Линклар

Ўзбекистон телевидениесида цензор ким?

  • Барно Анвар

Яқинда электрон ахборот воситаларида Сўз ва фикр эркинлиги қўмитаси эксперти, ЎзТВ-4 канали журналисти Элмира Ҳасанованинг Ўзбекистон телевидениесидаги цензурага айрим далиллар келтирилган мақоласи эълон қилинди.

Мақолада ёзилишича, жорий йилнинг 5 июлида унинг «Короче говоря» («Лўндасини айтганда») кўрсатуви эфир вақтида узиб қўйилган. Ушбу кўрсатувда киношунос ва режиссёрлар ўзбек киноси ҳақида танқидий фикрлар билдирган эди.

«Озодлик» мухбири билан суҳбатда Э.Ҳасанова ушбу воқеа юзасидан Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султоновга шикоят хати билан мурожаат қилганини билдирди. Маслаҳатчи эса бу хатни канал директори Алишер Шоимовга жўнатган ва шу билан иш бости-бости қилинган.

Э.Ҳасанованинг таъкидлашича, «Россия» телеканалининг «Вести» кўрсатуви ҳам Ўзбекистон телевидениесида аввал ёзиб олиниб, (кўчириб олиниб) цензура қилингандан сўнггина эфирга узатилади. Унинг айтишича, ўзбек томошабини нимани кўриши ёки кўрмаслигини Ўзтелерадиокомпания раисининг биринчи ўринбосари Низомиддин Маҳмудов ҳал қилади. Россия телевидениеси биринчи каналининг «Основной инстинкт» ва «Времена» кўрсатувларини ЎзТВ-4 орқали ретрансляция қилишни айнан Н.Маҳмудов таъқиқлаб қўйган, дейди журналист.

Э.Ҳасанованинг мақоласида хориж фильмларини ўзбек тилига ўгириш жараёнида асар матни ҳам цензура қилиниши тўғрисида айтиб ўтилади. Лекин ЎзТВ кинокўрсатувлар таҳририяти раҳбари Дилшод Шамс «Озодлик» мухбири билан суҳбатда бу даъволарни рад этди. Д.Шамснинг айтишича, Э.Ҳасанова бу гапларни қандайдир мақсадларни кўзлаб, туҳмат қилиб ёзган.

Э.Ҳасанова мақоласида келтирилган фактлар юзасидан «Озодлик» мухбири Ўзтелерадиокомпания раисининг биринчи ўринбосари Низомиддин Маҳмудовга мурожаат қилди. Унинг айтишича, Россия телеканалларидан ретрансляция қилинадиган барча кўрсатувлар тўғридан-тўғри эфирга узатилади. Бунга амин бўлиш учун бир вақтнинг ўзида ҳам Ўзбекистон, ҳам Россия телевидениесини кўриш кифоя, деди Н.Маҳмудов.
XS
SM
MD
LG