Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:19

Мамлакатини мўъжизага айлантирган Бош вазир


Фарангис Саид Малайзия Бош вазири лавозимида деярли 22 йил хизмат қилган Маҳатҳир Муҳаммад фаолияти натижаларини ғайриоддий, деб баҳолашмоқда кузатувчилар. 77 ёшлик Маҳатҳир “Малайзия мўъжизасини” яратди. 22 йил ичида у минтақанинг энг қолоқ ва нобарқарор мамлакатларидан бирини энг ривожланган, “Осиё аждаҳоси” ёки “Осиё йўлбарси” номини олган мамлакатга айлантирди.

Баъзилар Маҳатҳирни 20-асрнинг иккинчи ярмида сиёсат осмонида ёнган энг йирик юлдуз, деб ҳисоблашмоқда. Чунки на Шарл де Голл, на Индира Ганди, на Кеннеди, на Маргарет Тетчер, ва на Дэн Сяо Пин Маҳатҳир ўзи ҳақида айтиши мумкин бўлган гапни айта оладилар. Маҳатҳир эса “мен кашшоқ, қолоқ, ҳеч кимга танилмаган, фақат хом-ашёни экспорт қилиш орқали кун кечираётган мамлакатни жаҳоннинг энг таниқли ва қудратли давлатларидан бирига айлантирдим”, дея олади.

Бош вазир этиб сайланганида Маҳатҳир “қашшоқликни оқлаб бўлмайди” деб, ислоҳотларга киришган эди. 22 йилдан сўнг қашшоқлик 38 фоиздан 7,5 фоизгача пасайди. Олий ўқув юртлари талабалари сони 212 мингга етди. Замонавий технологиялар экспорти бўйича Малайзия бугунги кунда биринчи ўринда туради. Савдо-сотиқ ҳажми бўйича эса дунё мамлакатлари орасида 18 ўринни эгаллаб келмоқда. Сўнгги 10 йил ичида рўй берган иккита йирик иқтисодий бўҳронга қарамай, ялпи ички маҳсулот йилига деярли 10 фоизга ўсмоқда.

Қизиғи шундаки, Маҳатҳир Муҳаммад иқтисодий тараққиётнинг бу қадар баланд поғонасига Жаҳон Банки ва Халқаро Валюта Жамғармаси ёрдамисиз кўтарилишга муваффақ бўлди.

Хўш, қандай қилиб қишлоқ касалхонасида шифокор бўлиб ишлаган Маҳатҳир Малайзияни бу даражага кўтара олди? Унинг бошқарув сирлари нимада?

Айрим кузатувчилар Маҳатҳир ҳокимияти услубини доимий “шок терапияси” деб аташади. Бир буюк мақсаддан сўнг иккинчиси белгиланади. Эски ишлаш услублари, иқтисодий анъаналар шубҳа остига қўйилади. “Малайзияда ўз автомобилларимизни чиқарамиз, дунёдаги энг баланд бинони қурамиз, фазовий дастурни амалга оширамиз, янги пойтахтга асос соламиз”. Мана шулар Маҳатҳир Муҳаммад белгилаган мақсадлардир. Унинг баёнотларини бошда ҳайрат, баъзида эса даҳшат билан тинглаган халқ, бора-бора ўзига ишониб, ўз мақсадларига эришди ҳам.

Малайзия “шок терапияси” муаллифи одамларни ўзига ишонтиришга жуда уста. Унинг баёнотлари эса доимо жамоатчилик эътиборини қозонади.

1999 йилда АҚШ президенти Билл Клинтон маъмурияти Югославияни бомбардимон қилишга қарор берганида, Маҳатҳир АҚШ раҳбарларини “қўрқоқлар ва қотиллар”, деб атади. 1997 йилда Шарқий ва Жануби-шарқий Осиё биржаларидаги молиявий операциялари билан минтақада иқтисодий бўҳронни келтириб чиқарган миллиардер Жорж Соросни эса “аҳмоқ”, деди. Бой давлатларни Осиё ва Африкани қайта мустамлакага айлантириш ниятида айблади. Халқаро валюта жамғармаси ва бошқа молиявий ташкилотлардан эса ривожланаётган давлатларга иқтисодий ислоҳотлар йўлини белгилашда ақл ўргатмасликни сўраб, глобаллашув жараёнини доимо танқид қилиб келди.

Унинг халқаро жамоатчиликни сескантирган сўнгги эпатажларидан бири – Ислом Конференцияси Ташкилоти саммитида қилинган яҳудийлар ҳақидаги чиқиши бўлди. Ўшанда Маҳатҳир дунёда яҳудийлар ҳукмрон эканини таъкидлади:

- Аслида мусулмонлар жуда қудратли. 1 миллиард 300 миллион одамни ер юзидан шунчаки супуриб ташлаб бўлмайди. Иккинчи жаҳон уруши даврида европаликлар 12 миллион яҳудийнинг 6 миллионини қириб ташладилар. Аммо бугунга келиб яҳудийлар дунёни ўз ҳайрихоҳлари қўли билан бошқармоқдалар. Бугун бошқалар яҳудийлар учун жанг қилиб, яҳудийлар учун ўлмоқда.

Малайзия Бош вазири баёноти дунёда катта шов-шув кўтарди. Ғарб давлатлари раҳбарлари уни антисемитизмда айблашга шошилдилар. Аммо Маҳатҳир чиқишидан асл мақсад яҳудийларни ёмонлаш эмас, балки мусулмонларни фикрлаш ва кураш услубларини ўзгартиришга чорлашдан иборат эди. Янги услублар эса – илм-фан ва ижтимоий тараққиётдир. У яҳудийларни мисол келтириб, фикрлаганлар муродга етишларини айтди:

- Биз, мусулмонлар, фикрловчи инсонларга қарши чиқамиз. Ваҳоланки, яҳудийлар 2 минг йиллик қувғинлару-қирғинлардан қонга қон билан жавоб бериш эмас, балки тафаккурини ишлатиш орқали омон чиқди.

Маҳатҳирга танқидий ёндашадиганлар Малайзияда ҳам, дунёнинг бошқа бурчакларида ҳам истаганча топилади. Масалан, Парижда жойлашган Саймон Визентал номли Европа Маркази директори Шимон Сэмюэлс Маҳатҳирни авторитар ҳукмдор, деб ҳисоблайди:

- У ўз мамлакатининг тоталитар диктаторидир. У бунга бўлган эътиборни камайтириш мақсадида антисемитизмдан ҳудди Гитлер, Сталин, Кадаффи ёки Яқин Шарқнинг бошқа диктатори каби фойдаланади.

Маҳатҳир Муҳаммад истеъфога чиқар экан, унинг давомчиси Абдулла Аҳмад Бадавий турли дин ва миллатлар ватани бўлган Малайзияда тинчликни сақлаб қолиш, минтақада бош кўтараётган исломий фундаментализмнинг кескинлашишига йўл қўймаслик, иқтисодий тараққиётни таъминлаш каби масалаларни ҳал этишга мажбур.
XS
SM
MD
LG