Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:02

Калифорния ўрмонларида ёнғин давом этмоқда.


АҚШнинг Калифорния штати жанубидаги ўрмонларда ёнғин давом этмоқда. Махсус тўсиқлар алангани тўхтата олмаганидан сўнг, ўн минглаб одам ўз уй-жойини ташлаб хавфсиз жойга кўчишга мажбур бўлди. Мазкур ёнғин натижасида ҳозиргача йигирмага яқин одам нобуд бўлди, 240 минг гектар майдондаги ўрмон ва тахминан икки минг турар жой бинолари ёниб, кул бўлди. Ўт ўчирувчилар ўнта йирик алангани ўчириш учун туну-кун курашмоқдалар. Аммо сўнгги кунларда ҳукм сурган қуруқ об-ҳаво шароити ўрмон ёнғинларини янада кучайтириб юборди.

Калифорния ҳокими лавозимини тарк этаётган Грей Дэвис, ҳозирги фалокат штатда юз берган энг мудҳиш ёнғин эканини таъкидлади. Дэвис, ёнғин келтирган зарар, уни ўчириш учун кетган харажатлар ҳамда одамларга кўрсатилган ёрдам ҳажми икки миллиард долларга етиши мумкинлигини маълум қилди. АҚШнинг энг кўп аҳолига эга бўлган Калифорния штати шундоқ ҳам қарзга ботган. Фақатгина Калифорния Ўрмон Хўжалиги Департаментининг ўзи ўт ўчириш ишларига кунига салкам 9 миллион доллар сарфламоқда. Сўнгги уч кун ичида мазкур Департамент 23 ярим миллион доллар сарфлади.

Калифорния штати ўрмонларида давом этаётган ёнғинни 11 минг ўт ўчирувчи 24 соат давомида назорат остига олишга уринмоқда.

Яқинда бўлиб ўтган сайловларда Калифорния штати ҳокими этиб сайланган таниқли кино юлдузи Арнолд Шварцнеггер Сими водийсида сўзлаган нутқида ёнғин ҳақида шундай деди: “Ҳозирга қадар минглаб уй ёниб, кулга айланди. Йигирмадан ортиқ одам нобуд бўлди. Кўриб турганингиздек, бу биз дуч келган ҳақиқий фожеадир. Мард ўт ўчирувчилар саъй-ҳаракатлари туфайлигина ёнғиннинг катта ҳудудларга тарқалишига йўл қўйилмади”.

Лос Анжелес штатининг ўт ўчириш бошқармаси бошлиғи Вилям Баматре Сими водийсида 200дан ортиқ ўт ўчирувчи ёнғинни ўчиришга жалб этилганини билдирди.

Сўнгги кунларда Калифорния штатида иссиқ об-ҳаво сақланиб тургани, намлик кам бўлгани ҳамда кучли шамол эсгани ўрмон ёнғинларининг қисқа фурсатда кенг майдонга ёйилишига сабаб бўлди. Аммо 29 октябрга ўтар кечаси ҳаво ҳароратининг пасайгани, шунингдек, совуқ шамол оқими штатга етиб келгани ўт ўчирувчиларда ўрмон ёнғинларини қисқа фурсатда назорат остига олишга умид уйғотди.
XS
SM
MD
LG