Линклар

Бир уйга ҳам маҳалла, ҳам ҳокимлик даъвогар


Турғунбек Андижон вилоятининг Асака шаҳридаги «Асака» маҳалласи аҳлининг шаҳар ҳокимлиги қароридан норози бўлиб ёзган даъво аризасини суд қондирмади.

Фуқароларнинг ҳуқуқий вакили Анваржон Қурбоновнинг айтишича, маҳалладаги 38-уй 1991 йил 24 сентябрда Асака шаҳар ижроия қўмитасининг қарори билан маҳалла фуқаролар йиғини ихтиёрига берилган эди. Шундан сўнг маҳалла аҳли уйдан масжид сифатида фойдаланиб келган. 1999 йилда диний идоралар тўғрисидаги қонун қабул қилингач, мазкур масжид рўйхатдан ўтказилмагани боис ёпилган. Шу вақтгача бу ерда маҳалланинг турли тадбирлари ўтказиб келинган.

А.Қурбоновнинг сўзларига қараганда, 2002 йилнинг 1 апрелида 1991 йилги қарор бекор қилинмасдан туриб, шаҳар ҳокимининг қарори билан уй шу маҳаллада яшовчи Ёқубжон Қурбоновга текинга хусусийлаштириб берилган.

Маҳалла аҳли шу қарорнинг бекор қилиниши сўраб, судга мурожаат қилган эди. Аммо 28 октябрь куни Андижон туманлараро фуқаролик ишлари суди ҳокимлик фойдасига ҳукм чиқарди.

А.Қурбоновнинг таъкидлашича, ҳокимлик бу уйнинг ягона хўжайини эмас. Шаҳар ижроия қўмитаси қарор чиқаргандан буён ўтган ўн бир йил давомида маҳалла ҳам бу ерда қўшимча қурилишлар қилган. Прокурор фуқароларнинг даъвосини қондириш тўғрисида хулоса берганига қарамай, судья ҳокимликнинг қарорини тўғри, деб топди.

«Озодлик» мухбири ушбу масала юзасидан Асака шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Салоҳиддин Холиқназаровга мурожаат қилди. Унинг айтишича, бу уй ҳали ҳам ҳокимлик балансида турибди. Уй фуқаролар йиғинига фойдаланиб туриш учун берилган. Аммо улар уйни ноқонуний равишда масжидга айлантириб олган. Бу қонунбузарликка чек қўйиш учун прокуратура ҳам бир неча марта тақдимнома киритган. Бундан ташқари, маҳалла фуқаролар йиғини бир-икки марта огоҳлантирилган. Бироқ бу огоҳлантиришлар эътиборсиз қолгани учун ҳокимлик уйни қайтариб олган, деди С.Ҳақназаров.
XS
SM
MD
LG