Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:19

АҚШда Ироқ муҳокамалари


Фарангис Саид АҚШ Конгрессининг Намояндалар Палатаси Ироқ ва Афғонистонга 87,5 миллиард доллар ажратиш қарорини кўпчилик овоз билан тасдиқлади. Бу маблағдан 65 миллиард доллари АҚШнинг бу икки мамлакатдаги ҳарбий операцияларига ажратилмоқда. Қолган 18,5 миллиард доллар эса Ироқни қайта тиклаш учун сарфланади.

Мазкур қарорнинг Конгресс томонидан тасдиқланишини Президент Жорж Буш анчадан буён кутаётган эди. Ироқдаги вазият тобора ёмонлашар, Афғонистонда ҳам беқарорлик давом этар экан, Буш танқидчилари унинг сиёсати нотўғри эканини таъкидлаб, қўшимча ёрдам ажратилишига қарши чиқдилар. Аммо бошдан Президент режасига қарши чиққан конгрессменлар ҳам, унинг тарафдорлари ҳам жума эрталабга келиб резолюцияни тасдиқлаш ва Ироқдаги АҚШ ҳарбийлари ҳаётларини ҳимоя қилишга ҳисса қўшишни тўғри деб ҳисоблашларини билдирдилар.

АҚШ Намояндалар Палатасини мазкур қарорни қабул қилишга кўп жиҳатдан Қизил Хоч Халқаро Қўмитаси ўзининг Бағдоддаги қароргоҳига ҳужум қилинганидан сўнг Ироқдаги ходимлари сонини қисқартиришга, БМТ эса Ироқдаги барча хорижлик ходимларини чақириб олишга қарор қилгани ундаган.

Ироқдаги АҚШ ҳарбийлари ва тинч аҳолига қарши ҳужумлар тобора кўпаяр экан, АҚШ Президентининг хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Кондолизза Райс илгари Саддам Ҳусайнни ҳокимиятдан ағдариш йўллари борасида келиша олмаган жаҳон мамлакатлари эндиликда Ироқни қайта тиклашда ҳамкорлик қилишлари лозимлигини таъкидлади:

- Жаҳон олдида Ироқ халқига Яқин Шарқнинг қоқ ўртасида адолатли ва замонавий демократик давлат қуришда ёрдам бериш масъулияти ва имконияти турибди. Биз ўз масъулиятимизни бажариш ва берилаётган имкондан фойдаланиш ниятидамиз.

БМТ ва Қизил Хоч Халқаро Қўмитаси қарорлари ортидаги сабабларни яхши тушунишини айтган Кондолизза Райс айни вақтда Германия ва Францияни Ироқни қайта тиклаш ишларига ҳисса қўшмаётгани учун кескин танқид қилди. “Улар ажрата оладиган ёрдам АҚШга эмас, ироқликларга берилади”, дер экан Райс, Вашингтон Ироқни фақат зарур муддат давомида бошқариш ниятида экани, сўнг ҳокимият ироқликларга топширилишини таъкидлади.

Айни пайтда АҚШ Мудофаа Вазири Доналд Рамсфелд ироқликлардан таркиб топган хавфсизлик кучлари сони кўпайтирилиши ва улар фаолияти жадаллаштирилишини эълон қилди. Пентагон раҳбарига кўра, тез орада Ироқ хавфсизлик кучлари сони 130 минглик АҚШ аскарлари сонидан ошиб кетади. Бу эса, Рамсфелдга кўра, хавфсизликни таъминлашга ёрдам беради.

Вашингтоннинг бундай баёнотлари айрим америкалик кузатувчилар танқидига учрамоқда. Истеъфодаги полковник Кеннет Аллард ўз вақтида Бушнинг Ироқ урушини қўллаб-қувватлаган, ҳозирда у Вашингтондаги Жоржтаун университетида дарс беради. Озодлик радиосига Аллард АҚШ қўшинлари муаммолари ҳақида шундай гапиради:

- АҚШ армияси ўз ҳисоботларига асосланиб, бир жиддий муаммо борлигини аниқлади. Биласизми, бу қандай муаммо? Ўзининг Ироқдаги разведка хизматидаги муаммолар. Бу ниҳоятда муҳим масала, чунки урушда айнан кучли разведка ёрдамида ғалаба қозонилади. Ироқда тугаган кенг кўламли урушдан кўра ҳозирги партизанлар урушида разведканинг аҳамияти қаттароқ.

Мутахассис, шунингдек, Ироқдаги АҚШ қўшинлари фаолияти натижасида нафақат уларнинг ўзи ва гуманитар ташкилотларга ҳужумлар кўпайгани, балки хавфсизлик таъминланмагани боис, оддий одамлар уйларидан чиқишга қўрқиб қолганларини айтади. “Ироқликларнинг АҚШ ҳарбийлари ва маъмурларига муносабати кундан кунга ёмонлашмоқда”, - дейди Кеннет Аллард.
XS
SM
MD
LG