Линклар

ҲАММА "ҲАШАР"ГАМИ?

  • Сарвар Усмон

Ўтган ҳафтанинг охирида Қозоғистонда янги сиёсий партия пайдо бўлди. Аслида, бу мамлакатда янги партиянинг пайдо бўлиши - Сиз тингловчининг эътиборини қаратишга арзирлик воқеа эмас. Янги партиялар Ўзбекистонда ҳам тузилаяпти.

Бироқ, масаланинг бир жиҳати борки, у ҳам бўлса, Қозоғистонда тузилаётган янги сиёсий партия лидери Президент Назарбоевнинг қизи Дариға Назарбоева эканлигидир.

Янги партия "Асар" деб аталади. "Асар" - "Ҳашар" дегани. "Ҳашар" - аслида жамоат ташкилоти, ижтимоий ҳаракат эди. Шанба куни бўлиб ўтган таъсис қурултойида ташкилот партияга айланди.

"Асар" ижтимоий ҳаракати аъзоси Дулат Абиш Озодлик мухбирига берган интервюсида шундай маълумот берди.

- Республика "Асар" партияси қурултойига Қозоғистоннинг барча минтақаларидан 1200 делегат қатнашди. Партия ўзининг дастурил амалини эълон қилди. Таъсис қурултойи Дариға Назарбаевани бир овоздан партия лидерлигига сайлади.

Шу ўринда, бошқа гапларга ўтиш олдидан янги партия лидери тўғрисида маълумот.

Дариға Назарбаева - сиёсатшунослик доктори, Қозоғистондаги энг йирик телеканал - "Хабар" телеканали директорлар кенгаши раиси, Евроосиё оммавий ахборот воситалари форуми ва Қозоғистон журналистлари конгресси ташкилотчиларидан биридир. Дариға Назарбаева хонанда сифатида ҳам танилган. У Москванинг Болшой театрида концерт берган.

Хўш, Президент қизининг катта сиёсатга кириб келишига республикадаги бошқа партиялар вакиллари қандай муносабатдалар?

Республика Халқ партияси вакили Амиржан Қосанов:

- Партия тузгани учуноқ Дариға Назарбоевани ёмонотлиқ қилишдан йироқмиз, - дейди, бироқ, унинг фикрича, - шу кунгача Қозоғистонда йўл қўйилган сиёсий-иқтисодий камчиликларга Дариғанинг отаси Нурсултон Назарбоевнинг бевосита алоқаси бор. Агар отамни мухолифатнинг танқидидан ҳимоя қиламан деб ўйласа, бу Дариғанинг хатоси бўлади.

Қозоғистон қонунларига кўра, янги партия расмий рўйхатдан ўтказилиши учун 50 минг аъзоси бўлиши лозим. Қозоғистоннинг демократик танлови ҳаракати вакили Маржан Асфандиёровага кўра, аъзо кўпайтириш "Асар" партияси учун муаммо эмас.

- Вилоятлардаги олий ўқув юртлар талабалари партия аъзолигига қабул қилинади. Вилоятлар ҳокимларига бу ҳақда буйруқ берилади, - дейди Маржан Асфандиярова.

Унинг фикрича, тузилаётган янги партия Дариға Назарбаева учун сиёсий ўйин воситасидир:

- Дариғанинг ўйинчоғи, сиёсий ўйинининг бир элементидир. Бу ўйинда у Қозоғистон ёшларидан фойдаланмоқчи бўлаяпти.

Дариға Назарбоева бошлаган иш ўйин бўлса бордир. Бироқ, кузатувчилар бу ўйинга жуда катта соврин тикилгани айтмоқдалар. Соврин эса, президент курсисидир.

"Время Новостей" газетаси Президент Назарбоев зиммасига кейинги йилларда АҚШ маъмурлари текшираётган "Казахгейт" иши бўйича айбловлар қўйилаётганини эслаб, унинг ўз хавфсизлиги учун замин ҳозирлаётганини тахмин қилди.

Қозоғистон президентлигига навбатдаги сайловлар 2006 йили бўлади. Ва унда Нурсултон Назарбоев ўз номзодини қўйишга ҳаққи бор. Унинг сайланиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас. Бироқ, Дариға Назарбоева ҳали ёш. Эндигина 40қа кирди. Демак, Назарбоева хоним президентликни кўзлаяпти, деганларнинг ҳисоблари ҳар томондан тўғрига ўхшайди.

Шу ўринда Озарбайжон сценарийсидан Қозоғистонда ва умуман минтақа мамлакатларида фойдаланадиларми, деган савол ўз ўзидан пайдо бўлади.

Қирғизистон Республикаси парламенти депутати Алевтина Проненконинг фикрича, ҳокимиятни оила аъзоларига мерос қолдиришга ҳаракат МДҲ мамлакатларида аллақачон бошланган:

- Бу мамлакатларда, яъни Қирғизистон, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Озарбайжонда, хуллас, бу давлатларнинг ҳаммасидаям оилани сиёсий фаолиятга аралаштириш бўйича бир- бирига ўхшаш ишлар олиб борилмоқда, - дейди депутат Проненко.

Қирғизистон Президенти қизларининг сиёсий партиялар тузгани тўғрисида ҳозирча маълумот йўқ. Бироқ, кузатувчилар Ақаева хонимларнинг "Олға Қирғизистон" партиясига алоқаси борлигини таъкидлайдилар.

Кези келганда Ўзбекистон Президентининг қизи Гулнора Каримованинг Москвадаги элчихонага ишга тайинланиши муносабати билан ўзбекистонлик кузатувчи Баҳодир Чиғатойнинг айтганларини яна бир бор эсладик.

- Улар (Гулнора Каримова – С.У.) кейинчалик бориб Ўзбекистоннинг Россиядаги элчиси лавозимида, 2005 йили эса, Ўзбекистон Ташқи Ишлар вазири лавозимида, Худо ҳоҳласа, 2007 йили эса Президент лавозимида бўлишлари мумкин, деган эди Баҳодир Чиғатой.
XS
SM
MD
LG