада яхшиланишига туртки бўлди. Эстония ва Латвиянинг Европа Иттифоқига аъзо бўлиши этник руслар вазиятининг янада яхшиланишига сабаб бўлиши мумкин. Ҳозир вазият кўнгилдагидек бўлмаслиги мумкин. Айрим руслар бундан хавотирда. Хулоса қилиб айтганда, бизнингча, барча масалалар адолатли ҳал этилади”.

Европа Иттифоқи расмийсига кўра, агар Россия Иттифоққа янги аъзолар қўшилишидан олдин Ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома уларга ҳам таллуқли бўлишига кўнмаса, Москва ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатларга жиддий путур етказиши мумкин.

28 октябр куни Европа Иттифоқи Россияга тегишли юкларнинг Литва ҳудудлари орқали Калининградга ташилиши борасида Россияга кўпроқ ён босиш талабини рад этди. Чунки, Де Охйедага кўра, Европа Иттифоқи ўтган йил Брюссел саммитида Калининград хусусида келишувга эришилганида бу масала ҳал бўлган, деб ҳисоблайди: “Биз тутган позиция шундан иборатки, Брюсселда бўлиб ўтган самитда биз Россия Федерацияси билан Калининград, хусусан одамларнинг транзит қатнови ва юкларнинг транзит ташилиши билан боғлиқ барча масалаларида умумий келишувга эришдик. Бу амалга тадбиқ этилиши мумкин бўлган келишув. Шу боис барча техник масалалар шартнома доирасида ҳал этилиши лозим”, - дейди Европа Комиссиясининг матбуот котиби Диего де Охйеда.

Унга кўра, юқорида келтирилган барча нозик масалалар 6 ноябр куни Римда бўладиган Европа Иттифоқи – Россия саммитида яна кун тартибидан ўрин олиши мумкин.
XS
SM
MD
LG