Линклар

logo-print

Мухолифларини қайнатаётган ҳукуматни танқид қилган Британия элчиси тақдири нима бўлди?


Фарангис Саид Британиянинг “Гардиан” газетасида ёзилишича, мамлакатнинг Ўзбекистондаги элчиси Крег Мюррей истеъфога чиқишга мажбур қилинган. Унга ё истеъфо бериш ёки ишдан бўшатилиш шарти қўйилган.

Британия Ташқи Ишлар Вазирлиги бу хабарни инкор этиб, Мюррейнинг ватани Шотландияда даволанаётганини таъкидлашда давом этмоқда.

Элчи Мюррей атрофидаги шов-шув эса, жамоатчиликнинг Британия ташқи сиёсати ва унинг устувор йўналишларини савол остига қўйишига асос бермоқда.

Шу кунгача дипломат Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари борасидаги вазиятдан хавотир билдириши билан жамотчиликка яхши танилган ва инсон ҳуқуқлари фаоллари орасида обрў қозонган эди. Ўтган йил ноябр ойида Фридом Хаус ташкилотида қилган чиқишида Крег Мюррей Ўзбекистон ҳукумати мухолифларни қайнаган сувга ботириб, ўлдираётганини айтган:

- Қайнаган сув билан қийнаш натижасида ҳалок бўлган Авазов ва Олимов билан боғлиқ даҳшатли ҳодиса халқаро ҳамжамиятнинг жиддий ташвишига сабаб бўлди. Барчамиз бу алоҳида олинган, якка ҳодиса эмаслигини яхши биламиз.

Бу ва бошқа чиқишларида Британия элчиси Ўзбекистон ҳукуматини маҳбусларни қийнаш амалиётини тўхтатишга чақирган ва:

- Халққа эркинлик бериш муқаррар равишда анархия ва беқарорликка олиб келади дегани эмас. Аслида жамиятда тўпланиб қолган ички босимнинг чиқишига йўл қўймаётган нарса – таъқиблардир. Айнан таъқиблар қаршилик, адоват ва ижтимоий кескинликни келтириб чиқаради, - деган фикрни билдирган эди.

Маълумотларга кўра, Мюррейнинг истеъфога чиқиши ва Британияга чақириб олинишини расмий Лондондан нафақат Тошкент, балки Вашингтон ҳам талаб қилган. Биз АҚШ ҳукумати томонидан Британия расмийларига босим бўлган ёки бўлмаганини аниқлаш мақсадида бир неча кун давомида АҚШ Давлат Департаменти билан боғланишга ҳаракат қилдик. Аммо Департамент расмийлари саволларимизга жавоб беришдан бош тортдилар.

Саволларимизга жавобни эса вазиятни кузатиб келаётган мутахассисдан олдик. Суҳбатдошимиз Жэклин Миллер, Вашингтонда жойлашган Стратегик ва халқаро тадқиқотлар марказидаги Россия ва Евроосиё дастури директори муовини. Вашингтон Лондонга Оқ Уй сиёсатини танқид қилаётган элчини чақириб олишни талаб қилиб, босим кўрсатган бўлиши мумкинми, деган саволимизга Миллер:

- Албатта, бу эҳтимолдан ҳоли эмас. Бироқ, фикримча, Тони Блэр бошчилигидаги Британия ҳукумати АҚШнинг аксил-террор урушини шу қадар қўллаб-қувватлаб келаяптики, Британия расмийлари АҚШ босимига муҳтож эмаслар. Улар ўз хоҳишларига кўра элчини чақириб олганлар, деб ҳисоблайман.

Элчи Крег Мюррейни Британия ҳукуматининг ўзи чақириб олганми ёки расмий Лондон бундай қарорни АҚШ босими натижаси ўлароқ қабул қилганми, деган савол мазкур ишдаги энг муҳим савол бўлмаса керак. Муҳими – дунёнинг энг ривожланган ва демократик ҳисобланган икки етакчи давлати инсон ҳуқуқлари масаласини аксил-террор урушига қурбон бераётганида, деб давом этади вашингтонлик мутахассис Жэклин Миллер:

- Менимча, инсон ҳуқуқлари масаласи АҚШ ҳукумати учун муҳим. Аммо ҳозирда инсон ҳуқуқлари устиворлиги хавфсизлик, хусусан аксил-террор уруши устиворлиги билан тўқнашмоқда. АҚШ ҳукуматининг Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини устивор этиб белгилаши қийин, чунки бу масала аксил-террор урушига қарши чиқиши мумкин. Ҳам инсон ҳуқуқларини муҳим деб белгилаш, ҳамда президент Ислом Каримов билан ҳамкорлик қилиб, ҳарбий базаларни сақлаб қолиш – бир-бирига зид бўлган икки вазифадир. Уларнинг ҳар иккисини бир вақтда устивор деб белгилаб бўлмайди.

Крег Мюррей ишига муносабат билдирганлар орасида Британиянинг собиқ Ташқи ишлар вазири Робин Кук фикри эътиборга сазовордир. Британиянинг “Индепендент” газетасида у шундай деб ёзади:

“Ташқи ишлар вазири бўлганимда мен қийноқларни ҳимоя қилишга тайёр бўлган ҳеч бир одамни учратмадим. Аммо мен “бу менинг ишим эмас”, деганларнинг кўпини кўрдим”.

Маҳаллий ҳукуматларнинг ўз фуқароларига қандай муносабатда бўлиши билан қизиқмайдиган дипломатлар кўплигини қайд этар экан, собиқ Ташқи ишлар вазири “бу нотўғри ёндашув”, дея таъкидлайди. Ўзбекистон террорчи жангариларга қарши курашда керакли рол ўйнаётганини қайд этар экан Робин Кук, фундаменталистлар фаолияти Каримов ҳукумати олиб бораётган репрессив сиёсатни оқлаш учун асос бўлмайди, деб фикр билдиради.

“Аксинча, ҳукумат томонидан таъқиб қилинганлар ва ундан қўрққанлар ҳукуматнинг ағдарилишини исташади ва шу туфайли унинг душманларини қўллаб-қувватлашга тайёр бўлади. Агар Ўзбекистон ҳукумати террорчиларни йўқ қилмоқчи бўлса, у очиқ жамият тарафдорлари билан бир томонга ўтиши лозим”.

Британия ҳукумати сиёсатига тўхталар экан собиқ Ташқи ишлар вазири, у қисқа муддатли манфаатларни кўзлаётганини айтиб, мана бундай фикр билдиради: “Биз инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишимиз лозим, чунки бу тўғри йўл. Принципда тўғри бўлган йўл эса узоқ муддатда амалда ҳам тўғри бўлиб чиқади”.
XS
SM
MD
LG